Коррупцияга қарши курашиш – фаровон ҳаёт кафолати

2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига имзо чекди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат 6 боб, 34 моддадан иборат бўлиб, қонун коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, унга қарши курашиш принципларини, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини, фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатларини, Коррупцияга қарши курашиш Идоралараро комиссияларининг вазифаларини ҳамда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби ҳуқуқий нормаларни ўзида мужассам этувчи ҳуқуқий мезон ҳисобланади.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқнинг чинакам эркин ва фаровон ҳаёт тамойилларига йўғрилган барқарор ва якдил жамият қуришдек буюк мақсадларини амалга оширишга кўмаклашади.

Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари – қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ҳамда шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби ҳуқуқий нормалардир (4-модда). Ҳужжатда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, бу иллатга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибат, сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш каби ҳуқуқий нормалар ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қилиб белгиланган.

Қонуннинг 2-бобида ушбу фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда ташкилотлар ва уларнинг ваколатлари белгиланган. Ушбу бобнинг 8-моддасида эса Коррупцияга қарши курашиш Идоралараро комиссияларини ташкил этилиши ҳамда уларнинг мақсад ва вазифалари ҳақидаги ҳуқуқий нормалар мавжуд. Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари ҳам белгиланган (7-модда). Қолаверса, қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тадқиқотлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилиши ҳам таъкидлаб ўтилган (30-модда). Эътиборлиси, ундан оммавий ахборот воситаларига оид ҳуқуқий нормалар ҳам жой олган.

Унинг 18-моддаси “Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия” дея номланади. Унда таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат саёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишига оид ҳуқуқий нормалар белгиланган.

Яна ўқинг:  Адоғи йўқ саволларга ЖАВОБ ИЗЛАР БОЛАЖОН

Янги қонун мазмун-моҳияти билан Ўзбекистон Республикасида адолатли, инсонпарвар демократик-ҳуқуқий жамиятни барпо этишда давлатимиз қонунчилигининг яна бир мезони бўлиб, ўзбек халқи ижтимоий-маънавий қадриятини юксалтирувчи, инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган ҳуқуқий ҳужжат вазифасини бажаради. Ушбу янги қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларнинг ифодаси ва барқарор тараққиётимиз, Ватан тинчлигининг яна бир кафолатидир.

 

Равшан САЪДУЛЛАЕВ,

Чилонзор туман Ички ишлар бўлими терговчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: