Боксчиларимиз осиё чемпионатида муваффақиятли одимламоқда

Боксчиларимиз осиё чемпионатида муваффақиятли одимламоқда

Ўзбекистон спорт соҳасида салоҳияти юқори мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Бокс бўйича Осиё чемпионатига қитъамизнинг қатор давлатлари даъвогарлик қилди. Лекин Осиё бокс конфедерацияси мамлакатимизнинг нуфузли спорт анжуманларини юқори савияда ўтказиш борасидаги бой тажрибаси ҳамда замонавий спорт инфратузилмаси мавжудлигини инобатга олиб, мазкур чемпионатга мезбонликни Ўзбекистонга топширди.

30 апрель куни пойтахтимиздаги муҳташам “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бокс бўйича Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Бокс федерацияси, Осиё бокс конфедерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада қитъамизнинг 30 га яқин давлатидан 200 дан зиёд чарм қўлқоп устаси ўнта вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашмоқда. Чемпионат боксчиларга шу йилнинг 23 август – 4 сентябрь кунлари Германияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланма бериши билан аҳамиятлидир. Қоидага кўра ҳар бир вазн тоифасида кучли олтиликка кирган боксчилар йўлланмани қўлга киритади.

Ушбу тантанали тадбирда мамлакатимизда спортнинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилган турлари, жумладан, боксни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бераётгани алоҳида таъкидланди. Бу спорт тури билан мунтазам шуғулланиш учун юртимизда мустаҳкам моддий-техник база яратилган. Спортчиларимизнинг ўқув-машғулот йиғинларида, турли нуфузли мусобақаларда муносиб қатнашишини таъминлаш, уларга зарур шароитларни яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Осиё чемпионатида она Ватанимиз шарафини Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари – Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, тажрибали боксчиларимиздан Жасурбек Латипов, Элнур Абдураимов, Иқболжон Холдоров, Исроил Мадримов, Санжар Турсунов, Баҳодир Жалолов ҳимоя қилмоқда.

Чемпионатда 52 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган Жасурбек Латипов покистонлик Саид Асифни, вазни 64 килограмм бўлган Иқболжон Холдоров эса ҳиндистонлик Ашишни мағлубиятга учратиб навбатдаги босқичга йўл олди.

56 килограмм вазн тоифасида қатнашаётган ХХХI ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Муроджон Аҳмадалиев туркманистонлик Шодликмурод Муродовни дастлабки раундда техник нокаутга учратди.

60 килограмм вазн тоифасида беллашган терма жамоамиз аъзоси Элнур Абдураимов филиппинлик Жеймс Палистни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди. Мазкур жангдан сўнг рингга 69 килограмм вазн тоифасида тажрибали боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов кўтарилди. У иорданиялик рақиби Зияд Эашашга ҳеч қандай имконият қолдирмай, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

Яна ўқинг:  МИТТИ НАСОС

Мусобақада 81 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби Бектемир Мелиқўзиев эронлик Амин Зяди билан куч синашди ва баҳснинг биринчи раундидаёқ ғалаба қозонди.

 

Т. ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: