Шахмат – тафаккур гултожи

Шу кунларда шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нафиса Мўминовага Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) томонидан юртимиз аёллари орасида биринчи бўлиб, халқаро гроссмейстер унвонининг берилиши барчамизни хушнуд этиб, қалбларимизда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

1990 йил 1 февралда Фарғонада туғилиб, вояга етган Нафиса 4 ёшидан бошлаб шахмат ўйнашни машқ қила бошлади. 2002 йилда ўн икки ёшгача бўлган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, 2007 йилда Марказий Осиё минтақасидан ягона жаҳон чемпионати иштирокчиси, 2008 йилда 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳибаси бўлди. У бу ютуқлар билан чекланиб қолмади. 2010 йилда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кучли тўртликдан жой олди. Гуанчжоудаги Ёзги Осиё ўйинларининг жамоавий баҳсларида иккинчи ўринни эгаллади. 2011 йилда I Марказий Осиё Кубоги ва 2012 йил Тошкентда ўтказилган “Toshkent open” халқаро шахмат турнирида ғалаба қозонди. Ҳамиша ўз устида изланиб янгиликларга интилиб яшайдиган Нафиса 2009 йил халқаро шахмат устаси унвонига эга бўлган эди. Айни пайтда у шахмат бўйича ўзбекистонлик хотин-қизлар рейтингини бошқариб бормоқда.

– Авваламбор, Сизни шахмат соҳасидаги бу олий унвон билан табриклаймиз.

– Раҳмат. Аслида гроссмейстерлик талабини соҳамизнинг энг нуфузли мусобақаси 2012 йилда Туркияда бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида бажарган эдим. Ўшанда менинг сардорлигимда Сарвиноз Қурбонбоева, Нодира Нодиржонова, Ҳулкар Тоҳиржонова ва Ирина Геворкянлар Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган эдик. Яқинда эса Халқаро Шахмат федерацияси буни расман тасдиқлади. Бу ўзимнигина эмас, балки барча ватандошларимиз ва мухлисларимизнинг ютуғи, деб биламан.

Аслида “халқаро гроссмейс­тер” унвонини FIDE расмий равишда 1949 йилда таъсис этган. Бу унвон билан эркаклар 1950 йилдан, хотин-қизлар эса 1976 йилдан мукофотланиб келмоқда. Ўтган йиллар ичида кўплаб шахматчилар бу унвонга сазовор бўлди. Улар қаторида мен каби оддий бир ўзбек қизининг ҳам борлигидан ва бизга мустақиллик шарофати туфайли ўз салоҳиятимизни кўрсатиш имконияти яратилганидан мамнунман.

– Мана шунча йиллардан буён шахмат билан мунтазам шуғулланиб келасиз. 64 катакли тахта шахматчи учун рақиб билан кураш олиб борадиган спорт майдонигина эмас, балки узоқ юриладиган ҳаёт йўли ҳамдир. Шахматда энг қийини нима?

– Тўғриси “қийин” деган сўзни ишлатишни ёқтирмайман. Ҳамма ишнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Йиқилиш ҳеч нарса эмас, қайтиб туролмаслик – фожеа. Фикримча, бу ҳаётга ҳам шахматга ҳам тегишли. Мағлубиятдан сўнг қайтиб туриб, яна мақсад сари одимлаш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди. Бироқ, курашиб яшаш, иродани букмаслик, мақсад сари интилиш инсонни тоблайди.

Яна ўқинг:  Табиат гултожи ўзингсан, аёл!

Шахмат аслида 64 катак атрофида ва жонсиз предметлар иштирокида кечадиган ўта жонли жараён. Бу ўйинда миллионлаб комбинациялар бўлиши мумкин. Аммо қабул қилиниши керак бўлган тўғри қарор фақат биттадир. Шу жиҳатдан уни инсоннинг ҳаёт ва тақдир чизиқларига менгзаш мумкин. Ўйламасдан, мантиқсиз қилинган биргина хато ҳаракат рақиб учун мингта имконият эшигини очади…

– Баъзан давраларда шахмат спорт турига кирадими-кирмайдими мавзуида кўпинча баҳс кетиб қолади. Шахматни киши руҳини чиниқтириши, ақлини мустаҳкамлаши нуқтаи назаридан ҳам ҳеч иккиланмай спорт турига қўшиш мумкин. Шундай эмасми?

– Қўшимчасига жозибадорлиги жиҳатидан эса ҳақиқий санъат, деса ҳам бўлаверади. Мураккаблигини эса фанга қиёслаш мумкин. Спорт-санъат-фан учбурчаги шахматнинг туб моҳиятидир.

Шахмат – тафаккур гултожи, қадри шу боис ҳам мудом баланд­дир. Уни севмасанг, бошқа барча спорт турлари каби бирор натижага эришиш душвор. Афсуски, ҳар қандай жамиятда ҳам шахмат бекорчи вақтни ўтказишнинг самарали усули, деб қарайдиган кимсалар ҳам истаганча топилади ва уларнинг фикри билан шахматнинг обрўйига ҳеч қачон путур етмайди, деб ҳисоблайман. Аммо юртимизда шахматни тобора оммалашиб бораётганини барчамиз ҳис қилиб турибмиз.

– Халқаро гроссмейстерлик унвони Сизни бундан кейинги мусобақалардаги масъулиятингизни янада оширади…

– Албатта. Халқаро майдонлардаги мусобақаларда иштирок этаркансан, масъулият ҳисси ҳамиша бир неча маротаба юқори бўлади. Ҳар бир юришинг, ҳар бир дона суришинг ортида нафақат ўзинг ва оиланг, балки миллат шаъни ва ғурури ётганини ҳис қилиб турасан. Ютқазсанг фақат ўзинг учун ютқазмайсан, ютсанг ҳам ютуқ биргина сеники бўлмайди.

Ҳаммани ва ҳар доим ютиб бўлмайди. Ютқазишлар ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Аммо мен энг муҳим ўйинларда фақат ютишни истайман. Албатта, ҳозирга қадар машҳур шахматчи бўлишга эмас, яхши шахматчи бўлишга ҳаракат қилиб келдим.

Барча ёш шахматчилар учун 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ибрат мактаби бўла олади. Унинг гўзал инсоний фазилатлари, эришган энг юқори натижаларига ҳавас қилиб яшаймиз.

– Айтингчи, мусобақаларга тайёргарликни қай тарзда олиб бораяпсиз? Муҳим мақсадларингизга эришиш учун сизга ким ёрдам беради?

– Тез орада илк йирик мусобақа – нуфузи тобора ошиб бораётган Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган анъанавий “Toshkent open” турнирида иштирок этаман. Май ойида Осиё чемпионати бошланади. Шунингдек, бу йил Тошкентда хотин-қизлар ўртасида илк бора Гран-при турнири ўтказилади.

Ананд, Аронян, Морозеивич, Топалов, Карлсен ва Юдит Полгар (гарчи бу дунёдаги энг кучли аёл шахматчи бўлсада, рақобат эркакларникига нисбатан кучсизлиги боис хотин-қизлар ўртасидаги чемпионлик баҳсларида ҳеч қачон иштирок этмаган эди) каби жаҳон шахмат юлдузлари ўйинларини қайта-қайта кўраяпман-ўрганаяпман. Энг кучли рақиблар билан ўйнашнинг файзи ва гашти бўлакча. Бундай баҳсларга уларни индивидуал ўрганган ҳолда тайёргарлик кўриш керак. Ўз навбатида, улар ҳам сени ўрганади, вариантларингни билиб олади. Шу боис қанчалик қийин ва қалтис бўлмасин ҳамиша янги йўналишда ўйин кўрсатиб бориш керак бўлади. Бу ўринда шахматчининг фақат ўзига хос дебют назарияси, яъни ўйинни бошлаш назариясини яратиш зарурияти тобора долзарблик касб этаяпти. Мен бу борада изчил ишлаяпман.

Яна ўқинг:  Наҳорда ичилган сувнинг хосияти

Менга ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Антон Филлипов яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Аслида тайёргарлик жараёни шахмат ўйини билан чекланмайди. Атрофингда кечадиган ҳар бир кичик ҳодиса – уйқунинг озгина бузилиши, таомни салгина нотўғри истеъмол қилиш ҳам руҳиятга салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис тайёргарликни комплекс тарзда олиб бораяпман. Умуман олганда шахматчи ўз “спорт формаси”ни сақлаб қолиши учун асосий мусобақаларга тайёргарлик вақтида кунига 6-8 соатдан кам шуғулланмаслиги керак. Бош мақсадим шубҳасиз, аёллар ўртасида жаҳон чемпиони ва жамоавий тарзда олимпиада чемпиони бўлиш.

Тарихга назар солсак, 1927 йилдан буён аёллар ўртасида жаҳон чемпионатлари ўтказиб келинади. Буюк Британиялик Вера Менчик (1927-1944) аёллар ўртасида илк жаҳон чемпиони бўлган эди. Собиқ Иттифоқдан Людмила Руденко (1949-53), Елизавета Бикова (1953-1962), Нона Гаприндашвили (1962-1978), Мая Чибурданидзе (1978-1991) узоқ йиллар шахмат тожини ҳеч кимга бермай келган бўлса, 1991-2004 йилларда асосан, хитойлик аёллар (Се Цзюн, Чжу Чэнь, Сюй Юйхуа)нинг қўли баланд келди.

Ҳозир эса бир шахснинг узоқ ва барқарор чемпионлик қилиш даври тугаганга ўхшайди. Бу аёллар шахмат биринчилигида рақобат муҳитининг янада кучайгани билан боғлиқ, деб ўйлайман. Болгариялик Антоанета Стефанова (2004-2006), россиялик Александра Костенюк (2008-2010), хитойлик Хоу Ифань (2010-2011), украиналик Анна Ушенина (2012)­нинг чемпион сифатида катта саҳнага чиқиши ҳам, финал баҳсларининг қизиқарли ва кескин кечаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Мен бу тўрттала шахматчининг деярли барча ўйинларини синчковлик билан кузатиб келаяпман. Айримлари билан халқаро мусобақаларда учрашганман ва ҳатто ғалаба қозонганман. Ўтган йили финалда Ушенина ва Стефановани баҳсларини диққат билан томоша қилар эканман, жаҳон биринчилигида ғолиб бўлиш учун менда ҳам барча имкониятлар бор, деган тўла ишонч пайдо бўла бошлади.

FIDE Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси бўлсада, бироқ, шу пайтгача шахмат олимпиада спорт турларига қўшилмаган. Аммо сайёрамизда ҳар икки йилда бир маротаба алоҳида жамоавий шахмат олимпиадаси ўтказиб келинади.

Жамоавий ўйинларда барча иштирокчининг савия ва имкония­ти, салоҳият ва кучи бир-бирига мос бўлмаса узил-кесил якуний муваффақият қозониш қийин. Шу боис мураббийларимиз хотин-қизлар ўртасида яхлит ва мукаммал, мутаносиб жамоани шакллантиришга интилаяпти. Натижада терма жамоамиз йилдан йилга яхши кўрсаткичларни қайд этиб бораяпти. Масалан, 2010 йил Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳри мезбонлик қилган 39-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 115 давлат вакиллари орасидан 30-ўринни эгаллаган эдик. Ўтган йили Истамбулда 120 терма жамоа орасидан 21-ўринни эгалладик. Ке­йинги йили бундан ҳам ижобий натижага эришишимиз учун ҳеч нарса бизга тўсқинлик қила олмайди деб ўйлайман.

Яна ўқинг:  Sirdosh qalamlar

– Сиз яқинда бир нашрда юртимизда шахматни янада ривожлантириш учун профессионал шахмат клублари, Ўзбекистон профессионал шахмат лигасини ташкил қилиш керак, деган фикрни билдирдингиз. Бу қандай механизмда ишлайди? Умуман шахматни янада оммалаштириш учун яна қандай таклифлар билдирасиз?

– Юртбошимиз Ислом ­Каримов­нинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан 2004 йилда Рустам Қосимжоновнинг шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлиши мамлакатимизда бу спорт турини янги босқичга кўтаришга, уни кенг оммалаштиришга улкан ҳисса қўшди. Ҳозиргача Тошкентда анча катта шахмат мусобақалари ўтказилди. Орамизда турли ёшда шахмат бўйича жаҳон чемпионлари пайдо бўлди. Шахмат ривожланган давлатларда жамоавий, клублар ўртасида шахмат лигалари мавжуд ва буни бизда ҳам жорий этиш вақти етганга ўхшайди.

– Сўнгги пайтларда оилангиз аъзолари шахматда Тоҳиржоновалар сулоласи сифатида танилиб бораяпти…

– Яратганга шукр, дадам ва онам бизга ҳар доим мададкор, суянчиқ. Дадам шахмат сир-асрорларини яхши тушунади. Сингилларим Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар ҳам аста-секин камолотга етишиб бораяпти. Сўнгги йилларда Ҳулкар анча кўзга ташланиб қолди, ҳозир FIDE устаси ҳисобланади. Балки у ҳам тез орада халқаро гроссмейстер бўлиб қолса ажабланмайман. Гулруҳбегимга ҳам тажриба орттириши учун оилада ҳамма имкониятлар мавжуд. 2011 йил Бразилияда 18 ёшгача ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллади. Ҳозир ўз тенг­қурлари орасида етакчилардан. Биз машқларда бир-биримизга ёрдам берамиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Қўқон шахмат клубида 9 ёшимдан тайёрлаган мураббий, марҳум Анваржон Алиевни ёд этишни истардим. Менга бу оққўнгил ва тажрибали устозим кўп яхшиликлар қилган. Фарғона вилояти Болалар ва ўсмирлар спорт ўйинлари мактаби ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтидаги устозларимга ҳам катта раҳмат айтаман.

– Мухлисларга тилакларингиз?

– Ниятим ҳар бир юртдошим уйига шахмат кириб борсин, ёшларимиз соғлом ва баркамол, энг асосийси юртимиз доимо тинч ва оилаларимиз мустаҳкам бўлсин!

А.Ҳасан суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: