Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор янада ривожлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ушбу қарорда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Хусусан, айни пайтгача хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматларнинг атиги 50 тасига рухсат этилган бўлиб, қолганлари таъқиқланган эди. Мазкур қарорга биноан энди уларга тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди.

Рухсат этилган тиббий хизмат турларига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, гельминтология, интервицион кардиология, иммунобиологик ва иммунофермент ташхис қўйиш, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик ва тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар киритилди.

Мазкур қарор хусусий тиббиёт муассасаларига кенг кўламли имтиёз ва преференциялар берилгани билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Хусусан, ушбу муассасалар 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Тақдим этилган солиқ имтиёзлари ҳисобидан тежалган маблағларнинг бир қисми аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилади.

Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда материаллари учун божхона тўловларидан озод этилади. Бунда мазкур рўйхатни тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш кўзда тутилган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, қишлоқ жойларда ва чекка туманларда тиббиёт соҳасида хусусий секторни жадал ривожлантириш мақсадида қарорда қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорда хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия беришни сезиларли даражада соддалаштириш ва муддатларини тезлаштириш, жумладан, лицензия бериш тўғрисидаги қарорни 30 кундан 20 кунгача қисқартириш, лицензия бериш учун давлат божини энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан 5 баробаригача камайтириш назарда тутилган.

Дастурда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун уларни бино ва хоналар билан таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига фойдаланилмаётган бинолар, объект ва хоналарни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида тугатилаётган муассасаларнинг давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига “ноль” қийматида белгиланган тартибда бепул сотиш, бунда мулкдорлар инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича мажбуриятларни зиммасига олишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Яна ўқинг:  Yomg‘ir

Шу билан бирга, кичик тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларига давлат мулкини ижарага олишнинг максимал муддатини амалдаги нормаларга мувофиқ 5 йилдан 10 йилгача узайтириш кўзда тутилган. Бунда соғлиқни сақлаш муассасаларининг давлат мулкидан фойдаланиш учун ижара тўловининг энг кам ставкасини 20 фоизга қисқартириш назарда тутилган.

Янги тиббиёт объектлари барпо этадиган ва мавжудларини реконструкция қиладиган хусусий тиббиёт муассасалари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа ваколатли органларга уларнинг муҳандислик-коммунал инфратузилма объектларидан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланишини эътиборга олган ҳолда, уларга ер участкалари, бино ва хоналар ажратиш вазифаси топширилди.

Хусусий тиббиёт муассасаларига кредит ажратиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига “Ўзмед-лизинг” ихтисослаштирилган лизинг компанияси устав капиталини кўпайтириш орқали, шунингдек, хорижий инвесторлар маблағларини жалб этиш ҳисобидан тиббиёт муассасаларига замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар харид қилиш ҳажмини кенгайтириш ва лизингга бериш чора-тадбирлари тўғрисида аниқ таклифлар киритиш топширилди.

Тижорат банкларига хусусий тиббиёт муассасаларига замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, хориждан сотиб олиш, бошланғич капитални шакллантириш, тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, аҳолига замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, жумладан, банк кредит карталари билан ҳисоб-китоб қилиш асосида хусусий тиббиёт муассасаларининг тиббий хизматларидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари тақдим этиш тавсия этилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қарорда хусусий тиббиёт муассасаларида ишлашга жалб этиладиган хорижлик шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи ҳамда ягона ижтимоий тўловлардан озод этилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциациясига Ўзбекистонда Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Германия ва бошқа давлатларнинг етакчи тиббиёт марказлари ҳамда клиникалари билан ҳамкорликда йирик даволаш-ташхис қўйиш муассасалари ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш тавсия этилди. Бунда қарорга кўра хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.

Яна ўқинг:  “САЛОМАТЛИК” ПОЕЗДИ саҳро бекатларида

Шунингдек, қарорда тиббий суғурта соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш, ихтиёрий ва мажбурий тиббий суғуртанинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, суғурта полислари бўйича кафолатли юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, фуқаролар учун тиббий суғурта тизимида иштирок этишда рағбатлантирувчи имтиёз ва преференциялар яратиш ва бошқа масалаларга қаратилган “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: