Оила – саодатбахш боғ

эркаклар бу гўшанинг чин боғбонларидир

Никоҳ нафақат оила риштасини боғловчи восита, балки давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилувчи тузилма ҳамдир. Чунки оилалар мустаҳкамлиги жамият тараққиётига хизмат қилади.

Оила мустаҳкам бўлишида, айниқса, эркаклар зиммасига улкан масъулият юкланади. Чунки унинг гарданида оила шаънига доғ туширмаслик, йигитлик, оталик бурчи, масъулиятини тўла англаш, ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар, муаммоларга беписандлик билан қарамаслик, ахлоқда енгилтакликка мойил бўлмаслик, рўзғор юмушларида аёлни яккалаб қўймаслик каби вазифалар туради. Булар эркакдан жуда катта куч, хоҳиш-ирода, меҳнат ва керак бўлса, жасоратни талаб этади.

Ўзбек эркагининг белида белбоғи, дилида ори бор. Аёлининг хурсандчилиги, болалари, набираларининг “дадажон”, “бобожон” дея эркаланиши дунё шодлигини бағишлайди унга.

Аммо онда-сонда бўлса ҳам эркаклик шаънига доғ тушаётган ҳолатларга дуч келиб, юракларимиз зирқирайди. Оилада ўз масъулиятини унутиб қўйганлари ҳам бор ҳақиқат. Баъзи кучли жинс вакиллари бола боқишни ор санамайдилар-у, мактабда ўтказилаётган ота-оналар мажлисига боришга гўёки номус қиладилар. Айрим эркаклар чўнтакларига пул кирдими, ўзларини йўқотадилар, “аканг қарағай” деб бугун ичкиликка, эртага гиёҳвандликка берилади ва бошқа йўлларга киради.

Абу Ҳомид Fаззолийнинг “Мукошафат-ул қулуб” асарида эрнинг хотиндаги ҳақлари ҳақида фикр юритилиб, хотиннинг одоб қоидаларига амал қилиб, оила сирларини сақлаши, ор-номуси ва шаънини пок тутиши, нозарур нарсани талаб қилмаслиги, эрнинг ҳаром топиш-тутишига сабаб бўлмаслиги алоҳида таъкидланади.

Энди айни замон аёлларининг эрлари олдидаги ана шу ҳолатларга муносабатини бир кўз олдингизга келтиринг-а? Уларнинг айримлари ўзбекона кийинишни дидсизликка, замондан орқада қолишга йўйишади. Энг ёмони, эркаклар ҳам бу “маданият”га бепарво қарай бошлаган.

Мухтасар айтганда, оила – саодатбахш маскан, жамиятнинг дуру гавҳари. Тарихан қадрланган, мустақиллик боис янада эъзоз топган ўзбек оиласининг бахт-саодати, иноқлик ва меҳрибонликда умр кечириши ҳар қандай таҳсинга, ҳавасга лойиқ. Буни оила қуриш остонасида турган ёш ўғил-қизларимиз чуқур англаб етмоғи даркор.

Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Яна ўқинг:  Яхна ичимликлар: унинг сифатига ким жавоб беради?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: