БОЛА НУТҚИ РАВОН БЎЛСА

Нутқ инсонлар ўртасидаги мулоқотнинг асосий негизи ҳисобланади. Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда нафақат оила, балки таълим ва тарбия масканларининг ҳам роли катта.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган 328-сонли махсус мактабгача таълим муассасаси нутқида нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган. Бугунги кунда ушбу даргоҳда 180 нафар бола тарбияланмоқда. Уларга тарбиячилар билан бирга 12 нафар дефектолог ходимлар “Болажон” дастури асосида малакали хизмат кўрсатмоқдалар. Бу дастурда болаларга жисмоний, ижтимоий-ҳиссий ривожлантириш, нутқ, ўқиш ва саводга тайёрлаш, билиш жараёни, атроф-олам тўғрисидаги билимларга эга бўлиш ва уларни англатиш каби йўналишларда таълим-тарбия бериш кўзда тутилган.

– Боғчада тарбияланаётган болаларимиз нутқ бузилишининг 6 хил ташхиси бўйича тарбияланмоқдалар. Яъни, дудуқланиш, ринолалия, дизартрия, алалия, афазия ва руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолган болалар, – дейди боғча мудираси Мактуба Шарипова. – Болаларнинг жисмоний ва маънавий соғлом бўлишлари учун дефектологлар ҳар бир тарбияланувчи билан алоҳида шуғулланади. Улар болалар билан бирга нафас машқлари, ойна ёрдамида тил, жағ машқлари, оғиз, танглай ва бармоқ уқалаш машқларини бажаришади. Бундан ташқари, болалар бадиий гимнастикаси ашулла ва рақс, шахмат-шашка каби тўгаракларимизга мунтазам қатнашишади. “Ҳумо” ашула ва рақс жамоамиз 2011 йилда шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан болалар бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўртасида ўтказилган “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловида Тошкент шаҳар миқёсида 1-ўринни, республика миқёсида эса 2-ўринни олиб, I ва II даражали диплом билан тақдирланди.

Болаларнинг жисмонан ва ақлан соғлом, нутқи равон, эркин фикрлайдиган, билимли бўлиб вояга етишларида тарбиячи ходимларимиздан Мунира Туёқова, Махфират Жўраева, Фотима Ҳалимова, Мавжуда Юнусова, дефектолог ходимларимиздан Шаҳноза Шукурова, Моҳичеҳра Каримова, Мухлиса Жўраева, Феруза Раҳимова, Фарида Убайдуллаеваларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

– Фарзандим Сулаймонни 3 ёшида шу боғчага олиб келдим, – дейди ёш оналардан бири. – 4-5 тадан ортиқ сўзни билмас, фикрини нутқига чиқара олмасди. Боғчада эса машғулотлар ва машқлар давомида сўз бойлиги кўпая бошлади, тарбиячилари ва дефектологнинг шуғулланиши натижасида нутқига “Т”, “С”, “Ш” товушлари кириб келди. Мана, бир ярим йил бўлаяпти биз ва ўртоқлари билан бемалол гаплаша олади, нима демоқчилигини айта олади. Мен тарбиячи ва мутахассислардан жуда миннатдорман.

Яна ўқинг:  Асли бу сўз танда жон эрур...

Ҳа, ёш авлодни тарбиялашда кишидан кучли билим ва тажриба, сабр, матонат талаб қилинади. Зеро, соғлом фарзанд нафақат оиланинг, балки юртнинг, миллатнинг давомчиси ҳисобланади.

Шаҳноза КАРИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: