Картошка етиштириш бўйича тавсиялар

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: картошканинг Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига 63 та нави киритилган. Эртапишар навлардан Латона, Фреско, Ред Скарлет, ўртаги-эртаги Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Диёра, ўртапишар Тўйимли, Умид, Кўк сарой, Серҳосил, Аладин, Аринда, Арнова, ўртаги-кечки Ақроб, Мондиал, Диамант, Пикассо ва бошқалар шулар жумласидандир.

Уруғ танлаш. Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилни 12-15% ошириб, 10-15 кун эрта пишишига имкон беради. Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30-35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20-25 кун илгари қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18-22оС даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Уруғликлар майда йириклигига қараб (40-60,60-80,80-100 г) саралаб ундириш хонанинг полларига, сўкчакларга (стеллаж) 2-3 қатламдан оширмай ёки 12-20-25 кг. ли яшикларга қўйиш лозим. Уларни яшил нишлари экиш давригача қўлда қўйиб кетмон билан ёпиб экиладиган бўлса 3-4 см. гача ўстириб экилса бўлади. Оғирлиги 100 г. дан катта туганакларни баҳорда экиш учун икки-уч бўлакка бўлинади.

Ер тайёрлаш. 1 сотихга 250-300 кг (10 сотихга 2,5-3 т) тоза, чириган гўнг солинади. Тупроқ белкуракда 18-20 см чуқурликда юмшатилади ёки кетмон билан чопилади. Катта кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Баҳорги муддатда жанубий вилоятларда 15 февраль-1 март, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 25 февраль-10 март, шимолий минтақаларда 10-20 март. Ёзги муддатда жанубий вилоятларда тезпишар навлар – 10-20 июль; ўртапишар навлар – 5-20 июль; кечпишар навлар 20-30 июнь; марказий минтақада жойлашган вилоятларда тезпишар навлар – 10-20 июль, ўртапишар навлар – 10-30 июнь, кечпишар навлар 10-20 июнда экилади. Шимолий ҳудудларда тезпишар навлар – 20-30 июнь, ўртапишар навлар – 15-25 июнь, кечпишар навлар – 5-10 июнда экилади. Картошка туганаклари (уруғлиги) 5-8 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 50-70 грамм оғирликда бўлган, 30-35 кг картошка уруғлиги сарфланади.

Картошка олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга қўлда кетмон билан 70×30 ёки 90×25 см схемада экилади.

Яна ўқинг:  Юмшоқ ўйинчоқларнинг жўяли ва ножўя хусусиятлари

Парваришлаш. Майдонлар уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1-2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4-6 кун ўтгач, қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига қўлда кетмон билан ялписига ишлов бериш лозим. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 20-25 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15-16 см чуқурликда, ўсимликдан 10-12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланиши лозим. Шундан сўнг майдондаги ўсимликларни биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб, кейин қондириб суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов биринчи ишловдан 25-28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади. Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5-6 кунда 1 сотих ерга 4-4,5 м3 ҳисобидан суғоришни талаб қилади. Кечки картошка ўсув даврида 8-10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2-3 ҳафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

Ўғитлаш. Картошка асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Картошка етиштирилганда 1 сотих ерга соф ҳолда 2,2 кг азот, 1,7 кг фосфор, 1,1 кг калий бериш керак.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Картошка ҳосилини оширишда экиладиган туганакларни йириклиги, шакли ва бошқа белгилари билан танлаб олиш муҳим тадбир ҳисобланади. Картошка ўсимлигида колорадо қўнғизи пайдо бўла бошлаганда қўнғизни қўлда териб чиқиш тавсия этилади. Қўнғизлар кўпайиб тухум қўя бошлагандан кейин кимёвий препаратлар қўлланилади. Бунда 10 сотих экин майдонига Каратэ 5% к. э. (10 мл), Конфидор 20% к. э. (5 мл); Моспилан 20% н. к. (20-25 мл); Суми-альфа 5% к. э. (50 мл) препаратлари 60-70 литр сувда яхшилаб аралаштирилиб пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Картошка туганаклари 25-30 см чуқурликда шаклланади, шунинг учун кетмон ёрдамида чуқурроқ ковлаб олинади. Бу даврда тупроқ нам бўлиши лозим. Шунда картошкаларни бешикаст йиғиштиришга эришилади.

Яна ўқинг:  КУЗ ВА ҚИШ ФАСЛИГА ОИД ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

 

Р. Ҳакимов, Б. Азимов

 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: