Папая энди ўзимизнинг боғда

 Меҳнат, интилувчанлик иштиёқи қон-қонига сингган инсон бўш қолишни ўзига эп кўрмайди. Қаерда бўлмасин, доим бирор бир фойдали ишга қўл урсам, вақтимдан унумли фойдалансам, дейди.

Қашқадарёлик Улуғбек Қаршиев ҳам нафақага чиқди-ю, жамғариб борган маблағи ҳисобидан ҳовлисида мўъжазгина иссиқхона ташкил этишга киришди. У иссиқхонани қишлоқ шароитига мослаб қуриш лозимлигини яхши биларди. Зеро, совуқ қиш мавсумида иссиқликни бир меъёрда тутиб туриш мушкул иш саналади. Бундай  шароитда унга траншея усулида ташкил этилган иссиқхона яхши қўл келди. Унинг афзаллик томони шундаки, қиш шароитида парвариш қилинаётган ниҳоллар ҳеч қандай иссиқлик тизимисиз ер бағридан чиққан ҳароратда ҳам яхши униб ўса олади. Иссиқлик энергиясига ҳам ортиқча ҳаражат сарф этилмайди.

Даставвал қаҳрамонимиз ўз иссиқхонасига лимон, мандарин, апельсин каби цитрус меваларнинг турли навларидан экди. Шунингдек, мутахассислардан уларнинг хусусияти, парвариш ва агротехникаси борасида қимматли маълумотлар олди, тажриба тўплади.  Кўп ўтмай, ниҳоллар кўкка бўй чўзиб, ҳосилга кира бошлади. Ўз ишидан мамнун бўлган деҳқон бироз ўтиб, иссиқхонасини 13 сотихга кенгайтирди.

Кунларнинг бирида Улуғбек акада ўз иссиқхонасига папая ниҳолини келтириб ўтказиш фикри туғилди. Аввалига папая каби унча таниш бўлмаган мевани парваришлаш, уни бироз иккилантирди. Меванинг хусусияти ва парваришини яхшилаб ўрганиб чиққач, ундан Ўзбекистон шароитида ҳам яхши ҳосил олиш мумкинлигини англаб етди.  Сўнг пойтахтдан 20 тупдан ортиқ папая кўчатини келтирилиб, томорқасига яхши ният билан экди. Янги кўчатлар бир йилга  бормасдан ҳосилга кириб, ўзининг шифобахш меваларини тортиқ эта бошлади.

Маълумотларга қараганда, ер юзида папаянинг мингдан ортиқ нави бўлиб, қайси мамлакатда ўстирилишига қараб, мевасининг кўриниши, мазаси бир-биридан фарқ қилади. Бироқ уларнинг барини бир хусусият бирлаштириб туради: тўйимли ва саломатлик учун фойдалилиги. Папайя меваси таркибида кўп микдорда А, В, С, D витаминлари, альбумин ва темир моддаси бор. Шунинг учун у жигар фаолияти, қондаги қанд ва ошқозондаги кислота миқдорини меъёрга келтиради. Шунингдек, бу мева калий ва магний минералларига ҳам бойдир. Папайянинг энг муҳим хусусияти, унинг меваси ва барглари таркибидаги папаин ферментидир. Физиологик таъсирига кўра у ошқозон ширасига ўхшаб кетади. Шунинг учун ҳам папайя мевасидан ҳазмни яхшилайдиган парҳез маҳсулот сифатида фойдаланилади Папаиннинг оқсилни парчалаш хусусияти қаттиқ гўштни юмшатишда қўл келади. Шу мақсадда тропик ўлкаларда овқатларга бир бўлак папайя қўшиб юборилади. Энг қаттиқ гўштни ҳам папайя баргига ўраб қўйилса, бир неча соатдан кейин юмшаб қолади.

Яна ўқинг:  Шифобахш хушбўй райҳон

Олимларнинг фикрича, папайя ҳатто саратон ҳужуйраларини йўқ қилиш хусусиятига ҳам эга. Уни соф мева ва қуритилган ҳолда истеъмол қилиш мумкин. Шунингдек,  папайя таркибида темир моддаси кўп бўлгани туфайли камқонликнинг олдини олади. У дори воситаси эмас, балки биологик таъсирга эга бўлган фойдали ўсимликдир. Бу мева тўқималардаги ҳужайраларнинг ҳаётини яхшилаб, тиклаб боради. Папаин йирингни парчалаш, шишлар, чурралар ва айрим безларни бўшаштириб, сўрилиш хусусиятини юзага келтиради.

Қаҳрамонимизнинг айтишича папая иссиқликни севувчи ўсимлик саналади. Бундай ўсимликларни қишнинг чилла мавсумида сақлаб қолиш ниҳоятда мушкул. Қашқадарёлик боғбон бунинг ҳам йўлини топди. У ниҳолларни совуқдан термос шаклида сақлай бошлади

Улуғбек ака  кўп вақтини ўзининг мўъжаз иссиқхонасида ўтказади. Унинг айтишича, яшил табиат кўз чарчоғини олади, кишига кўтаринкилик бағишлайди. Иссиқхонадаги ишлар Улуғбек ака, турмуш ўртоғи Ўғилой опа, шунингдек, набираларидан ортмайди.

Боғбон ҳар йили папая дарахтидан 300-400 кг ҳосил олади. У етиштирган  меваларга талабгор жуда кўп. Шахсий томорқанинг фойдасини билган Улуғбек ака келгусида иссиқхонани янада кенгайтириб, папая дарахтлари учун алоҳида қишки боғ ташкил этишни мақсад қилган Бунинг учун тадбиркор боғбонда тажриба, билим, энг муҳими, шижоат ва ғайрат етарли.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: