Қўлда ҳаракатланувчи ақлли соат
Биз ақлли соат деганда кенгайтирилган функцияларга эга (салкам смартфонларга тенглашадиган) қўл соатларини тушунамиз.
Уларнинг илк моделлари вақтни кўрсатишдан ташқари оддийроқ вазифаларни бажара оларди.
Эндиги замонавий ақлли соатлар эса амалда портатип компьютердан қолишмайди: мобиль операцион тизим асосида ишлайди ва чет иловаларни қўллаб-қувватлайди. Улар ёрдамида телефон қўнғироқларини қабул қилиш, хабарга ёки электрон мактубга жавоб бериш мумкин.
Тиниб-тинчимас халқаро муҳандислар янги турдаги ақлли соат прототипини яратди. Ушбу соат фойдаланишда қулай бўлиши учун, қўл бўйлаб ҳаракатлана олади. Қандай дейсизми? “Cito” деб аталувчи ақлли соат, корпусига ўрнатилган электромоторлар ёрдамида ўз экранини ҳаракатлантира олади. Яъни, экран соатнинг тасмасидан чеккага сурилади, бирор бурчагини кўтара олади, ўз ўқи атрофида айланиши ва тасма бўйлаб билак атрофида силжиши мумкин. У экранини 45 даража бурчак остида буриб, ўтказиб юборилган билдиришнома ҳақида хабар бериши мумкин. Қўнғироқ бўлганда эса экрани сурилиб, енг остидан ташқарига чиқади. Шунингдек, у электромоторни бошқа вазифалар, яъни навигатор режимида ҳам қўллаши мумкин.
Г. ЭГАМБЕРДИЕВА