Фарзандларга Навоийни қандай ўргатиш зарур?

Жорий йилда буюк шоиримиз Алишер Навоий таваллудига 577 йил тўлади. Бу сана республикамизда катта тантаналар билан нишонланмоқда. Шоир ижодининг у ёки бу қирралари, унинг асарларидаги илмий жамоатчиликка нотаниш бўлган айрим жиҳатлар борасида туркум мақолалар, тадқиқоту қатор китоблар чоп этилмоқда. Навоий ижодини чет элга танитиш, буюк шоир бадиияти сирларини жаҳон миқёсида ўрганиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда. Умуман, шоир ижодини, ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш учун нималар қилиниши зарур? Филология фанлари доктори Афтондил Эркинов билан қилган суҳбатимизда айни шу масалалар ҳақида фикр юритилади.

 

Кўпчиликка яхши маълумки, сиз бир неча йиллардан бери Навоий ижоди билан шуғулланиб келасиз. Айниқса, хорижда Навоийни ўрганиш борасида қилинаётган ишлардан яхши хабардорсиз. Бугун хориждаги ўқувчи ва мутахассислар орасида буюк шоир ижодини ўрганиш ва уни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш жараёни қандай кечмоқда?

 

– Хорижда навоийшунослик, қодирийшунослик деган алоҳида соҳалар йўқ. Навоий ижоди ўзбек адабиётини тадқиқ қилиш доирасида ўрганилади. Хорижда шоир ижоди ҳақида кўп ишлар қилинган. Хусусан, Европа, Америка ва Шарқ давлатларида, хусусан, Туркияда бир қанча изланишлар олиб борилганки, совет тузуми даври ва унинг сиёсати таъсирида мазкур тадқиқотлар ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келмаган. Мен бир неча йиллар давомида уларнинг бир қисминигина кўриш имконига эга бўлдим. Навоий ижоди билан шуғулланганим учун уларга жуда қизиқаман, аммо йиллар давомидаги изланишларим натижасида ҳам мазкур тадқиқотларнинг ҳаммасини билдим ва кўриб чиқа олдим, дея олмайман. Биринчидан, шоир ижодини ўрганиш бўйича библиографиялар эски ва уларга хориждаги Навоий ижоди бўйича ёзилган тадқиқотларнинг жуда кам қисми киритилган. Иккинчидан, чет элда кутубхоналар жуда кўп ва улар дунёнинг турли минтақаларида жойлашган, биргина кутубхонанинг ўзидан излаган манбангизни топиш анча муаммо туғдиради. Бутун дунё адабиётларини ўзида жамлаган кутубхона эса жаҳонда йўқ ҳисоби. Мазкур даргоҳлардан излаган нарсангизни бирини топсангиз, иккинчисини тополмайсиз. Яна олимларимиз учун тил тўсиғи ҳам бор. Бизда Европа тилларини мукаммал ўрганиш эса асосан мустақилликдан кейин ривожланди. Кўпгина навоийшунос олимларимиз Европа тилларини билмаганлари учун у ерларда қандай янги манбалар нашр қилинаётганини билишга у қадар интилишмаган.

Аслини олганда Навоийни жиддий ўрганиш жараёни Европада XIX асрдан бошланган. Бугунги кунда бу жараён суръати янада тезлашган. Масалан, 2003 йили Германияда “Алишер Навоий” номли тўпламдан Навоий ижоди, унинг шахсияти ва Темурийлар муҳити бўйича немис ва инглиз тилларида ёзилган мақолалар, Барбара Келлнер Хенкель, Юрген Паул, Клаус Шониг, Эрика Таувбе, Клаудя Ромер, Марк Киршнер, Зигрид Клайнмихел ва Ёахим Гирлишс каби германиялик олимларнинг тадқиқотлари ўрин олган. Мазкур тадқиқотларда Навоийнинг ўз даври маданий муҳитидаги муҳим ўрни кўрсатилган. Хорижлик мутахассислар Навоий ижодини у яшаган муҳит, хусусан, Ҳусайн Бойқаро даври муҳити билан боғлаб ўрганишади. Бу даврга улар Шарқ Уйғониши даври сифатида қараб, адабиёт, тарих, санъат, меъморчилик соҳаларининг ривожланишини Навоий фаолияти билан боғлиқликда кўришади. Шоирнинг ҳунармандчилик, архитектура ёдгорликлари, ўша даврда амалга оширилган турли ободонлаштириш ишларига қўшган ҳиссасини, айниқса, юқори баҳолашади. Улар Навоийни тараққийпарвар, маърифатпарвар, саховатпеша инсон сифатида яхши билишади. Уларга қиёслаганимизда, биздаги навоийшунослик шоир асарлари матни таҳлилига кўпроқ аҳамият бериши билан улардан ажралиб туради, дейиш мумкин.

Яна ўқинг:  Жаҳон чемпионати кубоги Тошкентда

Навоий ижоди бўйича тадқиқот олиб бораётган олималардан бири канадалик Мария Сабтелнидир. У 1979 йилда Гарвард университетида “Ҳусайн Бойқаро саройидаги адабий муҳит ва унинг сиёсий хусусияти” деган мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаган. Кейинчалик олима Навоий ижоди бўйича бир қанча мақолалар ёзган. Мана шу мақолалар ва Темурийлар давридаги адабиёт ва санъатга доир барча материалларини тўплаб, 2007 йили Нидерландияда “Темурийлар ўтиш даврида” деган китоб чиқарган.

Немис олимаси Зигрид Клайнмихел Навоийнинг турк адабиётига таъсири ҳақида қисқа, аммо чуқур мақола ёзган. Навоий ижодиётининг айнан қайси нуқталари усмонли турк шеъриятига таъсир этганлигини асосли ёритган. Шу турдаги тадқиқотлар орқали Навоийни дунёга танитиш ўринли бўлади. Туркиялик адабиётшунос Юсуф Четинтоғнинг “Алишер Навоийнинг усмонли турк шеъриятига таъсири” номли 2006 йилда чоп этилган туркча китоби ўзбек тилига ҳам таржима қилинди. Мазкур китобда Навоий ғазалларига турк шоирлари тақлид қилиб ёзган ғазаллар ҳақида сўз кетади.

 

Демак, сиз ўзбек адабиётини Навоий ижоди бўйича ёзилган залворли ишларимиз орқали ҳам дунёга танитишимиз мумкин, демоқчисиз?

 

– Ҳа, албатта, шу ўринда бир нарсани таъкидлашни хоҳлардим. ХХI асрда дунёнинг кўпгина давлатлари бозор иқтисодиёти шароитида яшамоқда. Бозор иқтисодиётининг асосий талабларидан бири бу дунё бозорига чиқиш. Ўзбекистон ҳам ўз маҳсулотлари билан дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Биздаги адабиётга бағишланган интернет сайтларидан бирида бир профессорнинг фикрларини ўқиб, таажжубга тушдим. У ўзбек адабиётшунослигида катта ишлар қилиняпти ва дунё таниши керак бўлган кўп олимларимиз бор, улар ёзган ишлар ғарб тилларига ўгирилганида эди, уларни дунё таниган бўларди, дебди. Содда қилиб айтганда, олимнинг, биздаги ишларни билмаганликлари, таржима қилмаганлари учун хорижлик олимлар айбдордек. Йўқ, менимча, айб уларда эмас, кўпроқ айб бизнинг ўзимизда. Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамма ўзи учун ўзи курашади. Масалан, мен ўзбек адабиёти бўйича мутахассисман, бирор хорижий, жумладан, Европа тилларида ўқиб тушунганим, гапира олганим билан у тилда равон ёза олмайман. Ёзганларимга ўзим таржимон топиб, уни таржима қилдириб, кейин хорижда нашр қилдираман. Шу усулда Навоий ижоди ва ўзбек мумтоз адабиёти масалалари бўйича қатор мақолаларимни ғарбда нашр эттирдим. Ҳозир олимларимиз учун ҳамма имкониятлар бор, кимнинг қўлидан нима келса, марҳамат, дунёга чиқишга интилсин. Бу бизга мустақиллик берган имконият. Шундай ҳаракатларнинг маълум бир натижаси, албатта бўлади. “Адабиётимизни ҳеч ким таржима қилмаяпти”, деб гина қилиб ўтиравериш, айбни бировга тўнкаш билан адабиётшунослигимиз ҳеч қандай фойда топмайди. Айни ҳолатни навоийшуносликка нисбатан ҳам айтиш мумкин. Забардаст навоийшуносларимиз ўз тадқиқотларини ғарб тилларига таржима қилдириб, жаҳон миқёсида машҳур бўлган адабий-илмий журналларга юборсинлар. Бизнинг адабиётшуносликни ҳам дунё танисин.

Яна ўқинг:  Ҳайъат йиғилишида беморга қўполлик қилган тиббиёт ходимлари вазифасидан озод қилинди

 

Афтондил ака, биз Навоий ижодини таҳлил қилиш, уни ўқувчиларга етказишда одатий, бундан йигирма-ўттиз йил олдин ишлаб чиқилган қоидаларга кўникиб қолганмиз. Яъни, шоирнинг бир ғазал ёки рубоийсини оламиз-да, уни таҳлил қилиш, бизга тушунарсиз сўзларнинг луғатини бериш билан чекланамиз. Навоий ижодини ўқувчиларга яқинлаштиришнинг янгича йўлларини излаб топиш, замонавий технологиялар ёрдамида уни ҳаётга тадбиқ этиш вақти келмадимикин?

 

– Бу жараёнга анча олдин киришиш керак эди. Тўғри, таълим соҳасида маълум бир янги изланишларга эришилаётганини эътироф этиш керак. Аммо Навоийни англаш масаласи ҳали ҳам мураккаблигича қолмоқда. Беш аср аввалги тил ва ғояларни технологик тараққиёт асрида яшаётган бугунги кун кишисига етказиш осон эмас. Ҳозирги кўпгина дарсликларда шоир ижодидан маълум бир парча берилади-да, сўнг саҳифанинг ярмида мураккаб сўзларнинг луғати келтирилади. Буни ўқувчини матнга яқинлаштириш учун интилиш сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо бутун дунёдаги жадал технологик тараққиёт замони ҳамма халқларни ўз мумтоз адабиётларидан бироз бўлса ҳам узоқлаштирмоқда. Ҳозирги вақтда янги информация шу қадар кўп ва уни қўлга киритиш ҳам анча осонлашган. Мана шундай мураккаб шароитда биз балки болани матнга эмас, матнни болага яқинлаштирганимиз маъқул. Ҳозир қўлидаги телефони, интернет орқали дунёни кузатаётган бола Навоийни ўрганиш учун китобида келтирилган парчага оид матнга, сўнг унинг остидаги изоҳига қараб ўтирмайди. У тезликда интернетга мурожаат қилади. Шунинг учун шоир ижодини соддалаштириб, уни болалар тушунадиган шаклга солиб, сўнг шу матнни мамлакатимиз олий ўқув юртларида неча мутахассислик тили бўлса, ўша тилларга таржима қилиб, интернет сайтларига жойлаштириш, шоир ҳаёти бўйича олинган фильмлар, қўйилган спектаклларни, яна унинг асарларини оригинал, насрий баёнлари, 10 жилдлик русча таржималари, қолаверса, навоийшуносликка оид манбаларни эринмасдан интернетга киритишимиз керак. Интернет китоб ўрнини боса олмаса ҳам у Навоийни, мумтоз адабиётимизни ўқувчига етказишда самарали воситалардан бири бўлиши керак.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Яқинда “Бобурнома” замонавий ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинди. Бу жуда ҳам эътирофга лойиқ иш. Чунки “Бобурнома”нинг асл матни мавжуд эди, энди замонавий ўзбек тилидагиси ҳам яратилди. Асар ўқувчига анча яқинлаштирилди. Ваҳоланки, “Бобурнома” тили ва Бобур шеърияти бошқа ўтмиш шоирлари тилига нисбатан анча тушунарли. Мана шундай ҳолатда ҳам “Бобурнома”ни шундай усулда ўқувчига яқинлаштиришга эришилди. Худди шундай тарзда Навоийнинг барча асарларини ҳозирги ўзбек тилига насрий баён қилиб чиқиб, нашр қилиш керак. Бу ўринда Навоий асарларининг асл матни ҳам, насрий баёнлари ҳам керак.

Яқинда бир русийзабон китобхон менга Навоий шеърларининг русча таржималарини интернетдан қидирганини, аммо жуда кам шеър топа олганини айтиб қолди. Демак, ҳатто русийзабон ўқувчилар орасида Навоий ижодига қизиқувчилар кам эмас экан, уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун ҳаракат қилиш лозим.

Худди шу гапни инглиз ва Европанинг бошқа тилларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Ўқувчи ўзига керакли нарсани улар ичидан танлаб олади. Ахир, Навоий асарларининг рус, инглиз ва бошқа тилларга ўгирилган нашрлари йўқ эмас-ку. Нега уларни интернетга жойлаштирмаймиз? Асосий мақсадимиз бу буюк сиймолар ижодини ўқувчиларга яқинлаштириш-ку!

Яна ўқинг:  “Кечмагай мард дўстидан...”

Бундан анча олдин Охунжон Сафаровнинг “Болаларнинг ўз Навоийси бўлсин” деган бир мақоласи чиққан эди. Олимнинг фикрича, шоир достонларининг насрий баёнларини болаларга тушунтириб берадиган шаклда тайёрлаш керак. Тўғри, бу ишлар маълум маънода амалга оширилди. Аммо бугунги авлод кечаги воқеалар билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Унинг қўлига муттасил янги ва замонавий материал бериб бориш керак. Болага Навоийни болага хос тарзда тушунтира олишимиз керак.

Мутахассислар етишмаслигини рўкач қилиш ҳам яхши эмас. Бизда чет тилларни мукаммал эгаллаётган истеъдодли ёш авлод шаклланяпти. Улар ўз ўрнида бадиий ижод билан ҳам шуғулланишади. Навоий ёки Бобур ғазалларидан тили осонроғини танлаб, уларга тажриба учун бўлса ҳам таржима қилдириш, айни шу таржимани таҳлил қилиш учун бошқаларга бериш лозим. Навоий ва бошқа классикларимиз асарларини таржима қилиш бўйича ижодий мусобақалар ўтказилиши керак. Менимча, шу йўл билан аста-секин яхши натижаларга эришиш мумкин.

 

Алимурод ТОЖИЕВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: