Илмга бахшида умр
Йиллар ўтиши билан замон ўзгаради. Инсонлар ҳам давр билан ҳамнафас бўлиш учун у билан тенгма-тенг қадам ташлашга, олдинга интилишга ҳаракат қилади.
Шундай инсонлар борки, уларнинг авлодларга қолдирган мероси вафотидан кейин ҳам абадий барҳаёт бўлиб қолади. Умрини илмга бахшида этган ажойиб инсон, биология фанлари доктори Иброҳим Казаков қолдирган катта илмий мероснинг ҳам фан ривожида муҳим ўрни бор.
Иброҳим Казаков 1948 йил Туркманистон Республикаси, Тошовуз вилоятида зиёлилар оиласида дунёга келган. У 1969 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг физика факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳни тамомлагач, бўлғуси олим Ўзбекистон Фанлар академияси Биокимё институтида кичик илмий ходим, аспирант, сўнгра Физиология ва биофизика институтида катта илмий ходим, Зоология институтининг Ҳужайра биологияси ва ҳайвонлар токсикологияси лабораторияси мудири, Умумий паразитология лабораториясининг катта илмий ходими лавозимларида фаолият кўрсатди. 2010 йил декабрь ойидан умрининг охиригача Зоология институти директори лавозимида ишлади.
Устоз Иброҳим Казаков ўз илмий фаолияти давомида Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган илонлар (Colubridae оиласи), кулранг эчкиэмар, шунингдек, бўғимоёқлиларнинг баъзи турлари (ўргимчаклар ва каналар)нинг мавсумий ва кунлик фаоллиги, озиқланиш ва кўпайишига кўра тавсифлаб берди.
Colubridae оиласига мансуб илонлар, Varanidae оиласига мансуб кулранг эчкиэмар, шунингдек, бўғимоёқлиларнинг Theridiidae, Еresidae, Lycosidae оилаларига мансуб ўргимчаклар ва Ixodidae, Argasidae оилаларига мансуб каналар заҳарининг иссиқ қонли ҳайвонларнинг кичик бирлиги ҳисобланган ҳужайра ва унинг органоидлари бажарадиган вазифаларига таъсирини ўрганиб, уларни илмий асослаб берди.
И. Казаков илк бор ушбу илонлар ва бўғимоёқлилар заҳарини ҳужайранинг биологик мембраналарига (қобиқ) таъсирини ўрганиш жараёнида заҳар таркибида организимни асаб тизимига таъсир қилувчи нейротоксик компонентлар борлигини аниқлади. Бу изланишлар келгусида индивидуал тоза нейротоксинлар ажратиб олишда асос бўлиб хизмат қилади.
Заҳарли жониворларнинг заққум чиқарувчи аъзоларига қараб уларнинг келиб чиқиши умумийлиги аниқланди. Улардан олинган заҳарларнинг биологик таъсир механизми ўртасидаги ўзаро тарихий боғлиқлик борлиги исботланди. Иброҳим Казаков биология фанига муносиб ҳисса қўшган олим эди. У 200 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар муаллифи ҳамдир. Шунингдек, у қатор шогирдларга устозлик қилган.
Устозимиз Иброҳим Казаков 2011 йил сентябрь ойида дунёдан ўтди. Шунга қарамай забардаст олим ўзидан бой илмий мерос қолдириб кетди. Биз шогирдлар у киши бошлаган эзгу ишларни давом эттириб, Ўзбекистон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз.
Адолат МИРЗАЕВА,
Сожида УМРҚУЛОВА,
ЎзР ФА Ботаника ва зоология институтининг илмий ходимлари