МТМ тарбиячиси ёш авлоднинг келажаги учун масъулдир

Инсон ўз табиатига кўра комилликка интилиб, ўзи учун маълум бўлмаган билимларни ўрганиб яшайди. Чунки ҳар бир орттирилган билим уни камолоти учун хизмат қилади. Ҳар бир боланинг ички дунёси, унга ато этилган фазилат ва хислатларни охиригача англаш, тушунишнинг ўзи ўта мураккаб бир масала. Бундай вазиятда тарбиячи унинг кўнглига йўл топа билишга ва унга кўмак беришга ёрдамга келади. Мактабгача таълим муассасасидаги ҳар бир тарбияланувчи “ўзига хос дунё” ҳисобланади. Бу маскандаги тарбиячи эса ушбу “ўзига хос дунё”ни камолотга еришиши учун хизмат қилишдан иборат.

Тарбиячи, айни пайтда, тарбиячи сифатида таълим ва тарбия соҳасига технологик ёндашувни, яъни замонавий педагогик технологиянинг ўзига хос принциплари, метод ва усулларини пухта эгаллаши, педагогик амалиётга татбиқ этиши ҳамда унинг такомиллашувига ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Бугун Халқ таълими вазирлиги томонидан Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика Марказида мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ўртасида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2017” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад мактабгача таълим муассасаларидан илғор, ижодкор, ташабусскор тарбиячиларни аниқлаш, уларнинг ижодий фаоллигини ошириш, ёш авлодни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, таълим-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган тарбиячиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.

Жорий йилдан илк маротаба танловда ғолибликни қўлга киритган ўрта махсус маълумотли тарбиячиларга тегишли олий таълим муассасаларига тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш йўлланмаси берилди.

Кўрик-танлов 4 босқичда ўтказилиб, Қоракалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бўйича ғолиб бўлган 14 нафар мактабгача таълим муассасаларининг тарбиячилари Республика босқичида иштирок этишди.

Танловда иштирок этган тарбиячиларнинг билим ва истеъдоди 3 та шарт бўйича синовдан ўтказилди. Тест синови, ўз мутахассисликларига оид савол-жавоб ва очиқ машғулот олиб бориш каби шартлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

tarbiyachi33

Якуний натижаларга кўра Навоий вилояти Кармана тумани 6-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Нодира Очилова “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2017” кўрик-танлови ғолибига айланди. Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани 3-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Генжегул Торемуратова 2-ўринга, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 1-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Мафтуна Бобоева 3-ўринга лойиқ деб топилди.

Яна ўқинг:  Қорақалпоғистонлик 3-синф ўқувчиси мультфильм яратди

Танлов ғолиб ва иштирокчилари Халқ таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари ҳамда Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тарбия – маънавиятли ва комил инсоннинг асосий белгиси ҳамда барча фазилатларнинг асосий мезони ҳисобланади. Ёшларимизнинг кучли билим эгаллашлари билан бирга юксак тарбия олишлари бугунги кунда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг туб заминидир. XXI аср техника тараққиёти жараёнида барча замонларда юксак аҳамият касб этгани каби шахс маънавиятини юксалтириш, ахлоқ-одоб масаласи ҳозирги кунда мактабгача таълим муассасалари ходимларининг ўрни беқиёс аҳамиятга эга.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: