Болалар қувонса, борлиқ яшнайди

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оилалар, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялаш, тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, мактабгача тарбия масканлари ишини замон руҳига мос ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан кенг қамровли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар ўғил-қизлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳини қарор топтириши, шубҳасиз.

Ҳар йили ёзнинг илк кунларида республикамиз бўйлаб келажагимиз эгалари учун турли концерт дастурлари, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ўтказилади. Улар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ меҳр-мурувватдан, эътибордан баҳраманд бўлади.

Куни кеча ана шундай тадбирлардан бири 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб пойтахтимиздаги “Тошкент-Ленд” истироҳат боғида бўлиб ўтди. Махсус ҳафталик доирасида ўтказилган тадбир “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Кўнгилочар акция орқали пойтахтимиз, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатларининг тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари қамраб олинди.

Халқимиз нафақат ўз фарзанди, балки ҳар бир мурғак қалб иқболи учун қайғуради. Кексаларимиз ҳар сафар дуога қўл очаркан, Яратгандан эртамизнинг таянчи – ёш авлоднинг бахту саодатини сўрайди. Фарзанд камолини кўришни ҳаётининг мазмуни, деб билади. Зеро, “Боланинг бегонаси бўлмайди”, “Бол ширин, болдан бола ширин”, “Фарзандинг – давлатинг”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби ҳикматли сўз ва мақоллар неча асрлардан буён тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб, яшаб келаётгани бежиз эмас.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунининг моҳияти унинг байроғида ўз ифодасини топган. Байроқда яшил фонда ер шари, бешта турли рангдаги болакай ва уларнинг оёқчалари ҳосил этган юлдузча тасвирланган. Бунда яшил ранг – тириклик, тараққиёт тимсоли. Ер шари барчамизнинг умумий уйимиз эканини англатади. Унинг кўк рангдалиги тинчлик ифодасидир. Турли рангдаги болакайлар беш қитъадаги барча ирққа мансуб миллат ва элатларнинг тенглиги рамзи бўлса, уларнинг оёқчалари ҳосил этган юлдузча болалар бахт-саодати учун бирлашишга даъватдир.

– Болалар ниҳоллар каби парваришга муносиб бўй чўзади. Вақтида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилса, улар жамиятнинг ишончи ва таянчига айланади. Ўзбекистон ана шундай мустаҳкам таянчга эга мамлакат. Бундай юртнинг болалари ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмай, шодон ва соғлом улғаяди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси ўринбосари Нозимжон Эргашев.

Яна ўқинг:  Қуритилган хурмо – калий манбаи

Бугун янгича фикрлайдиган, ўз келажагини мамлакатимизнинг келажаги билан боғлиқ ҳолда кўрадиган янги авлод вакиллари ҳаётга дадил кириб келмоқда. Бир неча хорижий тилни ўрганган, замонавий техника ва технологияларни пухта ўзлаштирган, мустақил фикрлайдиган, бир сўз билан айтганда, эл-юрт хизматига шай, юраги ёниб, кўзлари чақнаб турган навқирон ўғил-қизларни кўриб, қалбингизда ишонч, ғурур-ифтихор туйғулари жўш уради.

– Ҳар йили болаларимиз бу сўлим масканга келиб, мароқли ҳордиқ чиқаришади. Уларнинг юз-кўзидаги қувончни кўриб, ҳам она, ҳам педагог сифатида хурсанд бўламан, – дейди Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” директори Покиза Аҳмаджонова. – Юртимиздаги барча болалар каби бизнинг тарбия муассасамиздаги болалар учун ҳам ҳамма шароит яратилган. Илоҳим, диёримиздаги тинчлик ва осойишталикка кўз тегмасин.

Акция доирасида боғдаги барча аттракционлар болаларга бепул хизмат кўрсатди. Кичкинтойларга ташкилотчилар томонидан совғалар улашилди.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: