Халқ қабулхоналари – инсон манфаатлари йўлида хизмат қилмоқда

Жорий йил Президентимиз томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингач, мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича тизимига ўтиш бўйича кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси иши тўғрисидаги кўплаб ижобий фикрларни эътиборга олиб, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни амалда қарор топтириш кўзда тутилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Халқ қабулхоналари тузилди.

Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг асосий вазифалари белгиланди:

– аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш;

– фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;

Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш каби бир қанча вазифалар юклатилган.

– Банкимиз қошида “Халқ қабулхонаси” очилган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан-тўғри ўзлари келиб мурожаат қилиш имконияти яратилган, – дейди, “Davrbank” хусусий акциядорлик тижорат банки мутахассиси Камола Юнусова. – Мурожаатлар юзасидан амалиёт бошқармасида фуқароларни қабул қилиш хонаси ва уларни кутиш жойи ташкил қилинган. Ёзма ва оғзаки мурожаатларни тезкор ҳал қилиш ва ижросини таъминлашни мувофиқлаштириш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этилган. Қувонарлиси, ҳозиргача бир қанча фуқароларимиз қабулхонамизга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, ўзларини қийнаётган муаммоларга ечим топмоқда.

Яна ўқинг:  Илм-фан тараққиёти юрт равнақига хизмат қилади

– Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ва аризаларини зудлик билан кўриб чиқиш, қолаверса, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 2016 йилнинг 28 ноябрь куни Халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси (www.uzedu.uz) ишга туширилди. Бундан ташқари фуқароларимиз тўғридан-тўғри раҳбарият қабулига кириб, қисқа муддат ичида ўз саволларига жавоб олиш имконига эга бўлмоқда, – дейди вазирлик Ахборот хизмати раҳбари Баҳриддин Шайвалиев. – 2016 йил мобайнида Халқ таълими вазирлигига фуқаролардан жами 4 минг 957 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Шулардан 401 та оғзаки, 2 минг 66 та ёзма, 2 минг 297 та ишонч телефони орқали қўнғироқлар, 111 та вазирнинг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар ҳисобланади.

 

Ушбу мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, 3 минг 55 тасида мурожаат эгасига тушунтириш берилди, 1 минг 157 тасида муаллиф қаноатлантирилди.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мурожаатларнинг аксарият қисми тадбиркорликни ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жойкоммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш масалалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг фаолияти юзасидан келиб тушмоқда. Ушбу муаммоларни бартараф этиш йўлида фуқаролар қабулхонаси самарали натижаларга эришади, деган умиддамиз.

 

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: