Фаришта момомнинг саришталик сабоқлари
Раҳматли момом ҳар гал бизникига меҳмонга келганларида, аввало, акаларим ва менга зимдан разм соларди. Гарчи, касби шифокор бўлмаса-да, табиблик хислати бор момо бўйларимиз қанчага чўзилгани, ранг-рўйимиздан соғ ёки беҳол эканимизни билишга уринарди.
Кўнгли таскин топса, ойимни алқар, хафа бўлганда эса бизларга эътиборли бўлишга чақирарди. Кези келганда унинг ойимга танбеҳ берганларини эшитиб, ҳайрон бўлардим. Эндиликда ўзим ҳам она бўлиб, турмуш ташвишлари, фарзанд тарбиясида момоларимиз кўмагига муҳтож бўлишимизни тушуниб етдим.
Оналардан қизларга мерос бўлиб келаётган ҳақиқий Шарқ аёлларига хос эзгу фазилатлар ҳамиша бардавом бўлади. Жумладан, рўзғорни қандай тутишни момоларимиз биздан кўра яхши билишади. Улардан оддийгина кўрпачаларни тартиб билан, гулини гулига, рангини рангига мослаб йиғишни ўрганасиз.
Момом сандиқ қаерда туриши керак, қайси гилам қаерга тўшалиши лозим, кўрпалар уйнинг қай томонига йиғилиши зарур – барчасини ҳар гал эринмасдан тушунтирарди. Ўша кезларда беихтиёр, уларнинг дид-фаросатларига қойил қолардим. Фаришта моможоним маслаҳатлари билан уйимиз янада файзли бўлар эди. Улар бу ишларни аёл кишининг зийнати деб биларди. Оила қурган невара қизларининг турмуш ўртоқларини исми билан чақиришини уят санарди. Шунинг учун қайинака, қайинука, қайинопа ҳамда сингилларни исми билан эмас, уларни ўзларига хос хислат ва фазилатлари билан ёки бошқа бир исм билан чақиринглар, дея қайта-қайта тайинларди. “Қайнотангдан ҳамиша уял, қайнонангнинг иззатини қил, уларга яхши муносабатда бўл”, дерди. “Уйингни, фарзандларингни шундай озода тутгинки, сендан биров жаҳлланиб турса-да, буларни кўриб, кўнгли юмшасин. Айниқса, эркаклар озодаликни, чиройни хуш кўришади”, деб насиҳат қилганлари ҳамон ёдимда.
Момом раҳматли мана шу пандларини то умрининг сўнггигача невара-ю чеваралардан дариғ тутмади. Аслида барча ўзбек оналарининг эзгу тилаги, амали ҳам шудир. Ахир, бежизга Шарқ аёлларининг ҳаё-ибоси, латофати, миллийлик уфурган одоби алоҳида эътироф этилмайди.
Майна ҲАСАНОВА