Капалакнинг тақдири

Қуёш тиккага келгунча далада меҳнат қилган деҳқон толнинг ҳузурбахш соясида тушлик қилаётиб чайла деворидаги капалак пилласига кўзи тушиб қолди.

“Бу дунёда ўзгаришдан бўлак гўзаллик йўқлигига ишонадиган ягона жонзот капалак бўлса керак”, деб хаёлидан ўтказди деҳқон. Пилладан кўз узмай уни кузатар экан, у мўъжазгина борлиқнинг ҳаракатланаётганини пайқаб қолди.

Капалак шабада ўйнаётган нафис пилласининг учидаги йиртиқдан ташқарига чиқишга уринар эди. Деҳқон бу ночор хилқатнинг ҳаракатини томоша қилар экан, нозиккина жуссасини ёруғ оламга олиб ўтишга уринаётган капалакка раҳми келди. Капалак эса тинмай ғимирлар эди. Охири тоқати тоқ бўлган оқкўнгил киши пиллани қадоқ босган қўлига олиб ундаги кичкина тешикни эҳтиёткорлик билан катталаштирди.

Шунда капалак пилланинг ичидан осонлик билан чиқиб келди. Бироқ, унинг нимжон қанотлари ҳануз қовжираган, буришган ҳолатда бўлгани боис парвоз қила олмади. Ҳаво маликасига ёрдами теккан деҳқон ниҳоятда хурсанд, у бежирим қанотчаларнинг тезроқ учишини истар эди. Бироқ, бундай бўлмади.

Гарчи, яхшилик соғинган бўлса ҳам, бу инсон табиат капалакка раво кўрган бир қонуниятни билмас эди: капалак азобдек туйилган машаққатда қанотларини чиниқтириши учун ҳам табиат уни пилланинг митти тешигидан чиқишга мажбурлайди. Одамнинг ёрдами сабабли капалак энди бор умрини қанотларини судраб ўтказишга маҳкум бўлган эди.

Қиссадан ҳисса шуки, ҳаёт машаққатлари аслида бизнинг имкониятимиз, иқтидоримиз юзага чиқишига, кучли бўлиб улғайишимизга хизмат қилади. Кўпинча одамлар ҳам бир-бирларига билиб-билмай, раҳмлари келиб ёрдам бериб, уларни бир умрга мажруҳ қилиб қўядилар.

Инглиз тилидан Шуҳрат САТТОРОВ таржимаси

Яна ўқинг:  Менинг мухбир бўлганим (ҳажвия)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: