Бахтли яшаш калити
Фуқароларнинг эркин касб танлаши, меҳнат қилиш ҳуқуқи ва меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, хусусан, мажбурий меҳнатдан ҳимояланиши каби масалалар бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари И. Каримов таъкидлаб ўтганидек: «Барча иқтисодий, демократик, сиёсий ислоҳотларнинг пировард мақсадларининг ўзи, бу – энг аввало инсон учун муносиб турмуш ва фаолият шароитларини яратишдир».
Меҳнат қонунчилигида фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи, эркин касб танлаш ҳуқуқи, шунингдек, мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш ҳуқуқи турли хил талқин қилинади. Дастлаб фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқига таъриф беришимиз лозим.
Ўзбекистон Юридик Энциклопедиясида фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқига қуйидагича таъриф берилган: «Меҳнат қилиш ҳуқуқи фуқароларнинг асосий ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Меҳнат қилиш ҳуқуқи кенг маънода инсоннинг ўзи истаган соҳада эркин меҳнат қила олиш имконини англатади ва бунда меҳнат эркин-ижодий фаолият, тадбиркор меҳнати, ўзга иш берувчига ёлланишига асосланувчи меҳнат бўлиши мумкин. Меҳнатга ҳар қандай шаклда ва усулда мажбурлаш инсон табиатига хилоф бўлиб, халқаро ҳужжатларда мажбурий меҳнат қатъиян тақиқланган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юқорида қайд этилган халқаро талаб ва андозаларга тўла мос равишда фуқароларнинг меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқларини эътироф қилади ва уларнинг амалга оширилишига қаратилган барча ҳуқуқий кафолатларни белгилайди».
Бу ҳуқуқ инсон ҳуқуқларига оида халқаро стандартлар: БМТнинг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, иқтисодий, ижтимоий, ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакт, «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакт, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва бошқа минтақавий, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда меҳнат қилиш инсоннинг муҳим табиий ҳуқуқи сифатида назарда тутилган. Мазкур стандартларда ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда фуқароларнинг эркин касб танлаши ва меҳнатга мажбурлашнинг таъқиқланиши табиий ҳуқуқи сифатида эътироф этилган. Бизнинг фикримизча, эркин касб танлаш ва мажбурий меҳнатнинг таъқиқланиши фуқаронинг нафақат табиий ҳуқуқи, балки меҳнат қилиш ҳуқуқининг энг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси томонидан 1991 йил 30 сентябрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ратификация қилиниши, шунингдек, миллий қонунчиликда халқаро ҳуқуқ нормалари устунлигининг эътироф этилиши шунга монанд равишда инсон ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларни янада мустаҳкамлаш билан бирга янги қонун ҳужжатларини қабул қилишни кун тартибига қўйди. Бунинг натижаси ўлароқ 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниб, шу билан миллий ҳуқуқ тизимининг асосий негизи шакллантирилди.
Конституциямиз халқаро ҳуқуқ нормалари мазмун-моҳиятига мос равишда ишлаб чиқилган бўлиб, унда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари тўлиқ равишда ўз аксини топди.
«Меҳнат қилмайдиган одам ҳеч қачон том маънодаги бахтни тушуниб етмайди. Бекорчининг юз ифодасида ҳамиша норозилик ҳисси билиниб туради» – деган эди Генрих Гейне. Дарҳақиқат, меҳнат қилиш инсонни улуғворликка етказиб, буюк мақсадлар сари чорлайди. Меҳнат қилиш туфайли инсон барча орзу-истаклари, белгилаб қўйган мақсад ва режаларига эришади. Инсон ўз меҳнати туфайли жамиятда маълум бир маънода ўрин эгаллайди ва юксак чўққиларни забт этишга замин яратади. Ҳалол меҳнат қилиш эса бахтли яшашнинг калитидир.
Азиза ИСМОИЛОВА,
ТДЮИ 2-босқич магистранти