БАДИИЙ ГИМНАСТИКА: УНДА МАҲОРАТ ВА НАФОСАТ МУЖАССАМ

Пойтахтимиздаги республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия заҳиралари спорт мактабида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан бадиий гимнастика бўйича анъанавий “Нафосат олами” спорт фестивали бўлиб ўтди.

Тантанали маросимни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова очиб берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Шундан сўнг ёш истеъдодлар ижросидаги кўргазмали чиқишлар меҳмонларга байрамона кайфият улашди.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк келажагимиз бунёдкори бўлган навқирон авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб тарбиялашнинг муҳим омиллари – таълим, соғлиқни сақлаш, спорт соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим омили сифатида юксак самаралар бераётгани, юртимиз спортини, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг асосий воситаси сифатида эътироф этилмоқда. Шаҳар-у қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиб турган муҳташам спорт иншоотлари ўғил-қизларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда.

Юртимизнинг барча ҳудудларида турли спорт мусобақалари ташкил этилаётгани ёшларни спортга қизиқтириш, уларнинг ғалабага бўлган интилишини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган йилда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қирқдан ортиқ спорт тури бўйича мамлакат миқёсидаги кўплаб спорт мусобақалари ўтказилди.

Бу каби ишлар самарасида спорт билан мунтазам шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Жумладан, қизлар ҳам турли спорт тўгаракларида фаол иштирок этаётир. Спортни доимий ҳамроҳига айлантирган ёшларнинг саломатлик кўрсаткичи яхшиланиб, дунёқараши кенгаймоқда, таълим, спорт ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришмоқда. Ушбу мусобақаларга 6 минг 782 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилди. Қувонарлиси, ушбу иштирокчиларнинг 2 минг 721 нафарини қизлар ташкил этди. Бундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ёш спортчиларнинг жаҳон спорт ареналарида эришаётган улкан ғалабаларида ўз ифодасини топмоқда.

“Нафосат олами” спорт фестивалидан кўзланган мақсад ёшларни, айниқса, қизларни оммавий спортга кенг жалб этиш орқали саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан чиниқтириш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштиришдан иборат. Фестивалда икки юз эллик нафар қиз синхрон сузиш, сузиш, сувга сакраш, бадиий ва спорт гимнастикаси, спорт рақси турлари бўйича ўзаро куч синашмоқда.

Яна ўқинг:  Ҳаваскорлик халқ театрларининг республика фестивали

– Халқаро мусобақаларда она Ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир спортчи учун улкан бахтдир, – дейди спорт гимнастикаси ғолиби Фарзона Холбоева. – Спортнинг ҳар томонлама ривожлантирилаётгани, нуфузли халқаро мусобақаларда ғалабаларга эришиш учун барча шароит яратилиб берилаётгани, чексиз ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.

Мусобақанинг биринчи кунида бадиий гимнастика бўйича Самира Аҳмедова, Ясмина Раҳимова, Наталья Усова, Доменика Дамирова, Ксения Морозова, Кристина Пак шоҳсупага кўтарилган бўлса, спорт гимнастикачиларидан Фарзона Холбоева, Наима Ниғмонова, Омина Саидумарова, Роксана Шарипова, Дилдора Арипова, Александра Шевченко ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллади.

Ғалабага бўлган иштиёқ ва тинимсиз машғулотлар спортчи қизларимизнинг навбатдаги муваффақиятларига замин яратади. Улар қўлга киритаётган ютуқлар мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигининг яна бир яққол ифодасидир.

Н.НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: