“Бака-бум-бак”: доира садосида байрам шукуҳи

Санъат инсонни комиллик сари етакловчи, руҳиятига жўшқинлик, қалбига сурур бағишловчи тилсимдир. Куй-қўшиққа ошно қалб эса яхшилик ва эзгуликка йўлдош бўлади.

Созанда Равшан Юнусов ҳам болалигидан санъатга ўзгача меҳр қўйди. Отаси Раҳматжон ака ўғлининг турли буюмларни соз қилиб чалаётганини кўргач, унга доира совға қилди. Бундан ёш Равшаннинг мурғак қалби чексиз шодликка тўлди. Кейинчалик бўлажак созанда мусиқа мактабида таҳсил олди. Ака-ука Исломовлар ва доирачи Аббос Қосимовлардан санъатнинг сир-асрорларини пухта ўрганди.

– Доира чалиш бир қарашда оддийдек туюлиши мумкин, – дейди Равшан ака Юнусов, – бироқ бу созга юрак қўрингизни, қалб ҳароратингизни бермас экансиз, томошабинга завқ-у шавқ улашолмайсиз.

Устанинг айтишича, доира ўзбекларнинг севимли мусиқий чолғу асбобларидан бўлиб, у ўнлаб темир ҳалқали гардиш, юза қисми эса тери билан қопланган айлана шаклдаги создир. Ундан тараладиган садо кишига ажиб кўтаринкилик улашиб, инсонни беихтиёр рақсга чорлайди. Доиранинг ҳар зарби юракдан чиқиб, юракларга етиб боради.

Ушбу миллий сознинг яралиши узоқ ўтмишга бориб тақалади. Манбаларда ёзилишича, дастлаб зарбли чолғулар – ноғора, чиндовул, чилдирма, довул, доира яратилган. Улар орасида доира қарийб, икки минг йиллик тарихга эга. У асосан, Марказий Осиё халқлари орасида кенг тарқалган бўлиб, ансамбль ёки якка ҳолда ижро этилади. Халқимиз орасида доира ёрдамида чалинадиган “Қўш қарс”, “Катта ўйин”, “Шодлик”, “Шиқилдоқ”, “Тантана”, “Сарбоз”, “Олтинкўл”, “Терма” каби куйлар жуда машҳур.

 – Психологларнинг таъкидлашича, доира чалиш, уни тинглаш қон айланиш тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, кишида қувноқ кайфият уйғотар экан, – дейди қаҳрамонимиз Равшан Юнусов.

 – Сознинг яна бир хусусияти созанда танлайди – кенг кафт, узун ва кучли бармоқ эгаси билан тез “тил топишади”. Тўғрисини айтсам, кунда бир марта доира чалмасам, кўнглим таскин топмайди. Унинг жўшқин садосидан танамда енгиллик ҳис этаман. Руҳим кўтарилиб, вужудимдаги ўй-ташвишлар чекингандай бўлади.

Равшан ака Юнусов устоз-шогирд анъаналарини давом эттириб келаётган санъаткорлардан. У ҳозирда Тошкент вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида ёш истеъдод эгаларига сабоқ бериш билан бирга Аббос Қосимов ташкил этган “Аббос” гуруҳига раҳбарлик қилмоқда.

– Шогирдларимга доира чалиш сирларини ўргатишда устозларим Илҳом Икромов, Элмурод Исломов, Аббос Қосимовлардан олган билим ва кўникмаларим асқотмоқда, – дейди Р. Юнусов. – Қувонарлиси, юртимизда ёшларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларни ўзбек миллий созига бўлган муҳаббатини ошириш, чинакам истеъдод эгаларини кашф этиш борасида барча шарт-шароит яратилган.

Яна ўқинг:  Каштадўзлик – ўзбек аёлининг зийнати

Айтиш жоизки, Равшан ака Юнусов бошчилигидаги “Аббос” гуруҳи карнай, сурнай, ноғора, доира созларидан эстрада йўналишида фойдаланган илк гуруҳ саналади. Жамоа аъзолари шу кунга қадар, Туркия, Туркманистон, Озарбайжон, Малайзия, Тайвань, Россия, Корея Республикаси, Венгрия каби мамлакатларда ўтказилган фестивалларда фаол иштирок этиб, ўзбек миллий мусиқаси довруғини бутун дунёга таниб келмоқда. Жумладан, 2014 йил Туркманистонда бўлиб ўтган халқаро фестивалда Равшан ака Юнусов бошчилигидаги ўзбек созандалари томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.

– Кўплаб давлатларда ижодий сафарларда бўлганимда жонажон Ўзбекистонимизни соғинаман. Унинг бетакрор гўзаллиги, сахий одамлари кўз олдимда гавдаланаверади. Халқаро саҳналарга чиққанимда эса бор маҳоратимни намойиш қиламан. Токи, ўзга юрт вакиллари ўзбегим санъатига қойил қолишсин, – дейди Равшан ака.

Ҳозирда 10 кишидан иборат тажрибали созандалар Қозоғистон Руспубликасининг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтадиган мусиқа фестивалига жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Улар бу галги тадбирда ҳам миллий чолғуларимиз оҳангини дунёга ёйишни мақсад қилишган. Биз эса санъатимиз фидойиларининг келгуси ишларига омад ва зафарлар тилаймиз.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: