Шериклик оши

(Ҳангома ўрнида)

Бошни бошга қўйиб

икки ҳамсоя

тадбир тузди,

йўлин топди ниҳоят.

Моддий таъминотни

оширмоқ учун

ўртага ташлади

ҳамкорлик кучин.

Келишув нақд бўлди,

хайру хушомад.

Иккига бўлинар

мўмай даромад.

Режа маромига келиб

хатланди.

Азон икки қўшни

бозор отланди.

Йўлни яқин қилди,

ширин хаёл, ўй.

Бири қўчқор сотди,

бири сотди қўй.

Сўнг бозор айланиб

иккала шоввоз,

пулни жамлаб олди

озғин бир новвос.

Ният эзгу бўлса,

қилсанг ҳаракат,

Чорванинг ишида

бордир барака.

Икки хонадоннинг

ул-бул чиқини,

Мойга тўлдиради

бир мол биқинин.

Ана қарабсизки,

ҳафта, ой ўтиб,

терига сиғмайди

буқанинг эти.

Новвосга бир зумда

ётоқ бўлди шай.

Катта ёнғоқ ости

ҳаммага қулай.

Назардан панада

ҳовли этаги.

Биров кўз ташламас

жўрттага.

Хуллас, кунлар аста

ўта бошлади.

Икки қўшни интиқ

кута бошлади.

Ахир ҳаёт бошқа,

бошқадир хаёл.

Бир молни боқиш ҳам

келади малол.

Қанча важга сабаб

бўлди жонивор.

Неча бор сувсиз, оч

қолди жонивор.

Бир кун бечоранинг

паймони тўлди.

Ҳўкиз сансоларлик

қурбони бўлди.

Хайрият, ҳалоллаб

олди этини.

Қўшнилар жанжалга

қолди бетиним.

Тўрт туёқ иккитадан

тушдию роса,

Бир калла, бир думдан

қочди муроса.

Охир арралади

тумшуғидан сўнг,

Иккига бўлинди

ҳатто арқон, гўнг.

Очилди минг йиллик

“қайдлар китоби”.

Эски жароҳатлар,

дардлар китоби.

Айтилмай қолмади

битта гина ҳам.

Беиз бўлиб кетган

ипу игна ҳам.

Қуёш ботар битди

даҳанаки жанг.

Ҳамма уй-уйига кетди

ҳоли танг.

Сўнг икки ҳовлида

қарсиллаб ўтин,

олов ловуллади,

бурқсиди тутун.

Икки дошқозонда

бир ҳўкиз боши:

Аммо татимади

шериклик оши.

 

Фахриддин ҲАЙИТ

Яна ўқинг:  “Дока рўмол қуриши” ёхуд маҳалладаги “Яраштирув комиссияси” ўз вазифасини бажаряптими?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: