Бухоронинг энг фаол ҳамшираси: бу муваффақиятга у қандай эришди?
12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Бухоро шаҳрида ўтказилган “Ҳамшира – 2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида Муҳаррам Салимованинг ғолиб деб топилиши, Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолият юритувчи барча ходимларни чексиз қувонтирди.
Зеро, ҳамшира қизнинг бу каби муваффақияти марказнинг ёш кадрларга кўрсатаётган юксак эътиборидан нишонадир. Қувончли кунда табрик йўллаган дадаси Тўлқин ака Нуриллаев бобоси ва момосининг изидан борган қизини узоқ дуо қилиб, уларнинг йўлини тилади.
Муҳаррам Салимова шифокорлар авлодидан. Тиббиёт соҳасини танлашида бобоси Салим ота ва бувиси Анбарбону оналарнинг хизматлари катта бўлган. Жажжи юрагида туғилган иштиёқ эса йиллар ўтиб, бўй кўрсатди.
Бухоро тиббиёт коллежини муваффақиятли тамомлаган Муҳаррам илк ишини Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимидан бошлади. Даставвал оғир беморлар билан ишлашдаги касб маҳоратининг камлиги Муҳаррамга бирмунча қийинчилик туғдирди. Кейинчалик унинг тажрибаси ортиб, зиммасидаги барча юмушларни уддалай бошлади.
– Ҳамширалик машаққатли, шу билан бирга шарфали касб саналади, – дейди Муҳаррам Салимова. – Илк иш бошлаган кезларимда устозларим – Зумрад Шарипова, Нозима Нуриддинова, шунингдек, бўлим бошлиғи Усмон ака Олтиевларнинг далдаси менга куч бағишлаган. Уларнинг талабчанлиги туфайли танлаган соҳамнинг етук мутахассиси бўлишга ҳаракат қиляпман.
Устозларнинг йўл-йўриқлари, тегишли кўрсатмалари билан Муҳаррам кўп ўтмай, бевосита жарроҳлик амалиётида иштирок эта бошлади. Оғир ахволдаги беморларга зийраклик билан парвона бўлиб, белгиланган муолажаларни дадиллик билан олиб борди.
Ҳозирда марказнинг реанимация бўлимида олти нафар беморнинг соғлиғи тикланмоқда. Насиб қилса, уларнинг оила даврасига қайтиши ҳам узоққа чўзилмайди. Муҳаррамхон ана шундай эзгу ишларда озми-кўпми хизмати борлигидан беҳад хурсанд.
2014 йилда тиббиёт марказининг қайта таъмирланиши, зарурий тиббий анжомлар билан жиҳозланиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтарди. Беморларга аниқ ташхис қўйиш, зудлик билан даво чораларини қўллаш жараёнлари янада осонлашди.
Муҳаррамхоннинг “Ҳамшира – 2017” кўрик-танловида иштирок этишининг сабаби шу вақтга қадар олган билим ва тажрибаларини синовдан ўтказиш нияти бўлди. Ўйлаймизки, қаҳрамонимиздаги ғайрат ва шижоат танловнинг республика босқичида ҳам ғолиб бўлишига, келажакда ўзи орзу қилгандек малакали шифокор бўлишига замин бўлади.
Маърифат ЭШОНХОНОВА