Соғлиқни сақлашда самарали ҳамкорлик

Кексаларимиз қўлини дуога очиб, барчага тани сиҳатлик, тинчлик-тотувлик сўрайди. Ушбу ният бежиз қилинмайди. Ҳар бир инсон ҳаёти фаровон, фарзандларининг соғ-саломат улғайиб, юртига камарбаста инсон бўлишини орзу қилади. Зеро, одамнинг тани соғ, оиласи тинч, эртанги кунга умид ва ишончи мустаҳкам бўлса, ишида унум ва барака бўлади.

Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор болаларни соғломлаштириш йўлида кўплаб лойиҳаларни ҳаётга жорий этмоқда. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида ушбу ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “Friedensdorf international” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда туғма юрак кантрактуралари нуқсони, қўл, оёқ, бўғимлар, юз-жағ соҳасининг туғма нуқсонлари билан хасталанган бемор болаларни бепул соғломлаштириш бўйича амалга ошираётган қўшма лойиҳалари бунга мисолдир. Қолаверса, фонд узоқ йиллардан буён Корея Республикасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар ва университетлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишларни амалга ошираётир.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида жорий йилнинг 18-23 январь кунлари Корея Республикаси “Ewha Womans University” госпиталининг малакали шифокорлари республикамиздаги Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Тиббий-ижтимоий марказида бўлиб, 402 нафар фуқарони тиббий кўрикдан ўтказди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айни пайтда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида аҳолига самарали тиббий ёрдам бериб келинмоқда. Ихтисослаштирилган бўлимларда мижозларга тезкор, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун қулай шароит яратилган. Сўнгги русумдаги замонавий диагностика жиҳозлари ҳар қандай касалликни бир зумда аниқлаб бераётир.

Ушбу марказда “Ewha Womans University” госпиталининг 19 нафар малакали уролог, кардиолог, педиатр, офтальмолог мутахассиси бемор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар. Унда соҳанинг долзарб муаммолари, тиббиёт ходимлари олдидаги мақсад ва вазифалар, касалликларни даволашнинг янгича услублари ҳақида клиника ходимларига маърузалар ўқилди. Икки давлат тиббиёт ходимлари ўртасида фикр алмашилди.

– “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди таклифига биноан ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда даволаш амалиётларини олиб бордик. Ушбу клиникада асосан юрак ва буйрак касалликлари билан оғриган бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказдик, – дейди “Ewha Womans University” госпитали профессори, кардиолог Парк Сиун. – Юртингизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганининг гувоҳи бўлдик. Бу мазкур тиббий-ижтимоий марказнинг барча замонавий тиббий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ўзбекистон билан мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорлигимиз изчил мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунмиз.

Яна ўқинг:  50 ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛАДИ

Дарҳақиқат, ана шундай хайрли ишлар натижасида Ўзбекистон нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатаётган энг илғор ўн мамлакат қаторига киритилди. Зеро, соғлом ва баркамол фарзанд нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг бебаҳо бойлигидир.

– Юртимизда аҳоли саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, истиқлол йилларида бу борада кўпгина эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Тиббий-ижтимоий марказ рахбари Адҳам Усмонов. – Оилалардаги ижтимоий шароит ва психологик муҳит ўрганилиб, тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилаётир. Ушбу саъй-ҳаракатлар самарасида аҳолининг репродуктив саломатлиги мустаҳкамланиб бораётир. Ҳамкорлигимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шу.

Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар самарасида болалар урологик касалликларининг кескин камайишига эришилмоқда. Натижада жисмоний ва маънавий баркамол авлод вояга етаётир.

– Ўғлим Усмонжон олти ёшда. Унинг эшитиш соҳасидаги нуқсони борлиги сабабли ушбу кўрикка келдик, – дейди пойтахтимизнинг Яшнобод туманидан келган Дилноза Мусаева. – Хорижлик шифокорлар унга узоқ муддатли муолажа тайинлашди. Ушбу муолажани ўз вақтида олиб борсак, ўғлимнинг эшитиш қобилияти тикланар экан.

Эртага Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Ариран” қариялар уйида ушбу хайрли иш давом эттирилади.

Н.НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: