Ўрта махсус касб-ҳунар таълими: янги қарорда қандай ўзгаришлар назарда тутилган?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор академик лицейларда ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлигини ошириш, бу масканларда таълим бериш учун умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини саралаб олиш, ёшларнинг ўзлари танлаган касб ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган орзу-интилишларига эришмоғи учун янада кенг шароитлар яратиш каби аниқ мақсадларга йўналтирилган. Унда бир қатор аниқ вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатга кўра, моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган 4 та академик лицей фаолияти тугатилади ва битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54 та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади. Академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуриш учун маблағлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш мақсадида академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилади. Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари билан академик лицейлар ўртасида ўзаро таъсирчан ҳамкорлик механизми йўлга қўйилади.

Академик лицейларда таълим сифатини ошириш, таълим жараёнига илғор педагогик усуллар, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари ва мультимедиа тақдимотларини кенг татбиқ қилиш ва бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантириш кўзда тутилган.

Чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларга бўлинган тарзда, яъни иккита кичик гуруҳда ўтказилиши йўлга қўйилади. Шунингдек, педагоглар таркиби олий маълумотли ва камида 5 йиллик узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган малакали ўқитувчилар орасидан танлов асосида шакллантирилади.

Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, академик лицейлар директорлиги учун номзодлар академик лицейлар бириктирилган олий таълим муассасалари ректорлари томонидан тавсия этилиши белгиланмоқда.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейлар ўқувчиларини умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ижара тизими асосида амалга оширилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан бюджет маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади.

 Яна бир муҳим жиҳати шундаки, қарорда академик лицейлар битирувчиларига аниқ мутахассисликлар бўйича билим ва кўникмалар бериш кўзда тутилган бўлиб, таълим жараёни якунига етганидан сўнг уларга давлат намунасидаги сертификат берилади.

 Қарорда таълим жараёни сифатини ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши учун алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Унда академик лицей ўқувчиларининг бириктирилган олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари ва бошқа моддий-техник базасидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, ҳар бир академик лицейда ўқувчиларнинг индивидуал қобилиятидан келиб чиқиб, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари, ўқувчиларнинг ижодий ва мустақил изланишларига йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш, олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларнинг педагог кадрларига патронаж сифатида бириктириш, олий таълим муассасалари фаолиятига баҳо беришда улар томонидан таълим самарадорлигини ошириш бўйича академик лицейлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган. Бу борада семинар-тренинглар ташкил этиш, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, хорижий тилларни ўзлаштириш, тажрибали профессор-ўқитувчилар иштирокида доимий маҳорат дарсларини ўтказиш, академик лицей ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш каби масалалар қамраб олинган.

Яна ўқинг:  Замонавий зиё маскани

Бундан ташқари, қарорда академик лицейлар негизида босқичма-босқич ташкил этилаётган касб-ҳунар коллежлари учун зарур устахоналарни барпо этиш ва жиҳозлаш, шунингдек, соатбай асосида академик лицейларда фаолият кўрсатувчи профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш учун давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширилиши – академик лицейларда ўқитиш сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мақсадли таълимга йўналтириш, фарзандларимизнинг танланган мутахассисликларни пухта эгаллашлари учун зарур шароитларни яратишга кенг имкониятлар яратади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: