Ҳаётга нурафшон нигоҳ билан

Фарғона вилояти офтальмология шифохонасида Корея Республикасининг “Vision Carе Servise” халқаро ташкилоти офтальмолог-шифокорлари аҳолини тиббий текширувдан ўтказди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августдаги “2014–2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида аҳоли, хусусан, она ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Бундай эзгу ишларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.

Фонд соҳага оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш, бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро фонди ва бошқа муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида туғма юрак нуқсони, қўл-оёқ бўғимлари, тери куйиши асоратлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган бир гуруҳ болалар бепул соғломлаштирилди.

Бу йилги тиббий кўрик давомида хорижлик мутахассислар 600 дан зиёд фуқарони тиббий кўрикдан ўтказди.

– Ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш баробарида аҳоли, айниқса, болалар соғлиғини муҳофаза қилишга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, – дейди Жанубий кореялик профессор Ким До Юнг. – Мамлакатингиз тиббиёт соҳасида салмоқли ютуқларга эришган. Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлган шифокор сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ерда керакли шароит мавжудлиги боис, мазкур тиббий кўрикда барча жарроҳлик амалиёти муваффаққиятли ўтди.

 

Фарғона вилояти офтальмология шифохонасида кореялик шифокорлар томонидан 80 дан зиёд беморда катаракта хасталиги бартараф этилиб, кўз гавҳари сунъийсига алмаштирилди.

 

Бу йилги акцияда Фарғона вилоятидан келган беморлар Жанубий кореялик малакали шифокорлар кўригидан ўтказилди. Аниқланган касалликлар жарроҳлик амалиёти билан бартараф этилди.

– Сўнгги пайтларда кўзим хиралашиб қолганди, – дейди Қува туманида яшовчи 82 ёшли Юлдузхон Камолова. – Малакали шифокорларнинг вилоятимизга келиб тиббий-кўрик ўтказаётганидан хурсанд бўлдим. Хорижлик шифокорлар кўзимни текшириб, жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис этяпман. Кўзим ҳам тиниқлашди. Аҳоли саломатлигини ўйлаб амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар учун ҳукуматимиз ва мутасадди ташкилотлардан чексиз миннатдорман.

Яна ўқинг:  Беминнат ёрдам бермоқда

– Ота-она учун энг катта бахт фарзандининг саломатлиги, – дейди марғилонлик Соҳиба Турсунова. – Қизимни кўзида баъзи нуқсонлар бор эди. Бу ерда малакали шифокорлар кўригидан ўтиб, дилбандимнинг кўзларидаги ушбу нуқсон жиддий эмаслиги ва тавсия қилинган муолажани ўз вақтида олса, соғайиб кетишини айтишди. Мутахассисларнинг сўзларни эшитиб, хотиржам бўлдик. Бу мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир инсон малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиши борасида яратилган имкониятлар самараси, деб биламан.

Фарғона вилояти офтальмология шифохонасидаги шароитлар, замонавий асбоб-ускуналар тиббий кўрикнинг самарали ўтишида муҳим аҳамият касб этди. Жанубий Кореядан келган малакали шифокорлар томонидан ўтказилган жарроҳлик амалиётлари вилоят шифокорларининг тажриба ва маҳоратини янада оширишга хизмат қилди.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ,

Фарғона вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: