Ортда қолган хавотир

Ойнаи жаҳон орқали бир гуруҳ болалар Германиядан соғломлаштирилиб, она Ватанга қайтиб келгани намойиш этилди.

Кўрсатув давомида бундай хайрли ишларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ўрни алоҳида тилга олинди.

Муқимжон бобо нигоҳини дарров телевизорга қадади. Экранда бахтиёр ота-оналар, юртга қайтган нуридийдасини севинч кўз ёшлари ила бағрига босиб, элга тинчлик сўраб дуо қилаётган бобо-ю бувилар намойиш этилди. Лавҳани кўриб отахоннинг кўнгли энтикди. У ҳам бир пайтлар Тошкент халқаро аэропортида кенжа набирасининг йўлига илҳақ бўлиб кутганди…

…Муқимжон бобонинг ўғли Комилжон ҳовли саҳнида турган тракторини созлаш учун соатлаб оввора бўлади. Дадасининг олдида 4 ёшли Алижон ўзича бир нимларнидир ўйнайди. Болакайнинг онаси ошхонада ўз иши билан банд. Фалокат оёқ остида деганлари рост экан. Тўсатдан ҳовлини боланинг бўғилиб чинқирган овози тутди. Югуриб келган катталар Алижонни машина созлашда ишлатиладиган суюқликни бехосдан ичиб юборганини билишди. Уни зудлик билан вилоят Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боришди. Афсуски, қанчалик тез ҳаракат қилинмасин кимёвий восита ўз кучини кўрсатиб бўлган эди. Мурғак боланинг оғиз ва қизилўнгач соҳаси жиддий куйиш оқибатида жароҳатланган эди.

Ҳаёт йўллари ҳамиша паст-у баландликлардан иборат. Яқин инсонларнинг сабр-у тоқати, иродаси ва бир-бирига бўлган садоқати ана шундай паллаларда билинади. Алижоннинг оиласидагилар ҳам оғир кунларда бир-бирига далда бўлиб, мусибатга сабр қилишди. Муқимжон бобонинг кўз қувончи Алижоннинг ўша воқеадан кейин иштаҳаси йўқолди. Куйган аъзолари битса ҳамки, бола дурустгина овқат еёлмай қолди. Махсус ускуна орқали унинг меъдасига жўнатиладиган егулик кор қилмай қўйди. Орадан вақт ўтиб, Алижон қувватдан қола бошлади. Кун сайин нимжон бўлиб бораётган фарзандини кўриб, ота-онанинг бағри эзиларди. Уни зудлик билан Тошкентга шифокорларнинг кўригига юборишди. Болакай пойтахтда зарурий муолажаларни олиб, шифокорлар назоратида бўлди.

Орадан кўп вақт ўтмай, Алижоннинг соғайиши учун умид учқунлари пайдо бўлди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Муқимжон бобонинг набираси саломатлиги борасидаги мурожаатини эътиборсиз қолдирмади. Болани германиялик шифокорлар ўтказадиган тиббий кўрикка олиб келишни тайинлади.

Кўрикдан сўнг оиласи билан бир зум ҳам айро яшамаган 4 ёшли болакай хорижга кўзлари тўла ёш билан мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун учиб кетди. Оила эгалари 6 ойни кун санаб ўтказишди. Ҳар кун бобо фонд орқали набираси ҳолидан бохабар бўлиб турса-да, нуридийдасининг дийдори кўз олдидан кетмасди.

Яна ўқинг:  Юрт посбонлари саломатлиги тинчлигимизни кафолатлайди

Алижон Германиядан анчагина тетик бўлиб қайтди. Орадан бироз вақт ўтгач, у навбатдаги жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун яна хорижга йўл олди. Алижон энди аввалгидай йиғламади, ота-онаси билан катталардек қўл силкиб хайрлашди. Аввало Яратганнинг инояти, қолаверса, фонд томонидан бириктирилган ходимлар ва германиялик мутахассислар меҳнати туфайли унинг саломатлиги буткул тикланди.

Муқимжон бобо ўзининг ўй-хаёллари билан оворра бўлиб қолган эканми, ёнига набираси Алижоннинг югуриб келганини пайқамай қолди. Кенжа набирасига разм солар экан, унинг чеҳрасида дарддан асар ҳам кўринмасди.

Бу йил Алижон биринчи синфга қадам қўяди. Шуларни ўйлар экан бобо Яратганга шукрона келтириб, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига қалбан миннатдорлик ҳиссини туйди.

 

Маърифат ТОЛИПОВА,

Фарғона вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: