Китоб – тафаккур гултожи

Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи 23-24 май кунлари ҳақиқий китобсевар ўқувчиларнинг сайлгоҳига айланиб кетди. «Адабиётга эътибор – келажакка, маънавиятга эътибор» шиори остидаги ўзбек адабиётининг вакиллари билан бирга кўплаб мактаб, ўқув даргоҳларининг ўқувчи ва талабалари, турли ёшдаги адабиёт ихлосмандлари ташриф буюришди.

Тадбир Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Республика маънавият тарғибот Маркази, «Камолот» ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, «Шарқ» нашриёт-матбаа акционерлик компанияси, «Ўздавкитобсавдотаъминоти» масъулияти чекланган жамияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Китоб байрамида республикамизда фаолият кўрсатаётган юзга яқин нашриётлар, матбаа корхоналари, китоб савдоси ташкилотлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Ундан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, ёзувчи ва ўқувчи ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, республика фуқароларининг, шу жумладан, ёш авлоднинг билим олиш, маънавий ва маърифий савиясини юксалтириш уларни миллий ғоя ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, китобнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришдан иборатдир.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ­ Э. Баситханова сўзга чиқиб китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни хусусида сўз юритди.

Шуни таъкидлаш жоизки, бу ерда китобхон ўзи истаган китобни харид қилиши ёки «Энг яхши китобхон», «Китобхон оила» каби мавзуларда интеллектуал ўйин ва викториналарда иштирок этиш орқали қўлга киритиш имкони туғил­ди. Қолаверса, китобхонлар ўртасида мутолаа маданиятига оид ижтимоий сўровлар ўтказилиши асносида аҳолининг китобга бўлган муносабати даражаси белгилаб олинди.

– Китоб инсон тафаккурининг гултожи, деб бежизга айтишмайди. У ҳамиша инсонга яқин дўст ва яхши ҳамроҳ бўлиб қолади. Аслидаку, китоб ҳеч қандай реклама ёки ташвиқот ва тарғиботга муҳтож эмас. Аммо бугунги кундаги техника тараққиёти жадал суръатда одимлаётган бир паллада китобнинг ўрнини нечоғлик аҳамиятли эканлигини ёшларга тушунтириб бермоғимиз лозим.

Мазкур тадбир давомида биз ўз нашриётимиз орқали чоп этилаётган китобларимизни кенг ўқувчилар оммасига намойиш этиб, ўз фаолиятимизни яқиндан таништириш имкони туғилди, – дейди «Академнашр» нашриёти муҳаррири Шаҳноза Тўрахўжаева.

Яна ўқинг:  Topishmoqlar (2013-22)

Боғ саҳнасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси томонидан тайёрланган маданий дастур доирасида таниқли санъаткорлар, ёш ижрочиларнинг чиқишлари намойиш этилди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари томонидан ўтказилган мушоиралар кечага мазмун бағишлади.

Дилфуза МАЛИКОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: