Сийрати таниш муаллима

Девордармиён қўшнимиз Малика бувидан маҳалладаги барча болалар бирдек қўрқардик. Аслида буви бировнинг дилини оғритадиган одам эмасди. Жуда ғайратли аёл эди. Онамнинг айтишларича, саккизта бола вояга етган бу хонадонда кунора тонг саҳарлаб тандирда нон ёпилар экан. Боя айтганимдек бу файзли ҳовлининг бекасига Яратган ғайрат ва шижоатни ботмонлаб берган эди.

Эсимни таниганимдан бери қўшнимизнинг уйида қорамол, қўй-қўзи, ҳатто, товуқдан ўрдакгача боқиларди. Дамбадам кўча дарвоза олдига машиналаб тўкилган ем-хашакларни аянинг ўзи болаларига бош бўлиб бир зумда ҳовлига ташиттириб, кўчани гард юқмагандай тозалаб қўярди. Аянинг бирор бир фарзанди бекор ўтирганини биров кўрган эмас. Болалар айниқса, отасининг юмушларини енгиллатишни яхши кўришарди. Миришкор деҳқон Мўмин амакининг тилни ёрар даражадаги қовун-тарвузлари ҳар доим элникидан бир ҳафта-ўн кун олдин етиларди. Ўғилларининг ерга бўлган меҳридан отанинг кўкси осмон. Қўли бўшади дегунча полизга югурадиган фарзандлар қатор ораларида бирорта ҳам бегона ўт қолдиришмасди. Бундай пайтларда чоки силлиқ бўлган ая ҳам қўни-қўшни-ю қариндош-уруғ хизматидан бўшамасди. Тўй бошлаб қўйганлар кўрпа қавитиш учун онахонни ҳафталаб кутишарди. Ҳали-ҳануз ўйлаб-ўйимга етолмайман – ая шунча юмушларга қандай улгурган экан-а?

Ўша пайтлар биз болалар кўчага чиқишдан олдин эшикни қиялаб, ташқарига бир қараб олардик. Малика ая кўринмаса, кейин чиқардик. Бу ҳам бекорга эмасди. У киши кўчадан ўтган чоғи бекорчи болаларни кўриб қолса, дарров тергашга тушарди:

– Ҳой бола, бу нима туриш? Ота-онангга қайишсанг бўлмайдими? Эшикларинг олдидаги бир уюм тупроқ бир ҳафтадан бери турибди. Замбилғалтакни олиб чиқ, ўзим ташиб бераман, – дерди ростмана жаҳли чиқиб. Бошқа бировига эса:

– Молингга бир чимдим ўт юлиб келсанг бўлмайдими, оилангга ҳарна ёрдам-ку. Бекор ўтирманглар. Доим ҳаракатда бўлган одамга ҳеч қандай касаллик яқин йўламайди, – дерди куйиниб.

Энг қизиғи, биз болалар аянинг гапларини сираям оғир олмасдик. Бу ажойиб аёлнинг фазилатлари ҳақида катталардан кўп эшитганимиз боис бизни ҳар қанча тергашга маънавий ҳаққи борлигини ич-ичимиздан ҳис қилардик.

Бугун эса ёшимиз улғайганда Малика буви каби аёллар нафақат оиласининг, балки элнинг бахти эканлигини теранроқ ҳис қилдик. Меҳнаткаш, бола тарбиясини биринчи ўринга қўядиган инсонларни кўрганимда эса беихтиёр, ўзгача бир илиқлик билан аяни эслайман.

Яна ўқинг:  Қўлда ҳаракатланувчи ақлли соат

Пойтахтимиздаги 300-ИДУМ бошланғич синф ўқитувчиси Тамара Аҳмедова 3-“Ф” ўқувчилари билан тайёрлаган байрам дастурини кузатарканман бутун вужудимни болалик хотиралари чулғаб олгандек бўлди. Устознинг ҳар бир ҳаракатида олам-олам маъно илғаётгандек эдим. Ўша паллада жажжи болаларнинг қадим қадриятларимизга бўлган эҳтироми ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юборарди.

– Бекорчилик барча иллатларнинг онаси, – дейди Тамара опа. – Давлатимиз ёшларни бизга ишониб топшириши, ҳар бир педагог учун катта шараф. Айнан шу ёшда болалар ҳаётлари давомида асқотадиган маълумотларнинг асосий қисмини эгаллаб улгурадилар. Шунинг учун уларни бир дақиқа бўлса-да, бекорчи нарсаларга чалғишларига йўл қўймайман. Ҳар бир ўқувчимнинг юриш-туриши, айтаётган сўзига эътиборли бўламан. Уларнинг ютуқ-камчиликларини ота-оналар билан тез-тез муҳокама қиламиз.

Очиғини айтганда анжуманни кузатар эканман, бу устоз қўлида таълим олиш бахти насиб этган ўқувчиларга ҳавасим келди. Орадан сал ўтмай, Хотира ва қадрлаш куни арафасида тақдир мени яна опага рўпара қилди. Аввал Темурийлар тарихи давлат музейи, сўнг Хотира майдонига шогирдларини олиб боришни режалаштирган устоз билан йўлимиз туташди. Ўша лаҳзаларда Соҳибқирон бобомиз ҳақида фахр билан ҳикоя қилаётган устоз ва уни жон қулоғи билан тинглаётган ўқувчиларни кузатиш ниҳоятда мароқли эди.

Хотира майдонида эса Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан бўлган юзма-юз мулоқот ҳам болалар қалбида бир умрлик ўчмас из қолдирган бўлиши, шубҳасиз.

– Болалар қаҳрамон боболарини кўриши, уларнинг жасорати ҳақида ўз оғизларидан эшитишининг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта. Шунинг учун уларни бу ерга олиб келдим. Биз устозлар мурғак қалбларга эзгулик уруғини қанча эрта қадасак, унинг меваси шунчалик тотли бўлади, – дейди Тамара опа уруш фахрийларининг ҳикоясини тинглаб, кўзларига қалқиган ёшни кафти билан сездирмайгина артаркан.

Нимагадир шу топда Малика бувини яна эсладим. Назаримда улардаги ғайрат, шижоатни устоз Тамара опада ҳам кўраётгандек эдим. Аслида қирқдан зиёд ўқувчини “ҳай-ҳай”лаб, бутун масъулиятни зиммасига олиб, бу ерларга олиб келишнинг ўзи ибрат олса арзийдиган иш. Жажжи “полапон”лар эса бир кун келиб, фидойи устозлар меҳри туфайли камолга етиб, эл хизматига камарбаста бўлишади. Бу эзгулик тамал тошини эса Малика буви-ю Тамара опа сингари фидойи инсонлар қўйишади.

Яна ўқинг:  “Саломатлик поезди”: Оролбўйи аҳолисига 15 миллиард сўмлик мурувват ёрдами етказилди

Юсуф АБДУЛЛАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: