Китоб байрами – байрамларнинг аълоси

Кишининг қаҳрамон бўлишига бир сония кифоя, лекин унинг комил шахс бўлиб шаклланиши учун бутун бир умр талаб этилади. Умрнинг зое кетмаслиги, инсоннинг ­фикр­­ доирасини кенгайишида китобнинг ўрнини ҳеч қандай восита билан таққослаб бўлмайди.

Зеро, мутолаа қилишдан тўхтаган инсон фикрлашдан ҳам тўхтайди.

Пойтахтимиздаги ­Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган Республика “Китоб байрами”нинг ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳам фарзандларимиз ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш, уларнинг маънавий эҳтиёжини қондиришдан иборат. “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида бешинчи бор ўтказилган мазкур байрамда пойтахтимиздаги юзга яқин нашриёт, матбаа корхонаси ва китоб савдоси ташкилотлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди. Тадбир аввалида Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо каби эл суйган ижодкорлар сўзга чиқиб, ёшларни маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда китобларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Тадбир доирасида нашриётлар турли викторина ўйинлари, шеърхонлик, мушоира баҳслари орқали болаларнинг топқирлиги, зукколигини синовдан ўтказиб, ғолибларга китоблар улашди. Ота-оналар ҳам қизиқарли томошаларга жалб этилиб, “Она-бола, ота-бола китоб ўқийди” мусобақасида иштирок этишди.

– Бугун бу ерга келган ота-оналар фарзандини китоб ўқишга ўргатишда биринчи қадамларини қўйди. Китоб сотиб олингач, мурғак қалбда мутолаага рағбат уйғонади, – дейди болаларнинг севимли ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев. – Бундай хайрли тадбирларнинг фойдасини халқ кўради, мевасини эса жамият тотади.

Айтиш жоизки, китоб ўқиш ҳам, мутолаага ўргатиш ҳам ўзига хос санъат. Болага китоб ўқиш методикасини ўргатмасдан туриб, уни мутолаа санъатига ошно қила олмаймиз. Ўқиган китобини тушунмаган болада унга нисбатан қизиқиш ўз-ўзидан сусаяди. Бунда ота-­онанинг намуна бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

– Китоб ўқишни яхши кўраман. Болалигимдан улар билан ошно тутинганман. Оиламизда мўъжазгина кутубхонамиз бор. Уни бойитиш мақсадида фарзанд­ларим билан ўзбек ва жаҳон классик ёзувчиларининг асарларини йиғиб борамиз. Ҳозирда 7 ёшли ўғлим Умиджон учун кутубхона ташкил қилишга киришганмиз. Шу мақсадда бугун сўнг­ги нашрдан чиққан эртак китоблар, болалар ва катталар учун мўлжалланган асарларни оилавий кутубхонамиз учун харид қилдик. Кўриб турганингиздек, бундан ўғлимнинг қувончи чексиз, – дейди тошкентлик Лола Дўстматова.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 120 дан зиёд нашриёт, 1 минг 760 дан ортиқ матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Ҳар йили 3 минг номдан зиёд, 60 миллион нусхадан ортиқ китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда.

Ноширлик ва матбаа ишларини ривожлантириш, матбаа корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгиланишларга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида китоб маҳсулотларини чоп этиш кўлами ва сифати ошаётгани эътиборга молик.

Яна ўқинг:  KUZ FASLI

Байрамнинг навбатдаги кунлари ҳам “Китобдан яхши дўст бўлмас”, “Китобга меҳр қўйсангиз, у сизни, албатта, муносиб тақдирлайди”, “Китоб – энг яхши совға” мавзуларидаги интеллектуал викториналар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларга бой бўлди.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: