Иқтидорли ёшлар юрт истиқболи

Фарҳод спорт билан шуғулланарди. Ҳаётини баскетболсиз тасаввур қилолмас эди. Ота-онаси ўғлининг қизиқишларини рағбатлантириб турар, келажакда, албатта, чемпионликни қўлга киритишига ишонарди.

Бироқ, шунинг билан бирга унга йўл-йўриқ кўрсатишни ҳам канда қилмасди. “Ўғил боланинг ҳунари бўлгани яхши. Барибир ўқиш-ўрганиш керак. Ҳаёт учун фақат спортнинг ўзи камлик қилади. Биз ҳақиқий баркамол шахс сифатида улғайишингни истаймиз. Бунинг учун эса кучли билим соҳиби бўлиш, ҳунар ўрганиш зарур…”

Умумтаълим мактабининг 9-синфида таҳсил олаётган Фарҳоднинг синфига кирган ўқитувчи Тошкент Политехника касб-ҳунар коллежида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилаётгани, қизиққанлар бориб, ўқув муассасаси билан танишиш имконига эга бўлиши ҳақида айтиб қолди.

…Ўқувчиларни коллеж директори Комилжон Мусаев ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Умар Алқоров илиқ кутиб олди.

– Бу физика-кимё фани лаборатория хонаси. Кўриб турганингиздек, шинам ва қулай. Энг сўнгги лаборатория жиҳозлари билан таъминланган, – муассаса ҳаёти билан таништиришда давом этарди Комилжон Мусаев. – Коллежимизда бундай тажриба хоналари бир нечта. Уларда физика, кимё фанларидан олган назарий билимларингизни амалда синаб кўрасиз. Мутахассис-ўқитувчилар эса сизга яқин кўмакдош бўлади. Уларнинг ҳар бири чуқур билим ва тажрибага эга…

Фарҳод директорнинг сўзларини тингларкан, муассасада 1 минг 200 нафарга яқин ўқувчи саккиз йўналишда сабоқ олаётгани, уларга 50 нафардан зиёд педагог дарс бераётганидан бохабар бўлди. Беихтиёр, ўзини ҳам муассаса ўқувчисидек ҳис қила бошлади. Бирма-бир ўқув хоналари, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Тенгқурлари каби ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Коллежда замонавий жиҳозлар билан таъминланган чет тили хоналари мавжудлиги, ўқувчилар орасида бир неча хорижий тилларда бемалол суҳбатлаша оладиган ёшлар борлигини кўриб, уларга ҳавас қилди. “Спортчи кўп тил билиши керак”, ўзига-ўзи таъкидлади у. Бирдан хаёлига келган фикрни айтишдан ўзини тиёлмади. Коллеж раҳбариятига савол билан юзланди.

– Коллеж ихтисослигидаги тўгараклар ҳам ташкил этилганми, ҳунар ўрганишимиз учун устахоналар мавжудми?

– Албатта, сиз билим олишингиз, ҳунар ўрганишингиз учун барча шароитлар муҳайё, – дея жавоб беришга ҳозирланди Умар Алқоров. – Спорт, махсус фанлар ва касб-ҳунарга йўналтирилган 40 та тўгарак ташкил этилган. Улар ўқувчилар билан гавжум. Устахоналарда кенг турдаги кийим-кечаклар модели, электр жиҳозлари ва тармоқларини монтаж қилиш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилади. Бундан ташқари ўзингиз қизиққан фан бўйича тўгаракларда иштирок этишингиз, олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёрланишингиз мумкин…

Яна ўқинг:  Фахриддин Ҳайит. Ғалаба

Ҳа, бу воқеага ҳам қарийб уч йил бўлибди. Фарҳод Юсупов ҳозир коллежнинг 3-босқич ўқувчиси. Шу давр мобайнида у билим олиш билан бирга спортни ҳам ташлаб қўймади. Унинг тенгқурлари орасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам борлиги унга руҳ берди. Хусусан, шу коллеж ўқувчилари Дарья Саётова бадиий гимнастика бўйича, Анна Кучукова спортнинг сузиш турида бир неча халқаро танловлар ғолиби ва совриндорлари сафидан жой олган. Виолетта Карпенка эса қўл тўпи баҳсларида терма жамоа сафида муваффақиятли иштирок этмоқда. Дарвоқе, Фарҳод Юсупов ҳам ота-онасининг ишончини оқлади. У Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларида Тошкент шаҳри жамоаси номидан иштирок этиб, баскетбол баҳсларида биринчи ўринни қўлга киритди. Чемпион деган номга сазовор бўлди.

Муассаса ўқувчиларининг ютуқлари фақат бугина эмас. Яқинда Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети томонидан ўтказилган “Ёш ихтирочи – 2016” республика танловида ўқувчилар – Николай Ким ҳамда Виктор Беленко муҳандислик ишланмалари номинациясида иштирок этиб ғолибликни қўлга киритди.

Дарҳақиқат, муваффақиятлар ўз-ўзидан келмайди. Унинг ортида меҳнат, интилиш ва изланиш ётади. Қолаверса, бу ютуқларнинг асосий замирида ҳукуматимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ўз ифодасини топмоқда. 2014–2015 ўқув йилида муассасани 396 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 354 нафари иш билан таъминланди. 35 нафари эса олий ўқув юртлари талабасига айланди. 8 нафар ўқувчи ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

Халқимиз фарзандларининг камолотини кўриш, уларнинг нодир қобилият эгаси сифатида вояга етаётганини ҳис этиш кимни қувонтирмайди, дейсиз. Бу истиқлолимизнинг энг катта ютуқларидан бири, десак муболаға бўлмас.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: