Офтобга дўст

Тўлқин ЭШБЕКОВ, филология фанлари номзоди, доцент:

Азиз муштарийлар! Сир эмаски, сўнгги йилларда китобхонлик масаласи нафақат давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши, балки кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб бормоқда. Дарҳақиқат, бадиий асар мутолаасига ошуфта қалблар борки, уларда ёвузлик, жаҳолат ботқоғига ботиш каби ёмон иллатлар пайдо бўлмайди. Чунки, китоб инсонларни эзгулик сари етаклайди, уларни маънан баркамол қилиб тарбиялайди. Шу мақсадда биз ҳам газетамизда янги “Китоб – тафаккур хазинаси” рукнини ташкил этиш, у орқали таниқли олимлар, филологлар, фан ва жамоат арбоблари, иқтидорли ёшларнинг бу борадаги фикрларини сизлар билан баҳам кўриб боришга аҳд қилдик. Дастлабки суҳбатдошимиз таниқли журналист, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбеков билан бўлди. Уларнинг мавзу юзасидан фикрлари, ширин хотиралари, ҳаётий тажриба ва тавсияларини сизга ҳам илиндик.

Мактабда ўқиб юрган кезларимизда устозларимиз бизни китоб ўқишга ундарди. Қайси фандан сабоқ бермасин, барибир дарсларнинг маълум бир қисмини бадиий адабиётлар тарғиботига қаратар эдилар. Ҳатто, ўқитувчиларимиз ўзлари ўқиган асарлари ҳақида шундай тўлқинланиб гапирар эдики, биз дарсдан сўнг албатта, ўша китобни излаб топиб, уни қунт билан ўқиб чиқишга киришардик. Биз ана шундай таълим-тарбия таъсирида ўсдик, улғайдик, билим олдик. Болалик йилларимда ўзим гувоҳи бўлган яна бир ҳолат бу тўй ва маросимларда зиёлиларнинг бадиий асарлардан парчалар келтириши эди. Улар фикрларини йиғилганлар учун қизиқарли бўлиши учун шеърлардан фойдаланишар эди.

Талабалик йилларим эса шубҳасиз, мутолаа палласи бўлди. Деярли ҳар куни китоб дўконларига бориб, бирор бир бадиий асарни харид қилардим. Талабалар турар жойида истиқомат қилганим, менда нафақат ўз шахсий кутубхонамдан унумли фойдаланиш, балки дўстларимнинг жавонларидаги асарларни ҳам ўқиб чиқиш имконини берган. Биз кўп ҳолларда ўқиган китобларимизни дўстлар даврасида муҳокама қилардик. Асарга бўлган қизиқиш туфайли у қўлма-қўл бўлиб кетганини сезмай қолардик. Байрам ва туғилган кунлардаги энг яхши совға эса шубҳасиз, китоб эди. Талабалик йилларим Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев каби ёзувчиларнинг асарлари билан завқли ўтган.

Бугунги кунга келиб журналист сифатида матбуот саҳифаларида бирор мавзуни ёритиш, қолаверса, ёш қаламкашларга таълим бериш жараёнида ўқиган ва ҳали ҳам мутолаасида давом этаётган китобларим қўл келади. Дарслар орқали асарлардаги улкан маънавий моҳиятни талабалар онгига сингдиришга ҳаракат қиламан.

Яна ўқинг:  Бағрингиздаги болангизга олисдан муносабатда бўлманг

Давлатимиз раҳбарининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармонининг эълон қилиниши мамлакатимизни маърифатли жамият сари яна бир қадам ташлаганидан дарак беради. Айни дамда ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ҳар ойда бир неча маротаба китобхонлик кечалари ўтказиб келинмоқда. Қувонарли жиҳати, ҳар галги тадбирларимизда Ёзувчилар уюшмаси ўзининг юздан ортиқ китобларини университетимиз кутубхонасига ва иқтидорли талабаларимизга совға қилмоқда. Шунингдек, таълим даргоҳининг кўплаб ижодкор ўқитувчилари уюшма томонидан ташкил этилган китобхонлик кечаларида ҳам иштирок этиб келишяпти. Яқинда мен ҳам бир гуруҳ ҳамкасбларим билан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 195-умумтаълим мактабида бўлдим. У ерда таҳсил олаётган ўқувчиларга турли бадиий асарлар ҳақида саволлар билан мурожаат қилганимизда, ўқувчилар шу қадар зийраклик ва донолик билан жавоб бердиларки, жараённи кузата туриб, ёшларимиз чиндан ҳам китоб мутолаасига қаттиқ бел боғлаганликларининг гувоҳига айландим.

Замонавий техника воситаларининг ривожланиши китобларнинг электрон шакли яратилишига сабаб бўлди. Бу ҳам тараққиёт меваси. Масалан, бирор хорижий адабиётнинг электрон нусхаси керак бўлса, уни интернет орқали топиб, мутолаа қилишимиз мумкин. Бу яхши, бироқ мен ана шу электрон манбани китоб ҳолида ўқишни тавсия қилган бўлардим. Негаки, муттасил компьютер ёки телефон экранига термулиб ўтириш соғлиқ учун зарар етказади ва фикрни чалғитади. Натижада бир жумланинг мазмунини англаш учун ана шу сўзларга қайта мурожаат қилишингизга тўғри келади.

 Аммо, кутубхонага бориб, ёқтирган китобингизни қўлингизга олиб, ўқишнинг завқи барибир бошқача.

 Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, китоб мутолааси ва у билан ҳамоҳанг яшаш инсонларни фақат яхши амаллар сари етаклайди. Агар бугунгидек шароит ва имконият бизнинг талабалик йилларимизда бўлганида эди, балки ҳозиргидан-да кўпроқ асарларни ўқиган, уларнинг моҳиятини янада чуқурроқ англаб етган бўлардик. Сўзим якунида барча юртдошларимизни, айниқса, ёшларни китоб билан дўст тутинишга чорлаб қоламан.

 

 

Исфандиёр БУРГУТБОЕВ ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: