Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Ватанни улуғлаш – юксак шараф

07.04.2017
55 марта ўқилди
Ватанни улуғлаш – юксак шараф

Аёл ва баҳор эгизакларга ўхшайди. Уларнинг уйғун сифату жиҳатлари кўп: гўзаллик, нафосат, майинлик… Баҳорнинг айнан аёллар байрами билан бошланишида ҳам чуқур маъно мужассам.

Шу кунларда халқимиз меҳр-муҳаббат айёми бўлмиш Наврўзни катта тантана билан нишонламоқда. Тоғларни гуллар атрига буркаган навбаҳор насими ҳамал кирганини, қут-барака ва тўкин-сочинлик палласи бошланганини англатади. Ариқ бўйларида ялпиз-у чучмома тераётган қизалоқлар юз-кўзидаги хуш кайфият момолар дуоси билан дилларга кўчади. Яқиндагина ана шу қизалоқлар каби баҳор шамоли билан қувлашиб юрган паркентлик Дилноза Раҳматова ҳам орзулар пиллапоясидан кўтарилиб, бугун эришган муваффақиятлари билан ота-онаси, устозлари фахрига айланди.

Дилноза болалигидан сув спортига ўзгача меҳр қўйди. Қизидаги иштиёқни кўрган Бакир Аҳмедов уни Чирчиқ олимпия захиралари мактабига олиб борди. Бу ердаги сабоқлар қизалоқнинг спортга бўлган меҳрини янада оширди. Айниқса, байдарка ва каноэда эшкак эшиш билан шуғулланиш орқали унинг болаликдаги орзулари ушалди. Устози Рустам Мирзадиёров раҳбарлигида тинимсиз машқ қилган Дилноза тез орада мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.

У 2012 йил Самарқандда бўлиб ўтган “Самарқанд юлдузлари” халқаро мусобақасида кумуш медални қўлга киритди. 2013 йил Канадада ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштироки эса ёш спортчи қиз учун халқаро миқёсдаги ғалабаларга пойдевор бўлди. Айниқса, 2015 йил унинг учун омадли келди. Шу йили Украина, Франция, Португалия давлатларида ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақалари ҳамда Самарқандда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида совринли ўринларни қўлга киритди.

– Дилноза тиришқоқлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб туради, – дейди байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийи Рустам Мирзадиёров. – Унинг шижоатини, мақсад сари интилишини кўриб, қойил қоламан. Мен ана шундай шогирдим борлиги билан фахрланаман.

Дилноза бугунгача бир неча карра Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида зафар қучган. Хусусан, 2016 йил Самарқандда ўтказилган Осиё кубоги баҳсларида олтин медални қўлга киритди. Бу эса жорий йил май ойида Венгрия ва Сербия давлатларида бўладиган жаҳон кубоги мусобақалари ҳамда Руминияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан ўзига бўлган ишончнинг ортишига ёрдам беради.

Спорт билан бир қаторда адабиётга ҳам меҳри баланд қаҳрамонимиз шеър ва мақолалари билан матбуот нашрларида мунтазам қатнашиб туради. Жорий йил Зулфия номидаги давлат мукофотини қўлга киритган Дилноза учун имкониятлар эшиги янада кенгроқ очилди.

– Бахт бу Ватанда қадрланиш, халқнинг ишончи ва меҳрини ҳар қадамда ҳис этиш ҳамда ана шу эътиборга лойиқ бўлиб, юрт номини шарафлашдир, – дейди Дилноза Раҳматова. – Мамлакатимизда биз ёшларнинг жисмоний ва маънавий соғлом бўлиб улғайишимиз учун яратилган имкониятлар туфайли бугун кўплаб ютуқларга эришдим. Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлишим, давлатимизнинг юксак ғамхўрлиги, тинимсиз изланишлар самараси, деб биламан. Биз ёшлар ана шу ишончни оқлаш мақсадида ўз билим ва иқтидоримизни она Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши учун сафарбар этамиз. Чунки, ҳеч бир давлат ўз қизларини Ўзбекистончалик севмайди, эъзозламайди.

Инсон умрини бежиз оқар сувга қиёслашмайди. Ҳаётнинг қайтмас дақиқаларини мазмунли ўтказиш ёки уни беҳуда сарфлаш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Билганимиз шуки, эзгу мақсад сари интилган одамнинг ҳар они файзли, келажаги порлоқ бўлади.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252701
Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?Тиббий сабоқлар

Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?

Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало

28.12.20241217
Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...Тиббий сабоқлар

Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...

Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради».

20.01.20251552
Бошни ювиб,  кўчага чиқиш соғлик учун хавфлиТиббий сабоқлар

Бошни ювиб, кўчага чиқиш соғлик учун хавфли

Баъзи инсонлар қандай шароит бўлмасин, тонгда илиқ ванна қабул қилишни хуш кўради. Айримлар эса эрталаб бошини ювиб, ишга ёки ўқишга боришга одатланган. Хўш, бу қанчалик тўғри? Бош

03.01.20251304