Қўҳна кандакорликнинг янги ҳаёти

Афсонавий Бухоро шаҳрининг бир-бирига туташган кўчаларини сайр этаркансиз, бу йўлларнинг ҳар бир қарич ери мўъжизавий гўшанинг қадимий, турфа урф-одатларидан сўз очади. Ана шунда беихтиёр, ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандак ҳис этасиз.

Нодир Девон мадрасасининг бурчакдаги хужрасидан “тук-тук-тук”, деган овоз эшитилмоқда. Хонага кириш қисмининг бир бурчида офтоба, чойдиш, нафис пиёла ва лаганлар дид билан териб қўйилган. Санъат даражасидаги бежирим маҳсулотларни кузатиб, устахонада кандакорлар ишлаётганини англаш қийин эмас. Ичкарига кирсангиз, моҳир уста Тоҳир Қосимов Жамшид, Жамол, Жалол, Ғуломмирзо ва Жасур исмли 5 нафар ўғли билан мисдан ясалган катта лаган-у, офтобаларга зеб бераётганлигини кўрасиз.

Кандакорлик қадимий ҳунарлардан бири бўлиб, айниқса, Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Хива, Қарши, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарлари ҳунармандлари томонидан яратилган маҳсулотларнинг сифати алоҳида ажралиб туради. Маълумотларда келтирилишича, қадимий буюмларда афсонавий қаҳрамонлар тасвири, ҳандасий нақшлар (безак даражасидаги араб ёзувлари), кейинчалик эса безакли нақш (кандакори – чуқур ўймалаш, чизма – саёз ўйилган)лар муҳим шакллар бўлиб келган. Кандакорликда ўсимликсимон, яъни ислимий услуб асосий нақш бўлиб, унинг саноқсиз турлари кенг тарқалган. Шунингдек, хандасавий нақш (ғишт, меҳроб, занжир каби)лар, яъни гирих услуби ҳам кўп ишлатилади.

Тоҳир ака ўзи яратган кандакорлик буюмларида кўпинча анъанавий ўсимликсимон (ислимий) услубга мурожаат қилади. У нақш ёки тасвирни пўлат қалам ёрдамида ўйиб, сўнг уларни махсус буёқ билан бўяйди, пардозлайди. Кейин эса ясалаётган буюмга чекма, уйма, катак, параллел кесма чизиқлар билан жило беради.

Уста бу ҳунарга 10 ёшлигидаёқ қаттиқ меҳр қўйган. У ҳалол меҳнати ортидан рўзғор тебратиб, фарзандларини уйли-жойли қилди. Ўғилларига ҳам ўз ҳунарини ўргатди. Ҳозирда устанинг номи ва у киши яратган маҳсулотлар эл-юрт орасида маълум ва машҳурдир. Шу боис, кўплаб ёшлар унинг ортидан эргашиб, кандакорлик ҳунарини пухта ўрганишмоқда.

– Тарбиянинг муҳим мезони фарзандларни доимо назорат қилиш ва уларни бирор бир касбга йўналтира олишдадир, – дейди Тоҳир ака. – Ўғилларимнинг бари ёшлигидан кандакорликка меҳр қўйишди. Бугун фарзандларим ясаётган бежирим буюмларни кўриб, тарбиям бежиз кетмаганидан севинаман.

Қилинган меҳнатлар ўз самарасини бериб, устанинг ўғиллари кўплаб танловлар-у, кўрикларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Ҳатто ўғиллари томонидан яратилган маҳсулотларга “ЮНЕСКО” ташкилотининг олий мукофоти – “Сифат белгиси” берилган. Оиланинг энг кенжа вакили Жасур Қосимов ҳам 2013 йилдан мустақил табдиркор сифатида иш бошлади. У 2015 йилда бўлиб ўтган “Юрт келажаги”, “Юксак маънавиятли авлод” кўрик танловларининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритди.  Ёш ҳунарманд ўзи яратган маҳсулотлари билан жорий йил Корея Республикаси ва Францияда бўлиб ўтадиган халқаро фестивалда иштирок этишни режалаштирган. Ёш ҳунарманднинг келажакдаги мақсади акалари билан кандакорлик йўналишида ўзига хос мактаб яратишдир. Бунда эса дадаси Тоҳир ака Қосимовнинг кўрсатма ва йўл-йўриқлари муҳим дастуриламал бўлади.

Яна ўқинг:  Атлетларимиз ўсмирлар олимпиадасида қатнашади

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: