Фарзандлармиз учун миллий кинофильмлар зарур
Халқимиз ҳаётида, ёшлар ва болалар оламида ҳар кун, ҳар дақиқа ўзгаришлар, янгиланишлар бўлиб турибди. Бу жараёнларни диққат билан кузатиб, ютуқ ва камчиликларга рўй-рост муносабат билдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Айниқса, ёш томошабинларни тарбиялашда, эстетик дидининг шаклланишида, улар қалбида ғурур, ифтихор, ватанпарварлик туйғуларини сингдиришда, қолаверса, миллий қадрият ва анъаналар каби тушунчаларнинг пайдо бўлишида саҳнага олиб чиқилаётган асарларнинг аҳамияти ҳамда ўрни беқиёс эканини унутмаслик лозим. Бу борада, адабиёт намояндалари, драматурглар болалар учун бадиий жиҳатдан пухта, мазмунан теран, бугунги кун ёшларига мос бўлган замонавий мавзулардаги асарлар яратишга эътибор беришлари лозим.
Ҳозирда айнан болаларбоп кинофильмлар етарли бўлмаганлиги учун ҳам бу мавзу долзарблигича қолмоқда. Зеро, ёш авлоднинг технологиялар даврида етук инсон бўлиб камол топишида тарбиявий аҳамиятга эга кинофильмлар жуда зарур.
БАДИИЙ АСАРЛАРДА ЗАМОН ҚАҲРАМОНИ МАСАЛАСИ
Эркин ХУШВАҚТОВ, драматург:
– Кундалик юмушлардан чарчаган пайтларда маданий ҳордиқ олишни истаймиз. Ҳар ким чарчоғини турли юмушлар билан чиқаради. Кимдир китоб ўқийди, яна кимдир мусиқа тинглайди, кимдир эса телевизор қаршисида ўтириб қизиқарли кўрсатувини ёки бадиий фильмларни томоша қилади. Тан олиш керакки, ҳозирда фарзандларимизнинг севимли машғулотларидан бири ҳам мультфильм ёки қизиқарли болаларбоп кинофильмларни томоша қилишдир. Шундай вақтларда улар билан бирга хориж фильмларини кузатар эканман бундай бадиий ижод маҳсуллари ҳар томонлама бола руҳиятига таъсир қилишини, ўзига торта олишини кузатаман. Ўйлаб қоламан, нега энди телеканалларимизда миллий бадиий фильмлар озчиликни ташкил этади. Назаримда, болаларимиз аввало ўзимизнинг миллий менталитетимизга мос бўлган, тарбивий жиҳати юксак, энг асосийси, сифатли фильмларимизни томоша қилиб, улғайиши керак. Нимага деганда, хориж фильмларини кўраётган бола миллий фильмларимиз орасидаги мутаносибликни истаймизми, йўқми фарқлайди, солиштиради. Қарабсизки, ўзига ҳар томонлама торта олган асарни танлайди.
Яна шуни таъкидлаш зарурки, бугунги кунда асарларда замон қаҳрамони етишмайди. Болалар учун хоҳ тарихий, хоҳ замонавий мавзу бўлсин ибрат бўла оладиган қаҳрамон жуда-жуда зарур. Негаки, бугун ўсиб-улғайиб келаётган ёш кимгадир ҳавас қилгиси, ўхшагиси, ўша қаҳрамон қиёфасида ўзини кўргиси келади ва бунга интилади. Ёшларнинг эстетик дидини шакллантиришда, тарбиялашда, қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришда, қолаверса, миллий истиқлол ва миллий ғоя, қадрият ҳамда анъаналар каби тушунчаларнинг пайдо бўлишида, болалар драматургиясининг, адабиётнинг ва саҳнавий асарларнинг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс эканини унутмаслик лозим. Бу борада, адабиёт намояндалари, драматурглар, болалар ёзувчилари ёшларимиз учун, келажак авлод учун бадиий жиҳатдан пухта, мазмунан теран, ҳам замонавий, ҳам тарихий мавзулардаги асарларни яратишга киришишлари муҳимдир.
МАЛАКАЛИ КИНОДРАМАТУРГЛАРНИНГ ЕТИШМАСЛИГИ КАТТА МУАММО
Отабек МУСАЕВ,
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори:
Кейинги пайтларда кинофильм яратишга мос бадиий асарлар танқислиги яққол сезилмоқда. Оқибатда аксарият киноижодкорлар (режиссёр, актёр, операторлар) нинг ўзлари сценарий ёзиб, фильм суратга олишмоқда. Лекин улар яратган асарларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятли чиқаяпти, деб бўлмайди.
Ижодий жараённи тўлиқ ташкил этиш, йиллик фильмлар ишлаб чиқариш ҳажмларини бажариш учун агентлик сценарийлар портфелида 35-40 та асар бўлиши лозим. Аммо адабий сценарийлар етишмаслиги доимий равишда муаммо бўлмоқда. Малакали кинодраматургларнинг камлиги катта муаммо. Махсус билим, тажрибага эга сценаристлар рус тилида қалам тебратиб, миллийликдан йироқ асарлар ёзишаётгани ҳам сир эмас. Ўзбекистон санъат ва маданият институтида кинодраматург мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, айрим ҳолларда кино соҳасига кириб келаётган режиссёр, оператор, актёрлар масаласининг моддий тарафини ўйлаб, хусусий студияларда фаолият олиб боришмоқда. Улар асосан тижорат фильмлари яратишга ихтисослашган бунда студияларда енгил-елпи, саёз фильмлар яратиш билан банд бўлиб қолишмоқда. Оқибатда уларнинг истеъдоди ҳам сўниб бормоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида ёш киноижодкорларнинг агентлик қошидаги “5-студия” ёшлар тажриба-ижодий студиясида “Зумраша” болалар юмористик киножурналига жалб этиш орқали уларнинг тажрибасини орттиришга ҳаракат қилинмоқда. Мана бир неча йилдирки, ушбу ҳажвий киножурнал мунтазам равишда суратга олинмоқда ва телеканаллар орқали намойиш этилмоқда. Ўтган йили мазкур киножурналнинг 10 та тўплами (ҳар бирида 4-5 тадан сюжет мавжуд) суратга олиниб, болажонларга тақдим этилди. Жорий йилда ҳам киножурналнинг 12 та тўпламини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
БОЛАЛАР КИНОСИ УЧУН АЛОҲИДА КИНОСТУДИЯ ЗАРУР
Сарвар КАРИМОВ,
режиссёр:
– Агар ўзбек киноси тарихига назар ташласак, болалар мавзусидаги кинофильмлар саноқлигина. Айнан ҳозирги кундан келиб чиқсак, бунинг сабаби болалар киноси учун алоҳида бир студиянинг йўқлигидир. Биргина мисол, хорижни олайлик, машҳур дисней каби студиялар айнан болалар мавзусидаги фильмларни суратга олиш учун хизмат қилади. Шу боис ҳам улар яратган асарлар ҳар томонлама юксак савияга эга.
Агар юртимизда ҳам фақат болалар киносини ишлаб чиқарадиган алоҳида киностудия фаолият олиб борса ва моддий таъминот ҳам алоҳида шунга қаратилса, ўйлайманки, бу мавзуда самарали ижод қилинади. Тўғри, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги доирасида бу мавзуга доим алоҳида эътибор қаратилади. Бироқ бу билан ҳам ижобий натижага эришилмаяпти. Яна бир сабаб эса болалар ижодкорларининг етишмаслигида деб биламан. Бу биргина болалар мавзусига доир эмас, бизда умуман кинодраматургларга эҳтиёж катта. Чунки, санъатга ихтисослашган олийгоҳларимизда айнан кинодраматурглар етиштириб чиқарадиган факультетнинг ўзи мавжуд эмас. Агар шунлдай бўлса, бу муаммо ўз ечимини топган бўлар эди.
Дарҳақиқат, юқорида айтиб ўтилган фикрлар мазмуни болалар киносида юз бераётган муаммонинг туб моҳиятига бориб тақалади. Чунки, бугунги кунда технологиялар асрида улғаяётган болаларимизга ҳар томонлама тарбиявий кинофильмлар жуда зарур. Чунки, бугунги кун боласига биргина ота-онанинг бераётган тарбияси камлик қилади. Уларга атрофдаги жамики воқеа-ҳодисаларнинг, инсонларнинг ҳам таъсири катта. Шундай экан, фарзандларимизнинг етук инсон бўлиб вояга етишларида аввало, эътиборнинг, яхши муносабатнинг ўрни катта. Жумладан, бунда савияли бадиий фильмларнинг намойиши ҳам болаларимиз ҳаётида катта ўринга эга эканлигини унутмаслигимиз керак.
Майна Ҳасанова, ёзиб олди