Олимпиададан Олимпиадагача
нуфузли мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллар шодаси келгуси ғалабаларга замин яратмоқда
Маълумки, 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида терма жамоамиз аъзолари 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронза, жами 13 медал, Паралампия ўйинларида эса 8 олтин, 6 кумуш, 17 бронза жами 31 медални қўлга киритишди.
Натижалар таҳлил қилинар экан, совринли ўринлар фақатгина бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт курашлари бўйича қўлга киритилганини кўриш мумкин. Қолаверса, ушбу мусобақадан сўнг бадиий ва спорт гимнастикаси, трамполин, енгил атлетика, таэквондо WTF, байдарка ва каноэда эшкак эшиш каби спорт турларини ривожлантириш йўлида қилинадиган ишларимиз ҳали талайгина эканлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги Фармонига биноан тузилган Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси олдида ана шу ва бошқа бир қатор вазифалар, ечимини кутаётган масалалар турибди. Қўмита раиси Рустам ҚУРБОНОВга бир неча саволлар билан юзландик:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларининг 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Барчамизга маълумки, спорт аҳолини соғлом турмуш тарзига одатлантириш, келажак авлодни жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб вояга етишида муҳим ўрин тутади. Юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар соҳа ривожида ўзига хос ўрин тутмоқда.
Мазкур қарор билан бирга 47 банддан иборат дастур ва 25 банддан иборат комплекс чора-тадбирлар режаси ҳамда қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қўмитанинг буйруғи ҳамда назорат режаси тасдиқланди. Ушбу масалага масъул спорт турлари бўйича федерация ва уюшмалар, йирик компания, вазирлик, идоралар раҳбарлари дастурда белгиланган вазифаларни юқори савияда амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган Республика комиссиясининг селектор йиғилишида тегишли қарорлар қабул қилишди. Ҳозирда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган барча спорт турларини ривожлантириш, спортчи ва мураббийларимизга керакли барча шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Спортчилар ўз тажрибасини ошириш, рейтинг балларини тўплашда нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этишлари талаб этилади. Рио-де-Жанейрода ўтказилган Олимпия ўйинларидан кейин мавсум доирасида терма жамоамиз аъзолари қандай натижаларни қўлга киритишди?
– 2017 йилнинг ўтган биринчи чорагида дунё миқёсида кўплаб нуфузли халқаро турнирлар ўтказилди. Қувонарлиси, ушбу мусобақаларда ўзбек спортчилари ҳам муваффақиятли иштирок этиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишди. Ўтказилган 83 та халқаро мусобақада 526 нафар (шундан 173 нафари қизлар) спортчимиз иштирок этиб, 71 олтин, 58 кумуш, 63 бронза, жами 192 медални қўлга киритишди.
– Жорий йил Ўзбекистон спорт делегацияси қандай нуфузли мусобақаларда қатнашишлари режалаштирилган?
– Қўмитанинг асосий эътибори 8-25 май кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида IV “Ислом бирдамлиги ўйинлари”да 156 нафар, 19-30 май кунлари Хитойнинг Тайпей шаҳрида XXIX ёзги Бутунжаҳон Универсиада ўйинларида 100 га яқин ҳамда 15-24 сентябрь кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида Ёпиқ спорт иншоотларида Жанг санъатлари ва V “Осиё ўйинлари”да 160 нафар делегациямиз аъзоларини иштирок этишини режага киритганмиз.
Қувонарлиси, айни кунларда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган IV “Ислом бирдамлиги ўйинлари”да атлетларимиз муносиб иштирок этишмоқда. Бугунга қадар вакилларимиз спорт гимнастикаси, теннис, дзюдо, бадиий гимнастика, карате, оғир атлетика каби бир нечта спорт турлари бўйича шода-шода медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида етакчи ўринларда бормоқда.
– Қобилиятли спортчиларни эрта аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашда юртимизда уч босқичда ўтказиладиган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда Универсиада спорт ўйинларининг алоҳида ўрни бор. Ҳозирда барча спорт мухлисларининг диққат-эътибори шу ой Жиззах шаҳрида ўтказиладиган “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг финал босқичларига қаратилган…
– Тўғри айтдингиз. Айни пайтда ушбу мусобақага вилоятда катта ҳозирлик кўрилмоқда. Беллашувлар ўтказиладиган барча спорт иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Спорт мусобақалари ўтадиган иншоотлар замонавий спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналари билан таъминланди.
Бугунга қадар баскетбол (Самарқанд шаҳрида), бокс ва гандбол (Нукус шаҳрида), футбол (Қарши шаҳрида) ҳамда волейбол (Наманган шаҳрида) бўйича саралаш босқичлари якунга етди. Республика финал босқичида спортчи ўқувчилар жами 186 комплект медаллар учун кураш олиб борадилар. Мусобақада 901 нафар спортчи, 210 нафар мураббий, 175 нафар ҳакам, 1 минг 655 нафар иштирокчи қатнашишиши кўзда тутилган. Шунингдек, анжуманда спорт федерациялари масъуллари, соғлиқни сақлаш ҳамда ички ишлар ходимлари ва санъаткорлар ҳам қатнашиши режалаштирилган. Ўйламанки, бу галги мусобақа ҳам фарзандларимиз орқасидан янги-янги номларни кашф этади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Юлдуз ОРТИҚОВА
суҳбатлашди