Асорати жиддий дард

ёхуд гингивитнинг келиб чиқишига нима туртки бўлади?

Инсон организмидаги энг қаттиқ суяк тўқима тиш ҳисобланади. Унинг атрофини тутиб турувчи тўқима милк деб аталади. Инсон оғиз бўшлиғи касалликлари орасида милк яллиғланиши гингивит дейилади.

Бу касаллик милк қонаши билан тавсифланади. Соғлом оғиз бўшлиғида тишлар ювилганда милк қонаши кузатилмайди. Гингивитда эса милкнинг тишга туташиб турган четки қисми ва уларнинг орасини тўлдириб турган милк сўрғичлари зарарланади. Касалликнинг бир неча хил турлари фарқланади. Хасталикнинг катарал турида милк қизаради, шишади, қонайди ва бемор овқат еганда оғрийди. Тишларда юмшоқ ва қаттиқ карашлар тўплана бошлайди. Ушбу дарднинг сурункали турида бемор ҳеч қандай безовталик ҳиссини сезмайди. Унинг милкидаги яллиғланиш жараёни узоқ ва суст кечади.

Кўпчилик ҳолатда касаллик стоматолог кўриги пайтида аниқланади. Гингивитнинг бу тури даволанмаса бемор тиш ювганда милк қонаши, унинг сўрғичларининг бўртиб кетиши кузатилади. Касаллик зўрайганда, милклар шишиб овқат истеъмол қилиш пайтида ҳам қонайди. Унинг ярали некротик турида беморнинг тана ҳарорати кўтарилиб, унда ҳолсизлик кузатилади. Милкда яралар пайдо бўлади. Бемор овқатланганда ва гапирганда ҳам қийналади. Касалликнинг гипертрофик тури кам учрайди.Бу жараён кўпинча организмдаги эндокрин ўзгаришлар натижасида ривожланади. Шу сабабли гипертрофик гингивит асосан ўсмирлар, ҳомиладор аёллар ва қандли диабет билан оғриган беморларда учрайди. Атрофик гингивитда милк ҳажми кичрайиб, тишларнинг илдизлари кўриниб қолади. Бемор совуқ ёки иссиқ таом, ширинликлар истеъмол қилганда оғриқ сеза бошлайди.

Бу касалликнинг келиб чиқиш сабабларидан бири инсон оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилмаслиги натижасида тиш сиртларида пайдо бўладиган юмшоқ карашдир.

Юмшоқ караш патоген, яъни касаллик қўзғатувчи микроблар кўпайиши учун қулай озуқавий муҳит бўлиб хизмат қилади. Микроблар ажратиб чиқарадиган токсин (заҳарли модда)лар милкларда яллиғланиш жараёнини келтириб чиқаради. Хасталикнинг иккинчи сабабларидан бири нотўғри қўйилган пломба қирралари, тиш қопламалари, сифатсиз тайёрланган тиш протезларининг милкка зарар етказишидир.

Яна организм иммунитетининг сусайиши, етарлича рационал овқатланмаслик, қандли диабет, ҳомиладорлик, С витамини етишмовчилиги, грипп, ангина, сил касаллиги ва организмнинг оғир металлардан заҳарланиши, бурундан нафас олишнинг бузилиши ҳам милк яллиғланишини келтириб чиқаради. Шуни айтиб ўтиш жоизки, бу касаллик аёлларга нисбатан эркакларда кўпроқ кузатилади. Сабаби эркакларнинг тамаки маҳсулотларини чекиши оғиз бўшлиғидаги ўзига хос РН муҳитини нордонлашишига олиб келади. Бунинг оқибатида никотин оғиз бўшлиғини таъминлайдиган қон томирларини торайтиради. Натижада яллиғланиш жараёнини фаоллаштиради. Бу эса кашанданинг милкларини касалликка мойил қилиб қўяди.

Яна ўқинг:  Shifokor qo‘shig‘i

Бу дардни стоматолог даволайди. Тишдаги тўпланган юмшоқ карашлар тозаланиб, даволаш ҳар бир бемор учун индивидуал олиб борилади. Милк яллиғланишини бемор ўз вақтида даволамаса хасталик жиддий асоратлар бериб, пародонтит, гематоген (қон орқали организмга тарқалувчи) инфекциялар, инфекцион эндокардит (юрак хасталиги), гломерулонефрит(буйрак касаллиги) ривожланиши мумкин.

Гингивитнинг олдини олиш учун оғиз гигиенаси қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун овқатлангандан сўнг икки маҳал 2-3 дақиқа давомида тиш тозаланиши зарур. Беморга бундай ҳолатда қандай тиш чёткаси ва пастасидан фойдаланиш зарурлигини шифокор тушинтиради.

 

Матлуба НАРЗУЛЛАЕВА,

олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: