Ёзни соз ўтказаётган болалар

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Тошкент вилояти, Бекобод шаҳрида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди. Унда асосий эътибор оромгоҳларга жалб қилинмаган болалар учун “Ёз концепцияси – 2017” тадбирлари доирасида ҳудудда ташкил этилган соғломлаштириш майдончалари ва “Баркамол авлод” болалар маркази фаолиятига қаратилди.

Медиа-тур иштирокчилари дастлаб “Баркамол авлод” болалар маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

– Марказимиздаги 26 та тўгаракка 660 нафар ўқувчи жалб қилинган. Муассасада ёшларимиз вилоят ва мамлакат миқёсидаги турли тадбирлар, жумладан, “Миллий таомлар”, “Соғлом турмуш тарзи”, “Биз – гиёҳвандликка қаршимиз!”, “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” каби фестиваль ва кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда, – дейди Бекобод шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази директори Омина Раҳмонбердиева.

Тасвирий санъат, тўқиш, тикувчилик, рақс, шахмат-шашка каби тўгаракларда қатнашаётган ўқувчилар билан уларнинг қизиқишлари хусусида суҳбатлашиб, бир олам таассуротларга эга бўлдик.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари 2-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Севинч” оромгоҳи фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

100 нафар ўқувчини қамраб олган оромгоҳ жорий йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар икки мавсумда фаолият юритиши кўзда тутилган.

Бу ерда ўқувчилар инглиз тили, тасвирий санъат, компьютер саводхонлиги, мусиқа, шахмат-шашка, китобхонлик сингари тўгаракларга жалб этилган.

– Муассасамизда “Ота-оналар билан мулоқот хонаси” ташкил этилган. Бундан мақсад жойларда мактаб маъмурияти ва ота-оналар билан ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал қилишдан иборат. Чунки, бизга келаётган мурожаатларда кўтарилган масалалар жойида мактаб директори даражасида ҳал этилади, – дейди муассаса директори Х. Ибрагимова.

Ота-оналар билан таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишда улар билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, ота-оналарга таълим тизимидаги янгиликлар ва ўқувчиларнинг билим олишларига яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан таништиришда “Ота-оналар билан мулоқот хонаси” муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шундан сўнг журналистлар 16-умумтаълим мактабида ташкил этилган ёзги соғломлаштириш майдончаси фаолияти билан танишди. Мазкур соғломлаштириш майдончаси “Аввал тарбия, кейин таълим” шиори остида ташкиллаштирилган бўлиб, унда компьютер саводхонлиги, расм ва тасвирий санъат, инглиз тили, моҳир қўллар, мусиқа, стол тенниси каби тўгараклар фаолият юритади.

– Инглиз тили машғулотларига кўпчилик болажонларнинг қизиқиши юқори. Шу мақсадда тил ўргатиш жараёнларида турли интерфол усуллардан кенг фойдаланамиз. Болажонларга ҳам бу каби усулда дарс ўтишимиз жуда ёқади, – дейди тўгарак раҳбари С. Эшонхонова.

Яна ўқинг:  МТМлар бола таълим-тарбиясида муҳим пойдевор

Шундан сўнг, медиа-тур доирасида Халқ таълими вазирлиги ходимлари, журналистлар ва ўқитувчи-мураббийлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ёзги соғломлаштириш оромгоҳларидаги шароитлар, янги ўқув йилига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида ташкил этилган “Ота-оналар билан мулоқот хонаси” фаолияти ҳақида маълумот берилди. Таълим муассасалари билан ота-оналар ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал қилиш ва бу борада ўзаро ҳамкорликни мақсад қилган бундай хоналарни юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштириш хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Матбуот анжумани якунида Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев журналистлар томонидан берилган саволларига жавоб берди.

Хуршида УСМОНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: