Мен – Ўзбекистон фуқаросиман!

Бу йил 16 ёшга тўлдим ва қонунда кўрсатилган тартибда фуқаролик паспорти олиш учун керакли ҳужжатларни шаҳар Ички ишлар бўлимига топширдим. Ҳеч қандай муаммо ва тўсиқларсиз, қисқа фурсат ичида паспортни қўлимга олдим.

Қизиқувчанлик билан паспортни кўздан кечирар эканман, унинг сифати, дизайни ва қулай эканлигига амин бўлдим. Ҳар томонлама мукаммал бўлган шахсий ҳужжатимнинг сўнгги саҳифасида “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”, деган жумлаларга кўзим тушди. Ўқиб чиқдим-у юрагим алланечук ғурур ва ишонч туйғуларига тўлди. Қаерда бўлмай, мен – она Ватан ҳимоясидаман. Ўз навбатида бу ҳуқуқий ҳужжат менга катта масъулият юклашини ҳам ҳис қилдим. Ахир, давлатимиз ўқиб-ўрганишимиз, касб-кор эгаллашимиз, истеъдодимизни намоён қилишга имкониятлар яратиб, бизга юксак ишонч билан фуқаролик паспортини топширган экан, биз ҳам юртимизнинг гуллаб-яшнаши, ривожланиши, жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини мустаҳкамланиши учун бор билим ва салоҳиятимиз, куч-қувватимизни сарфлашимиз даркор.

Мен – Ўзбекистон фуқаросиман! Бу сўзларни баралла айтиш бахтига мушарраф бўлганимдан бошим осмонда. Дунёда бўлаётган талотўплар, фитна-ю вайронагарчиликлар оқибатида миллионлаб инсонлар ўз Ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Улар қаторида тенгдошларимизнинг борлиги, янада ачинарли. Бу инсонларнинг на паспорти, на ҳимоя қилувчи юрти бор. Улар ўзга юртларда мусибат чекиб, қийинчиликда яшаб келмоқда. Бир бурда нон илинжида бошини ҳар деворга уриб, азоб чекмоқда. Яна қанча ёшлар ўз давлатида ҳам ҳаловат кўрмай яшамоқда. Бир сокин тун қиймати улар учун олтин тоғидан азиз.

Яратганга шукрлар бўлсинки, Президентимизнинг оқилона сиёсати, халқимизнинг меҳнаткашлиги ва эртанги кунга бўлган ишончи туфайли Ўзбекистон ривожланиб бормоқда. Давлатимиз ҳар бир фуқаросини ўзининг мустаҳкам ҳимоясига олишга қодир. Шу туфайли халқимиз тунлари сокин уйқуга кетиб, тонгда шукроналик туйғуси билан уйғонишади. Энг муҳими фуқароларимиз осойишталикда ҳаёт кечирмоқда. Ана шундай улкан шароитлар пойдевори бўлган фуқаролик паспортини кўз қорачиғимиздай асрайлик! Зеро, у давлат мулки ва бизнинг қонуний ҳимоячимиздир.

Отабек БАКИРОВ,

Ангрен шаҳридаги 27-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси

Яна ўқинг:  Қирқ йилдан зиёд меҳнатга муносиб рағбат

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: