Шошилинч тиббий ёрдам тизими такомиллаштирилади

Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Мазкур ҳужжатда шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлигини ва самарадорлигини тубдан ошириш, аҳолига ўз вақтида малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйи­ча даволаш, илмий-методик ва таълим ишларининг бутун комплекси­ни энг юқори даражада ташкил этишга йўналтирилган аҳолига шошилинч тиббий ёрдам бериш тизимини тубдан такомиллаштириш алоҳида бандлар асосида белгилаб берилган.

Ҳозирги вақтда бу тизим Рес­публика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги бўлимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тез тиббий ёрдам хизмати станциялари ва санитар авиация хизматини ўз ичига олади. Энг асосийси, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйи­ча хизмат кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга ҳозирги вақтда соҳада зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган бир қатор муаммо ва масалалар ҳам борки, у аниқ чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.

Авваламбор, шошилинч тиббиёт соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни ривожлантириш, малакали кадрлар, дори воситалари, тиббий ускуналар, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланиш даражасини яхшилаш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бу эса тез тиббий ёрдам фаолиятини бош­қариш ва мувофиқлаштиришнинг амалдаги тизимини қайта кўриб чиқиш, шошилинч тиббий ёрдам сифатини тубдан яхшилашга доир тезкор чоралар кўриш заруратини юзага келтирмоқда.

Фармонда шошилинч тиббий ёрдам тизимида замонавий илмий-техник ютуқлар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг бошқа вазирликлар ва идораларнинг шошилинч хизматлари билан тезкор ҳамкорлигини таъминлаш бўйича замонавий механизмларни татбиқ қилиш, кадрларни тайёрлаш борасида илғор усулларни жорий этиш кўзда тутилган.

Фармон билан Ўзбекистон Рес­публикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, деб қайта номланди ва Марказнинг асосий вазифалари белгиланди.

Хусусан, аҳолига бепул асосда малакали ихтисослаштирилган, юқори технологияли шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий хизмат кўрсатиш, самарадорлиги бўйича жаҳон талабларига мос келадиган шошилинч тиббий ёрдам тизимининг фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларнинг профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволаш бўйича янги, самарали технологияларни яратиш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби йўналишлар Марказнинг асосий вазифалари сифатида қайд этилди. Бундан ташқари, Марказ шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишининг устувор йўналишларини шакллантириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва илғор технологияларни яратиш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб боришни, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими учун илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ҳам мувофиқлаштириб боради.

Яна ўқинг:  Ўрта махсус касб-ҳунар таълими: янги қарорда қандай ўзгаришлар назарда тутилган?

Фармонда таъкидланганидек, 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилади. Чунки, тез тиббий ёрдам фаолиятида диспетчерлик хизматларини яхшилаш, унинг кечаю кундуз самарали ишлашини таъминлаш бугунги кун талабидир. Шу муносабат билан 2019 йилнинг 1 январидан бош­лаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари жорий қилинади.

Ушбу хизмат фаолиятида кузатилаётган камчиликларга тизимда автотранспорт воситалари билан боғлиқ масалалар ҳам сабаб бўлаётгани кўпчиликка маълум. Эндиликда Марказнинг Тез тиббий ёрдам станцияларига автотранспорт хизматини кўрсатиш “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Бу эса автотранспорт воситаларининг ҳар доим соз ҳолатда бўлишини ва керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

Айни вақтда кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойи­тиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 1200 та тез тиббий ёрдам автомобили харид қилинадиган бўлди.

Тажрибадан маълумки, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш тиббий хизмат сифатини бир неча баробар яхшилаш имконини яратади. Фармонда ушбу йўналишда имтиёзлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 2020 йилнинг 31 декабригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари эҳтиёжларини таъминлаш учун олиб кирилаётган юқори технологияли ва телекоммуникация жиҳозлари, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминотни божхона тўловларидан озод этиш белгиланди.

 Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, фармонга кўра, Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вило­яти­ филиали ташкил этилади.

 Агар шу вақтгача ушбу ҳудудда бундай тиббий муассаса мавжуд бўлмаганини назарда тутадиган бўлсак, бу янгилик вилоят аҳолиси саломатлигини сақлаш борасида қандай катта аҳамият касб этишини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта.

Яна бир янгилик – шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тез тиббий ёрдам станцияси унинг туманлардаги кичик станциялари билан бирга, юридик шахс мақомини сақлаган ҳолда, таркибий бўлинма сифатида Марказга берилиши кўзда тутилган.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда илк бор глобал тадбиркорлик ҳафталиги

Президентимизнинг мазкур фармонида кўзда тутилган эътибор ва берилаётган имтиёзлар, соҳа учун ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг ноёб технологик имкониятлари тизим мутахассислари олиб бораётган илмий изланишларнинг савиясини юксак даражада ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш ва амалиётга татбиқ қилиш имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида даволаш жараёнининг самарасини оширибгина қолмай, стационар даволаш муддатларини ва бунинг натижасида сарф-харажатларни ҳам кес­кин камайтириши шубҳасиз. Бундан ташқари, ушбу фармон Марказнинг барча филиалларини энг юксак мезонларга жавоб берадиган тиббий аппаратлар, хусусан, юрак ва қон-томирларнинг ультратовуш доплерографияси, замонавий ангиографик тузилмаси, мультиспирал компьютер томография ва магнит-резонанс томограф аппаратлари билан тўлиқ таъминланиши учун имконият яратади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон ҳамда у билан тасдиқланган ҳуқуқий ҳужжатлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш, соҳада илмий-тадқиқот фаолияти кўламини кенгайтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, инсон манфаатлари, халқимиз фаровонлиги ҳақида сўз борар экан, бу масалалар доимо давлатимизнинг диққат марказида бўлиб қолади. Ана шу эзгу мақсадларнинг мамлакатимиз Президенти ­Шавкат ­Мирзиёев томонидан эълон қилинган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да рўёбга чиқарилиши эса янада аҳамиятлидир.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: