Бекзодбекнинг биринчи орзуси ушалди

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг суннат ва никоҳ тўйлари ўтказилаётгани жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Хоразм вилоятида ушбу тадбирлар доирасида 224 нафар боланинг суннат ҳамда 50 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйлари ўтказилади.

Шовот, Боғот ва Ҳазорасп туманларида вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида 85 боланинг суннат тўйлари кўтаринки руҳда ўтказилди.

Ҳазорасп туманидаги “Нур” тўйхонасида бўлиб ўтган суннат тўйида болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, ёшлар иштирок этди.

– Бугун менинг қувончим чексиз, давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли ўғлимнинг суннат тўйи катта тантана билан ўтмоқда, – дейди Ҳазорасп тумани Карвак қишлоғида яшовчи Гулнора Отамуродова. – Тўй харажатларидан ташқари турли сарпо ва совғалар ҳам ҳомийлар томонидан улашилди. Бундай эзгу тадбирлар бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётир. Ўзбекистонимиздаги барча мен каби оналар, тўй болаларнинг кўнгли шодликка тўлмоқда. Улуғ шоиримиз Паҳлавон Маҳмуднинг ёзишича, бир дилни овлашнинг савоби дунёларга тенг. Энди бутун юрт бўйлаб қанча диллар шод бўлаётганини бир тасаввур қилиб кўринг. Бу ишнинг ташаббускору ташкилотчилари, унга бош қўшаётган саховатли инсонлар қанчалар савобнинг тагида қолмоқда. Шундай юртда яшаётганимдан фахрланаман.

Тўй болаларга китоблар жамламаси, турли совғалар, Халқ банки бўлимида улар номига очилган ҳисобрақамларига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган омонат дафтарчалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар шўх-шодон рақсларга уланиб кетди.

– Тўйда дўстларим билан маза қилиб ўйнадик, – дейди тўй бола Бекзодбек Фарҳодов. – Ўзимнинг велосипедим бўлишини орзу қилардим. Энди уни ҳайдашни акамдан ўрганаман. Мен катта бўлганимда учувчи бўлмоқчиман.

Бекзодбекнинг биринчи орзуси давлатимиз ғамхўрлигида амалга ошди. Меҳр-мурувват улуғланган тинч ва фаровон диёрда вояга етаётган Бекзодбек каби ёшлар маррани катта олиб, келажакда албатта юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.

Яна ўқинг:  ТИШЛАР ТОЗАЛИГИДА ГАП КЎП

 

Аҳмаджон ШОКИРОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: