Оромгоҳлар мавсумга шайми?

Аксарият ота-оналар ёзги таътил бошланиши билан фарзандларини яхши шароитга эга бўлган ёзги дам олиш масканларига жойлаштириш ҳаракатига тушади. Боиси, таътилда мириқиб дам олган болажонлар янги ўқув йилини юқори кайфиятда, ўзгача иштиёқ ва янги орзу-мақсадлар билан бошлайди.

Хўш, бу йил ёз фаслида болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун оргомгоҳлар мавсумга шайми? Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Ахборот хизмати ходими Шавкат ХЎЖАҚУЛОВГА мавзуга доир бир неча саволлар билан юзландик:

Шавкат ака, юртимизда ўқувчиларнинг ёзги таътилини мароқли ўтказиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳар йили режа ишлаб чиқилади. Ушбу режага мувофиқ, жорий йил стационар оромгоҳларнинг фаолияти бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

2017 йил “Оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва етакчилар билан таъминлаш” ишчи гуруҳи томонидан тегишли вазифалар тасдиқланган. Белгиланган режа асосида жорий йил юртимизда 214 та стационар оромгоҳ фаолият кўрсатиши белгиланган бўлиб, уларда 154 минг 56 нафар бола дам олдирилиши кўзда тутилган. Уларда 3 минг 459 нафар педагог ва ходимлар фаолият кўрсатади. Шунингдек, болалар дам олиш масканларида таълим-тарбия ишларини ташкил этишнинг услубий таъминоти борасида ҳам янгиликлар мавжуд. Унга кўра ушбу мавсум оромгоҳ раҳбарлари, педагог-ходимлар ҳамда тўгарак раҳбарлари учун ҳар бир йўналиш бўйича 5 номдаги услубий қўлланмалар 2 200 нусхада чоп этилди.

Кундузги оромгоҳлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Жорий йил 936 та кундузги оромгоҳ ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, уларда 140 минг 295 нафар бола дам олдирилиши режалаштирилган. Бу каби оромгоҳларда 35 минг 530 нафар педагог ва ходим фаолият кўрсатади.

Уларнинг кундалик фаолияти ҳудудий шароитлардан келиб чиқиб соат 08: 30дан 14: 00гача ёки соат 08: 30дан 17: 00гача ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, ота-оналар фарзандларини кундузги оромгоҳда дам олдиришлари учун мавсум бошланишидан 15 кун олдин болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссиясига ҳужжатларини тақдим этишлари лозим бўлади.

Ушбу комиссияга қандай ҳужжатлар топширилади?

Демак, улар қуйидагилар:

ота-оналар томонидан оромгоҳ раҳбари номига ёзилган ариза;

ота-оналардан бирининг фуқаролик паспорти нусхаси;

боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ёки паспорти нусхаси;

даволаш-профилактика муассасаси томонидан боланинг соғлиғи ҳақида берилган тиббий маълумотнома (079/х-шакл);

тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (квитанция, тўлов топшириқномаси) нусхаси.

“Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш Концепцияси” ҳақида қисқача тушунча берсангиз.

Яна ўқинг:  Қарс икки қўлдан...

“Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш” Концепциясида умумтаълим муассасалари ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида бепул маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу каби тадбирлар жорий йилнинг 15 июнидан 15 августига қадар ҳафтанинг душанба-жума кунлари икки навбатда ўтказилиши кўзда тутилган. Мусобақалар 1-6-синф ўқувчилари учун кундузги соат – 08: 00дан 12: 00гача, 7-9-синф ўқувчилари учун соат – 17: 00дан 20: 00гача ташкил этилади. Шунингдек, вилоят марказлари ва марказга яқин туман (шаҳар)даги умумтаълим мактаблари ўқувчилари сешанба ва жума кунлари белгиланган жадвал асосида музейларга боришлари мумкин. Қолаверса, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари инобатга олинган ҳолда давра суҳбатлари, ўйинлар, викториналар, китобхонлик баҳслари, инглиз тили сабоқлари, мусиқа каби тўгараклар ташкил этилади.

Бу даврда таълим муассасаларидаги тўгараклар, спорт майдонлари, кутубхона ва маънавият хоналарининг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиши таъминланади. Натижада ёзги таътил даврида 3 млн. нафардан ортиқ ўқувчиларни маданий тадбирлар ва спорт мусобақаларига қамраб олиш имконияти яратилади.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: