Жорий йилда “Ўзбекенгилсаноат” томонидан бешта давлатда савдо уйлари очилади

2016 йилда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти корхоналари 1 миллиард 146 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган. Дунёнинг 54 мамлакатига етказиб берилган ушбу маҳсулотларнинг 40 фоизидан ортиғини қўшимча қийматли товарлар ташкил этади.

Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжумани “Ўзбекенгилсаноат” АЖ корхоналарида маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш, географиясини кенгайтиришга бағишланди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида тобора салмоқли ўрин эгаллаётган тўқимачилик саноатида 105 мингдан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. 440 саноат корхонаси, шу жумладан, 28 йирик ишлаб чиқарувчини ўзида бирлаштирган “Ўзбекенгилсаноат” АЖ тармоқнинг етакчиси сифатида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини муттасил ошириб бормоқда.

Ўтган йили жамият корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 2015 йилга нисбатан 18,1 фоизга ортган бўлса, экспорт кўрсаткичлари 132 фоизни ташкил этди. Экспортда тайёр маҳсулотлар улуши тобора ортмоқда. Хорижга юборилаётган маҳсулотлар рўйхати ўтган йил бамбук ва модал калава ип, аралаш калава ип, жаккард ва рингель мато сингари янги номлар билан бойиди.

Хориждаги савдо уйларининг сони ортиб бормоқда. 2016 йилда улар 44 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилда Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон ва Тожикистонда яна бешта тижорат нуқтасини очиш режалаштирилган.

Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг маҳаллий ва хорижий кўргазмаларда иштирокини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилда тармоқнинг 200 дан ортиқ корхонаси 21 кўргазмада иштирок этди. 1 миллиард долларликдан ортиқ шартнома имзоланди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, 26 халқаро кўргазмада мамлакатимиз тадбиркорлари иштирокини таъминлаш кўзда тутилган.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда бизнес-форумлар, “бизнес-бизнесга” шаклида бевосита музокаралар ўтказиш йўли билан янги, салоҳиятли харидорларни излаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий истеъмолчилар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ишлари фаоллаштирилган.

Болгария, Туркия, Украина ва Беларусда ўтказилган шундай тадбирлар натижасида тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 50 миллион доллардан зиёд экспорт шартномалари имзоланди. Ҳозир МДҲ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари, шунингдек, Туркия ва Эрон билан умумий қиймати 350 миллион долларлик қўшимча экспорт битимларини имзолаш устида иш олиб борилмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлди, – дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Жасур Рустамбеков. – Унга кўра, 2020 йилгача умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион долларга тенг 132 инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Эътиборлиси, лойиҳаларнинг қарийб 50 фоизини хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан молиялаштириш белгиланган.

Мазкур дастурнинг амалга оширилиши тармоқнинг йиллик экспорт салоҳиятини 2 миллиард 500 миллион долларга етказиш, қўшимча 25 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилишига имкон беради.

Яна ўқинг:  Судлар USAID ва БМТдан мультимедиа ускуналарини олди

Маҳсулотларни экспортга олиб чиқишда интернет тармоғи имкониятларидан ҳам фаол фойдаланилмоқда. “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, жамият ҳузуридаги тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги сайтларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, нархлар тўғрисидаги маълумотлар, маркетинг обзорлари, тармоқдаги янгиликлар ҳақидаги ахборот мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

Ҳар йили тўқимачилик маҳсулотлари каталоги чоп этилиб, турли кўргазма ва бизнес-форумлар давомида мамлакатимиз тўқимачилик корхоналарининг салоҳиятли шерикларига тарқатилмоқда. Савдо майдончалари ва интернет сайтлари ёрдамида товарларни сотиш ва почта орқали етказиб бериш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

 

“Ўзстандарт” агентлиги

Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: