Йилнинг энг яхши фан ўқитувчилари аниқланди
Бугун устоз-мураббийларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар замирида баркамол авлодни эртанги кунга муносиб қилиб тарбиялашдек эзгу ният мужассам.
Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши мактаби”, “Йилнинг энг яхши психологи” каби кўрик-танловлар ўз билим ҳамда тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини ишга солиб, маърифат йўлида хизмат қилаётган педагоглар меҳнатини эътироф этишда муҳим аҳамиятга эга.
Бундай тадбирлар орасида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловининг алоҳида ўрни бор. 2006 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу тадбирда қатнашиш истагидаги устоз ва мураббийлар сони йилдан-йилга ошиб бораётгани диққатга сазовордир.
Жорий йилги кўрикда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар босқичида ўн уч фан йўналиши бўйича 2, 5 минг нафардан зиёд ўқитувчи иштирок этган бўлса, шулардан 182 нафари республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Тўрт кун давомида танлов иштирокчилари ўз фанлари бўйича билим ва маҳоратини синовдан ўтказди. Якуний натижаларга кўра, 13 фан йўналиши бўйича ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланди. Улар “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва вазирликнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Ш. ХЎЖАҚУЛОВ