Олма экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Экиш учун тавсия этиладиган олма навлари: интенсив типдаги навлар – Беш юлдуз (Ред Делишес олмалари), Старкримсон, Фудзи; анъанавий навлар – Ренет Симиренко, Голден Делишес, Розмарин, Джонатан, Тошкент Боровинкаси ва ҳ. к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрга 6-10 кг гўнг, чиринди, 200-250 г фосфор, 100-120 г калий ва 150-200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25-30 см) ҳайдалади.

Олмани пайвандтагларига қараб экиш схемаси ўзгаради: кучли ўсувчи пайвандтагда – 6×5 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 5×5 м (шағалли-қумлик тупроқларда), ўрта бўйли пайвандтагда 5×4 м, паст бўйли пайвандтагда – 3×2,5 м. Бу ерда 3 м – кўчат қаторлари орасидаги масофа, 2,5 м – кўчатлар орасидаги масофа. Олма кўчатларини экиш муддати кузда ноябрь ойига, эрта баҳорда эса февралнинг охири-март ойининг бошларига тўғри келади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20-25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Ўрага 350-400 г фосфор, 30-40 г калий ўғити ҳамда 8-10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4-5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига янги тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 0,03 га бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонига олманинг ўрта бўйли эртаки, ўртаки ва кечки навларидан 2-3 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 0,06 га бўлса, ярмига сабзавот, қолган қисмига эса мевали дарахтлар, 0,10 га бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Яна ўқинг:  Саримсоқ етиштириш бўйича тавсиялар

Парваришлаш. Дарахтларга баҳорда ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3-4 дона асосий шох қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Иккинчи қават шохлари асосий шохлардан 30-40 см, биринчи қават шохларидан 25-30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу зайлда шакллантирилади. Шакл беришда шох-шаббаларнинг бир-бирига соя беришини олди олиниб, бир маромда сийраклаштирилади.

Дарахт ҳосил қилмайдиган йилида буташ тизими қуйидагича амалга оширилади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кучлироқ калталаштирилади, халқасимон мева шохлари сийраклаштирилади, мураккаб халқасимон шохлар калталаштирилади. Дарахтлар ҳосил берган йили новдалар 35-40 см ўсган эски шохларига тақаб қирқилади. Бир йиллик новдаларни қисқартириш ҳосил куртакларини кўпайишига олиб келади.

Томорқадаги олма дарахтларига 300-350 г азотли, 250-300 г фосфорли ва 200-250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2-3 йилда ўртача 50-60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади.

Бўз тупроқларда олма дарахтлари ўсув даври мобайнида 4-6 марта, шағалли ерларда 10-12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Олма дарахтига зараркунандалардан олма қурти (мевахўр), мева канаси, бинафша ранг қалқондор, касалликлардан ун шудринг, калмараз (парша), монилиоз зарар келтиради.

Бинафша ранг қалқондорга қарши эрта баҳорда куртаклар ёзилгунга қадар 5 фоизли Каратэ эм. к. пуркалади. Бундан ташқари, 17,5 фоизли Перфекто сус. к., 20 фоизли Багира эм. к. (10 сотих майдон ҳисобига 15-20 мл) препаратлари билан ишлов берилади.

Олма қуртига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус. к. (10 сотих майдон ҳисобига 15-20 мл), 5 фоизли Каратэ эм. к. (10 л сувга 3-4 г) қўлланилганда яхши самара беради.

Мева канасига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус. к. (10 сотих майдон ҳисобига 15-20 мл) пуркалади.

Олманинг калмараз (парша), монилиоз касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (10 л сувга 300 г мис купороси + 300 г сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликларга қарши тадбирлар дори воситалари куртаклар ёзилгунига қадар ўтказилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Олма навларининг пишиш муддати май ойининг охирларидан бошланиб, октябрь ойининг бошларигача давом этади. Одатда, эртаки олмалар қисқа муддат сақланади, улар бир теримда йиғиштириб олинади. Ўртаки ва кечки навларда терим бир неча марта ўтказилади. Ҳар бир нав пишган пайтида ўзига хос ранг ва тусга киради. Буни ҳосилни теришда инобатга олиш керак. Ҳосилни йиғиштиришда мевани бир қўл билан оҳиста ушлаб, мева бандига зарар етказмасдан узиб олинади. Терилган мевалар яшикларга жойлаштирилади. Яшиклар омборда сақлашга қўйилиши мумкин.

Яна ўқинг:  Қовуннинг шифобахш хусусиятлари

 

Ш. Аҳмедов

 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: