Урушдан омон қайтган бобом

Қишлоқнинг тафти ўзгача-да. Шаҳар қувватингни шимиб олган кезларда бу ерда қайтадан яшарасан. Ажиб кенгликлар киши руҳига тетиклик бағишлайди.

Шунинг учун дадам билан бобом уйи қўним топган Сармарқанд вилояти, Ургут тумани, Тегирмонбоши қишлоғига тез-тез қадам ранжида қилиб турамиз. Амаки-ю, аммалар, узоқ яқин қариндош-уруғлар ташрифимиздан хабар топган чоғи ота уйига йиғилишади. Қутлуғ хонадон меҳмонлар билан гавжум бўлиб кетар, қизғин суҳбатлар-у, ширин дийдор завқи тонггача давом этади. Шу тобда беихтиёр оиладаги аҳилликка тамал тошини қўйиб, меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкам бўлишига хизмат қилган бобом билан момом ёдимга тушади-ю, болалигим ўтган ўша кезлар кўз ўнгимда бирма-бир гавдаланади. Ота-онам касб тақозоси билан пойтахтда яшаган бўлса-да, мен Ҳақназар бобом, Рухсатой момонинг қўлида тарбия топганман. Шунинг учун улар билан боғлиқ хотиралар бир олам…

Бобом қишлоқнинг кайвониларидан эди. Эл орасида у кишини танимаган билмаган инсон йўқ. 7 ёшдан 70 ёшгача бобомни ҳурмат қилиб, эъзозлашарди. Кимнингдир бошига иш тушса, маслаҳат олгани дарҳол бобомнинг ҳузурига ошиқар, улар ҳеч кимдан ёрдамини сира аямасди. Бундай кезларда ана шундай инсонларнинг набираси бўлганимдан ўзимда йўқ қувониб кетардим.

Ҳақназар бобомнинг кичик жуссали гавдаси ўзига ярашар эди. У киши суронли урушнинг ваҳимали гирдобига тушиб, омон қайтганлардан. Эҳтимол шунинг учундир ёки табиатан шундайми, камгап ва хокисор эди. “Гавдага қараб тўн бичмайди”, деганларидек, меҳнатнинг билагидан маҳкам тутганлардан. Эсимни танибманки, тонгги қуёш ҳали замон нурларини кенглик сари ёймасиданоқ, бобом ҳовли этагида юмушларини тугатиб бўларди. Ғайратли, шашти баланд инсон эди. Куннинг қизиғидаям тин олмай, манглайидан оққан терни оҳиста артиб, “Яратганга шукр”, дерди-да яна меҳнатга унаб кетаверарди. Момом “Тақсир, кун тиғида қолдингиз-ку” дея беозор койиса, “Индама, тугатиб олай. Хотиржамликда меҳнат қилганга не етсин” деб ишида давом этарди. Нонуштага жам бўлганимизда ҳам бобом вазминликни сира тарк этмасди. Тўкин-сочин дастурхон қаршисида жимгина тановул қилар, ҳар сафар бизга мамнуният ила тикилиб қоларди. Баъзан дастурхон устида болаларча қилинган беҳуда исрофгарчиликка йўл қўйсак, бизни койигандек бўлиб атрофга тўкилган ноннинг увоғини ҳам оҳиста териб, еб оларди.

– Сендек пайтларимда бундай ноз-неъматлар қаёқда дейсан, – дерди. – Бир бурда нон топиш учун тонг саҳардан кун ботгунча меҳнат қилардик. Дастурхонимизга бир луқма емиш топган кун биз учун байрам. У пайтлар бир тишлам нон олтиндан ҳам азиз эди. Очлик балоси қанчадан-қанча оилаларнинг, ҳали “ўн гулидан бир гули очилмаган” болаларнинг бошига етмади дейсан, болам.

Яна ўқинг:  Диққат! Танлов!

Бобом ўтмиши ҳақида сўзлаб бераркан унинг нафасидан титроқ оҳанги сезиларди. Ўша машъум кун кўз олдидан бир-бир ўтди чоғи кўзларида ёш қалқиди…

Дадамнинг айтишига қараганда бобомнинг болалик кезлардаги нотинч давр уни ака-ю опасидан, ота-ю онасидан айириб, бошига етимликни солди. Болакай бир тишлам нон топиш илинжида ўзгалар хонадонида меҳнат қилишига тўғри келди. Содда ва меҳнаткаш болани кўрган қишлоқдаги Моможон исмли кампир уни ўз бағрига олиб, вояга етказди. Ҳақназар бобом момосини “зиёли, билимли зукко аёл эди”, дея кўп бора хотирларди. Хат-саводининг мукаммал бўлишида у кишининг хизмати катта бўлганини сўзлаб берган.

1929 йилга келиб қишлоқдаги қурилиш ва ислоҳотларда бобом қизғин жараёнларда фаол бўлган.

Қишлоқда билимли, хатсаводи чиққан кадрлар бармоқ билан саноқли бўлгани боис аҳолининг саводини ошириш долзарб масала бўлган. Шунда бобом бир гуруҳ дўстлари билан мўъжаз мактаб барпо этишди. Пахсадевор билан қад ростлаган кичик бинода бошланғич синф очилди. Болалар таълим ола бошлашди. Бир пайтлар тамал тошини қўйган билим даргоҳида амаким Пирназар Худойназаров меҳнат, жисмоний тарбия, рус тили ва адабиёти фанларидан дарс бериш билан бирга директор ўринбосари, директор вазифаларида узоқ йил ишлаб, нафақага чиққан.

Бобом уруш йилларини хотирларкан у билан ҳамқишлоқларидан 14 нафар йигитлар фронтга жўнаганини, улардан бор-йўғи 3 нафарига оғир аҳволда юртга қайтиш насиб этганини куюниб эслайди.

– Уруш қанчадан қанча одамларнинг ёстиғини қуритмади!? Машъум йиллардан ҳаловат қочганди. Тўйиб нон емадик, иссиқ жой-у сокин уйқу нималигини билмай ўтдик. Тонгларни жангоҳларда, пастқам совуқ зах ерларда оттирардик. Урушнинг сўнгги йилларида Ҳақназар бобом Ленинград остонасида кечган қонли тўқнашувда 23 еридан ўқ еб, оғир ярадор бўлди. Жанг майдонидан ҳушсиз ҳолда топилган бобом госпиталда узоқ даволаниб, бир неча бор жарроҳлик операциясидан сўнг оёққа турди. Кучдан қолган, карахт ҳолда шифохонадан чиқар эканман, шу ерда яшаб қол деган сўзларга ҳам қулоқ осмай қишлоғимга ошиқдим, – дея ўша дамларни хотирларди у. – Зеро, соғайишимга туртки бўлган Ватан соғинчи, она қишлоғимнинг нафаси мени ўзига оҳанрабодек чорларди. Темир йўллар мени киндик қоним томган заминга элитмагунга қадар юрагим ором топмади. Шукрки, бу ерлардан ҳали ризқим узилмаган экан…

Яна ўқинг:  Ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари маоши аҳоли бандлиги даражасига боғлиқ бўлади

Мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилганида бобомнинг қувончи ичига сиғмай кетганди. Хушхабарни қишлоқдошларига севиниб етказгани ҳамон ёдимда. Эҳтимол унинг жон олиб жон беришлари, она юртига қайтиб келмаган сафдошларининг ҳаёти беизн кетмаганидан кўнгли таскин топганди ўша кун.

Бобом умрининг сўнгги йилларига қадар ҳалолликни, Ватанга садоқатни, инсонийликни ҳаётий шиорига айлатира олди. Саккиз нафар фарзандларига ҳеч замон ундай бўл, бундай қил демади. Чунки, бу инсоннинг умр йўли, қилган амалларининг ўзи бир ҳаётий сабоқ бўлиб ортида қолганларга том маънода дастуриламал бўла олди. Демакки, бу кишининг сиймоси авлодлар хотирасида порлоқ хотира бўлиб абадий қалбимизга муҳрланажак.

 

Бобомурод ҲАҚНАЗАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: