Волейбол

Волейбол – юртимизда энг оммалашган спорт турларидан бири саналади. Кейинги пайтларда ёш ўғил-қизларимиз орасида ушбу спорт турига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Муҳими, волейбол билан шуғулланган инсоннинг саломатлиги мустаҳкам, кайфияти эса аъло бўлади.

Равшан НАСИМОВ, мураббий:

Волейбол – жароҳат олиш эҳтимоли камроқ бўлган спорт турлари қаторига киради. Бу спорт тури ўсмир ёшдаги болаларда чаққонлик, эпчиллик ҳозиржавоблик каби хусусиятларни тарбиялаш билан бирга, уларни аҳилликка ўргатади.

Асосан 9-10 ёшли болаларни тўгаракка қабул қиламиз. Баскетбол спорт турида бўлганидек, волейболда ҳам имкони баланд бўйли болаларга алоҳида эътибор қаратилади. Аммо чайир, тезкор фикр юрита оладиган, жамоавий ҳаракатланиш кўникмаларига эга бўлганлар ҳам ушбу спорт турида муваффақиятга эриша олади. Волейбол билан машқ қилаётган болалар меҳнаткаш, иродали ҳамда қатъиятли бўлиб камолга етадилар. Қолаверса, уларда вазиятнинг ўзгарувчанлигига кўникувчанлик хусусиятлари ошади. Табиатан уятчан, камгап болалар жамоада ўйнаш жараёнида тенгдошлари билан тез тил топишиб кетишади. Барча жамоавий спорт турларида бўлгани каби волейбол билан машқ қилган бола кўпчилик олдида масъулиятни ҳис қилишни ўрганади.

Савринисо Ҳакимова, педиатр:

Барча спорт турлари каби волейболнинг чиниқтирувчи хусусиятлари бисёр. У билан шуғулланиш юрак қон-томир тизимини мустаҳкамлайди, нафас олиш тизимига ижобий таъсир қилади, танада қон айланишини яхшилайди. Бу спорт турида орагнизмдаги барча мушакларга юклама тушиб, таянч-ҳаракат тизими мустаҳкамланади, бўғимлар фаоллиги ошади. Волейбол билан машқ қилиш асносида бўғимларда қон айланиши яхшиланиб, организм фойдали озуқалар билан таъминланади. Натижада боғловчи мушак ва бўғимлар мустаҳкамланади, бақувватлашади. Бу соҳадаги оғриқлар камаяди. Волейбол умуртқа поғонасининг эгилувчанлигини ошириб, остеохондрозни олдини олиш ва унинг бирламчи кўринишларини бартараф этиши билан аҳамиятлидир. Тўп кетидан кузатиш жараёнида кўз мушаклари ҳам фаоллашади, уларнинг кўриш майдони кенгаяди.

Баскетбол, футбол каби жамоавий спорт турларида бўлганидек, волейбол билан таянч-ҳаракат, юрак-қон томир ҳамда меъда-ичак тизимларида касалликлари бўлган бемор машқ қилиши тавсия этилмайди.

Юлдуз ОРТИҚОВА

Яна ўқинг:  Сийрати таниш муаллима

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: