Оқсаройда яширинган синоатлар

Шаҳрисабзда Амир Темур қурдирган Оқсарой мажмуаси Шарқ меъморчилигининг нодир намунаси ҳисобланади. Истиқлол шарофати билан ушбу кўҳна ёдгорлик қайта чирой очди.

Бино қурилиши тарихини ўрганган таниқли муҳандис-меъморлар аждодларимизнинг юксак ақл-заковатига яна бир бор таҳсин айтиш баробарида унда яширинган сир-синоатларни кенг жамоатчиликка ошкор этди.

Тарихий манбаларнинг далолат беришича, Оқсарой 1380–1404 йиллар оралиғида қуриб битказилган. Унда бутун бир иншоотсозлик сирлари мужассам, десак хато бўлмайди. Ўлчамларининг катталиги, салобати билан бошқа обидалардан ажралиб туради. Унинг тарҳи ўзига хос шаклга эга ва бу услуб бошқа обидаларда қўлланилмаган. Бино ўлчами, асосининг юзаси ва ўзаро қатъий тартиб билан жойлашган тўрт бурчакли қисмлар миқёси шунчаки танланмаган. Буни геометрик, математик ғояларни ўзида жо этган аниқ бир фигура сифатида тасаввур этиш айни муддао бўларди. Мутахассислар фикрича, юксак меъморчилик илми бино шаклига яширин муҳрланган ва уни бир қарашда англаш мушкул.

Бино салобатига назар солсангиз, унинг юки бир-бирига мос икки пойдеворга тушиб турганига гувоҳ бўласиз. Ҳисоб-китобларга қараганда, иншоотнинг умумий оғирлиги 40-42 минг тонна бўлган ва ушбу миқдор мазкур икки пойдеворга тенг тақсимланган. Обида пойдеворининг ҳар бир квадрат метр юзасига 90-100 тоннадан зиёд оғирлик юки тўғри келади. Бугунги кунда замонавий 16 қаватли иморат пойдеворининг бир квадрат метр сатҳига берадиган залвори 20-25 тонна атрофида бўлиши лозим. Бундан кўринадики, ўша давр меъморлари шундай жумбоққа ҳам мукаммал архитектуравий ечим топган ва уни амалда қўллай билган.

Айни пайтда бинонинг сейсмик мустаҳкамлиги ҳам таъминланган. Бунга турлича баландликка ва ҳажмга эга бўлган, лекин яхлит бинодан пойдеворга тушадиган оғирлик юкини пойдевор юзасида текис тақсимлаш орқали эришилган. Булар замонавий билим ва ҳисоблаш техникаси билан қуролланган ҳозирги давр мутахассиси учун ҳам чуқур билим талаб этадиган масалалардир.

Оқсаройни бунёд этувчи меъморлар бинодан тушадиган оғирлик кучининг бир хилда тарқалишини таъминловчи ажойиб усулни ўйлаб топишган. Обиданинг турли баландликдаги қисмларидан тушадиган залворнинг ерга бир хилда тарқалишига эришиш учун пойдевор сатҳларининг шу сатҳга тушадиган оғирликка мутаносиб равишдаги мос миқдорини ҳисоблаб топганлар. Бинонинг ўнг ва чап пойдеворлари оралиғидаги масофа ўлчами ва улар орасидаги майдон сатҳи шунчалик моҳирона танланганки, бундай ечимни амалиётда қўллаш учун иншоотсозлик билимларини чуқур билиш талаб қилинади.

Яна ўқинг:  Халқ саломатлигига камарбасталик

Синчков одам иморат тарҳига назар солса, унинг “ж” ҳарфи шаклининг ярмига ўхшаб кетишини англайди. Умрбоқий қадимий иншоотларнинг пойдевори асосан тўғри тўртбурчак шаклида қурилган. Бу синоат билан қизиққан муҳандис-меъморлар пойдеворининг шакли турлича бўлган 10 та қадимий ва замонавий бинони танлаб олиб, уларнинг оғирлик марказларини ҳисоблаб чиққан ва компьютерга энг зилзила бардош бино пойдевори қандай кўринишда бўлишини аниқлаш вазифасини юклаган. Компьютер ҳар сафар “ж” ҳарфига ўхшаш шаклни кўрсатган. Бу эса Амир Темур ҳукмронлиги даврида меъморчилик ўз ривожининг энг чўққисига етганига ишорадир.

Бино аждодларимизнинг математика, геометрияга оид билимларини ўзида мужассам этган бўлиб, уни муҳандис-қурувчилар геометриянинг “кичик қомус-аннотацияси”, деб аташмоқда. Шунингдек, обида тарҳи, унинг қисмлари, фасадини чуқур ўрганиш жараёнида уларда астрономия илмига оид маълумотлар ҳам борлиги аниқ равшан аён бўлди.

Бир сўз билан айтганда, биргина Оқсарой мисолида аждодларимиз иншоотсозлик соҳасида жаҳон аҳлига ўрнак бўларли ишларни амалга оширганига тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Уларнинг ақл-заковатига лол қолмасликнинг имкони йўқ.

 

Акрам ҲАСАНОВ,

тарих фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: