Бадиий гимнастика

Қомати расо, ўзига ишончи юксак ёшларнинг аксарияти болаликда спорт билан шуғулланган бўлишади. Бунда гимнастика спорт турлари, хусусан, бадиий гимнастика билан машқ қилишнинг аҳамияти катта.

Гимнастик машғулотлар болаларнинг умумий саломатлигини тиклашда ижобий натижа беради. Маълум бир ҳаракатларни бажариш танада модда алмашинувини яхшилаб, болаларнинг, жумладан, қизларнинг жисмонан ривожланишига замин ҳозирлайди. Мусиқа ва рақс санъати элементларининг бадиий гимнастикада жам бўлгани, қизларни эстетик тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади.

 

Жамила РАҲМАТОВА, “Шуҳрат” медали соҳиби, мураббий:

Қизларни бадиий гимнастикага 4-5 ёшдан саралаб қабул қиламиз. Уларнинг эгилувчанлигига, бўй-бастининг шу спорт турига мос келишига аҳамият қаратамиз. Асосийси, қизиқиш. Қизларнинг кўзида бу спорт турига бўлган меҳрни илғай олсам, уларнинг етук спортчи бўлиши учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан.

Илк машғулотларда улар қўл-оёқларни тўғри босишни, қаддини тик тутишни ўрганишади. Машғулотлар аста-секин мураккаблашиб боради. Бир-икки йиллик мунтазам машғулотлардан сўнг қизлар предметлар ёрдамида машқ бажаришни ўрганишади. Бадиий гимнастикачиларнинг чиқишларини томоша қилар экансиз, бир ярим-икки дақиқа ичида қизлар маълум бир образ яратишади, ҳиссиётларини намойиш қилишади. Болаликдан бу спортга меҳр қўйганлар тартибли, интизомли, иродали бўлишга одатланишади.

 

Савринисо ҲАКИМОВА,

педиатр:

Мутахассислар қўл-оёқларида қийшайишлар, қадди-қомати ёки умуртқа поғонасида нотекисликлар бўлган қизларга гимнастика машқларини тавсия этишади. Шу билан бирга ич қотиш (қабзият)га мойил бўлганлар, уйқусизлик ва иштаҳаси яхши бўлмаган қизлар ҳам гимнастика сециясидаги машғулотлардан сўнг шифо топганликлари кузатилган. Ҳар қандай спорт турида бўлгани каби ёш гимнастикачилар вақтларини тўғри тақсимлашни, кун тартибига риоя қилишни, тартибли овқатланишни ўрганадилар. Мутахассислар бош мия жароҳатлари ва унинг асоратларини бошидан ўтказганлар, турли юқумли касалликлар билан оғриганлар учун бу спорт тури билан шуғулланишни тавсия этишмайди. Қизлар болаликдан ушбу спорт турига ошно бўлиб, юқори натижаларга эришмасалар ҳам бадиий гимнастика секциясидаги машғулотлар натижасида улар қомати расо бўлиб вояга етади. Текис қадам ташлашлари билан бошқалардан ажралиб турадилар.

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Яна ўқинг:  Мевалар диабет ривожланишига тўсқинлик қилади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: