Хайр-саховат улашган темир карвон

Кексаларимиз ҳар гал дуога қўл очганда, аввало, тани сиҳатликни, юртга тинчлик-омонликни тилайди. Чунки, жисму жони саломат инсонгина ҳаётдан завқланиб яшайди, орзуларининг рўёби учун интилади. Эл-юрт корига ярайди. Осуда юртда эса одамлар мустаҳкам оила барпо этади.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоялаш, фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шартидир. Шу боис, юртимизда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар ҳамда ёлғиз қарияларга инсонпарварлик, меҳр-мурувват ёрдамларини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам мазкур вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиб, эҳтиёжманд инсонларга, олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига тиббий-ижтимоий кўмак бераётир. Жорий йилнинг 22-28 март кунлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган бу галги “Саломатлик” поезди Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг чекка қишлоқларидаги аҳолига мурувват ёрдамлари ва тиббий хизмат кўрсатди.

 

Бу юртда инсон азиз

Замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган поезд Узун туманидаги “Сариосиё” темир йўл бекатига етиб келди. Вокзал байрамона безатилган. Барча йиғилганларнинг юз-кўзида табассум, қувонч… Айниқса, мезбонларнинг ушбу тадбирга ўзгача тайёргарлик кўргани, уларнинг нигоҳларидан сезилиб турарди. Меҳрнинг қудратини қарангки, улар билан худди узоқ йиллик қадрдонлардек кўришиб, бир зумда самимий суҳбат бошланиб кетди.

Хайрия акцияси давомида пойтахтдан келган тажрибали шифокорлар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ҳамкорлигида чекка ва тоғли қишлоқларда яшаётган аҳоли, аёллар ҳамда болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

 

Шу ўринда

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида “Саломатлик” поезди мутахассислари томонидан ўтказилган хайрия акцияси мобайнида жами 2 миллиард 624 миллион 975 минг сўмлик инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.

 – Малакали шифокорлар томонидан дастлаб Сариосиё, Узун ва Денов туманларида яшовчи аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сурхондарё вилояти филиали раҳбари Ҳулкар Эгамбердиева. – Касаллик аниқланган беморларга маслаҳат ва тавсиялар берилди, улар шифохоналарда даволанишга йўналтирилди. Айрим бемор болалар чет эллик мутахассислар кўригидан ўтказиш ва хорижда даволаш учун тегишли тартибда рўйхатга олинди.

Яна ўқинг:  Shifokor qo‘shig‘i

Вилоятнинг “Қумқўрғон”, “Бойсун”, “Дарбанд” темир йўл бекатларида Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бойсун каби туманларда истиқомат қилаётган 1 минг 300га яқин киши, жумладан, аёллар ва болалар мутахассис-шифокорлар қабулида бўлди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида ўтказилган текширувларда юрак қон-томир тизими, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, камқонликнинг турли даражалари, асаб ва эндокрин касалликлар, таянч-ҳаракат тизими, стоматологик ва бошқа хасталиклар аниқланди.

– Анчадан буён ўзимни беҳол ҳис этаётгандим, – дейди бойсунлик 67 ёшли Нортош момо Бекматова. – Бугун тажрибали шифокорлар кўригидан ўтдим. Буйрак ва ўт пуфагимда ўзгариш борлигини, зарур муолажалар олишим кераклигини айтишди. Қолаверса, келиним ва неварам ҳам текширувдан ўтишди. Илоҳим, шифокорларимизнинг қўллари дард кўрмасин.

Акция доирасида вилоятнинг чекка ҳудудларида яшаётган 1 минг 500га яқин эҳтиёжманд инсонлар, кам таъминланган оила фарзандлари ва ногиронларга дори-дармон, пойафзал, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачаси, санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

– Тақдир экан, узоқ вақт тўшакка михланиб қолдим, – дейди сариосиёлик I гуруҳ ногирони Тоҳир Ашуров. – Бугун менга ногиронлик аравачаси тақдим этилди. Бундай эътибор учун ҳукуматимиздан миннатдорман.

Саломатлик кунлари Қумқўрғон, Бойсун туманлари тиббиёт бирлашмалари, вилоят эндикринология диспансери, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси, Термиз шаҳридаги 12-“Меҳрибонлик уйи” ва Шўрчи туманидаги махсус мактаб-интернатига зарур дори-дармон, тиббий анжомлар, витаминлар билан тўйинтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, бадиий-ижтимоий китоблар, санитария-гигиена воситалари ва оёқ кийимлари топширилди. Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, касалликларнинг олдини олиш, оилаларда тиббий маданиятни янада юксалтириш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шу ўринда

Ушбу акция доирасида 2 минг 810 нафар кишига сифатли тиббий хизмат кўрсатилди. Кўрикдан ўтганларнинг 1 минг 748 нафарини аёллар, 714 нафарини болалар ва ўсмирлар, 617 нафарини нафақадагилар, 173 нафарини эса ногиронлар ташкил этди. Малакали тиббий текширувлар давомида беморларга шифокорлар томонидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

 

Муруввват сарҳад билмас

Навбатдаги манзилимиз Қашқадарё вилоятининг “Оқработ” ва “Деҳқонобод” темир йўл бекатлари бўлди. Мазкур ҳудуд тоғ, қир-адирлардан иборат бўлгани учун эрта тонгдан аҳоли узоқ масофалардан бизни кутиб олишга етиб келган. Об-ҳаво бироз совуқ бўлишига қарамай, одамларнинг кайфияти чоғ…

Яна ўқинг:  Соҳибқироннинг бунёдкорлик ва ободлик сабоқлари

Шифокорлар ва фонд мутахассислари кексалик ва оғир хасталик туфайли тиббий кўрикка келолмаган беморлар хонадонида бўлиб, уларни тиббий текширувдан ўтказди. Деҳқонобод тумани Гуроти қишлоғида яшаётган Ражаб бобо Болтаев 83 ёшда. Мутахассислар беморнинг касаллик тарихини ўрганиб, унга тегишли тавсиялар берди.

– Бутун умр шу тоғлар этагида чорвачилик билан шуғулландим, – дейди Ражаб бобо. – Уйимизга келган шифокорлар соғлиғимни текширувдан ўтказишди. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Ушбу хонадондан чиқиб борар эканмиз, отахоннинг қўл очиб дуо қилгани дилимизни хушнуд этди.

– Президентимиз раҳнамолигида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Қашқадарё вилояти филиали раҳбари Г. Шарипова. – Акция кунлари ногирон болалар, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 минг 66 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, кийим-кечак, дори-дармон, тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари, ўқув қуролларидан иборат мурувват ёрдами кўрсатилди.

 

Хулоса ўрнида

Ҳаёт давомийлигининг асоси бўлган аёлни, наслимиз давомчиси – фарзандларимиз саломатлигини асраш – бу миллатни, халқни асраш демакдир. Бинобарин, аёлга, онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, халқимизнинг азалий қадриятларидан. Президентимиз томонидан 2017 йилни мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб номланиши замирида ҳам ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассам. Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш ушбу олис сафаримизнинг олий мақсади эди.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ,

Тошкент-Сурхондарё-Қашқадарё-Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: