Танқидий ва таҳлилий фикр янги марралар учун мустаҳкам заминдир

Тинчлик-хотиржамлик ва саломатлик бу дунёда инсон учун тенги йўқ икки неъматдир. Шунинг учун ҳам кексаларимиз доимо дуога қўл очганда, аввало, юртга осойишталик, элга соғлиқ, омонлик тилашади. Чунки соғлом кишигагина дунёнинг нозу неъматлари татийди, кўнглига қувонч сиғади, келажакка ишонч билан қарайди. Бинобарин, халқимизнинг бахтли-саодатли яшаши, бугунидан рози бўлиб, эртасига катта умид боғлаши ўзи ва яқинларининг саломатлигига ҳар томонлама боғлиқ экан, бу тиббиёт ходимлари олдида ниҳоятда долзарб масалалар турганини англатади.

Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ҳамда ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузаси ва нутқида, учрашувларда халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондириш ниҳоятда зарурлигини таъкидламоқдалар. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашуви тизимнинг бугунги ҳолатини танқидий таҳлил қилиб, йиғилиб қолган масалаларни ҳал этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ўз навбатида, мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида ҳам аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар жараёнида мавжуд муаммолар очиқ-ойдин айтилди.

Қайд этилганидек, соҳада камчиликлар жуда кўп. Агар биз мавжуд муаммоларнинг ечимини бугун топмасак, эртага кеч бўлиши, таъбир жоиз бўлса, жиддий тус олиши ҳеч гап эмас. 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Инсон манфаатлари деганда, аввало, унинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши кўз олдимизда гавдаланади. Халқимизни тиббий хизматдан рози қилмас эканмиз, инсон манфаатларини таъминлаш хусусида фикр юритиш ҳам ноўрин.

Бугун замоннинг ўзи барчамизнинг олдимизга янги ва ғоят масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Шундай экан, энди рақам йиғиб, фақат ҳисобот тузиш йўли билан ишлаб бўлмайди. Ҳар биримиз фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши, қонуний талаб ва эҳтиёжларининг таъминланиши учун зарур шароитларни яратишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор.

Яна ўқинг:  “Йил боши” маросими қувончлари

Ушбу мақсадларда патронаж ва профилактик кўриклар орқали оилаларга кириб борган ҳолда, улар турмуши даражасини комплекс ўрганишнинг тизимли механизмини яратиш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Патронаж ҳамширалар ёрдамида ҳар бир оила аъзосининг ижтимоий ҳолати, саломатлиги, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиши, болалар тарбиясининг тўғри йўлга қўйилиши каби ишларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.

Аён бўлаяптики, албатта, ҳар бир раҳбар пастки бўғингача тушиб, муаммони ўз кўзи билан кўриб, ўргансагина ишда унум бўлар экан. Дастлабки натижаларни таҳлил қилиб, аҳолининг дардини, эҳтиёжларини ўрганиб, жуда кўп маълумотлар олдик. Дарҳақиқат, қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш, улар фаолиятини 24 соатлик режимда, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда иш вақтини узайтириш, патронаж ҳамширалар сонини кўпайтириш бугунги кун талабидир. Халқимиз эҳтиёжи шундай. Ушбу вазифаларни тўлақонли бажариш орқали аҳолини патронаж тизими билан тўлиқ қамраб олиш, касалликларнинг олдини олиш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, республикада ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан зарур миқдорда таъминлаш ишларини кўнгилдагидек амалга ошириш мумкин.

Учрашувларда Президентимиз тегишли мутасаддилар зиммасига соҳани ислоҳ қилиш бўйича вазифалар юклаган экан, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини вилоятлар аҳолисига яқинлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Ихтисослаштирилган ёрдамни чекка туманлардаги фуқароларимизга яқинлаштириш вақти келди. Энди ана шу марказлар мутахассисларининг ўзи ҳар бир туманга бориб, тиббий хизматга муҳтож аҳолига ўша ернинг ўзида кўмаклашади. Яъни ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларнинг вилоят ва туман миқёсидаги тиббиёт муассасалари билан узвий боғлиқлиги таъминланади.

Ҳақиқатан ҳам, яқинда Қашқадарё вилоятидаги ҳолатни жойига бориб ўрганганимизда ҳам ихтисослаштирилган марказларда даволаниш илинжида навбатда турган фуқароларимиз кўплигига яна бир бор амин бўлдик.

Ўз навбатида, вилоятларда ҳам ихтисослаштирилган марказларнинг филиалларини очиш кўзда тутилган. Шундай лойиҳалардан бири Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида қурилиши режалаштирилган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалларидир. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ушбу лойиҳалар бўйича зарур топшириқ,  тавсия ва кўрсатмалар берди.

Айтиш жоизки, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 150 ўринли Қарши филиалида йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мўлжалланмоқда. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тўпиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига олган марказ энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади.

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалида клиник-биохимик лаборатория, автоклав, поликлиника, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими, аритмология, артериал-гипертензия, юрак ишемик касалликлари, реабилитация, кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилади. 120 ўринли марказ жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Яна ўқинг:  ОТА ЯРАТГАН БОF, ФАРЗАНДЛАРГА САБОҚ

Шу ўринда бир нарсани алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу марказларни ташкил этишдан мақсад, Президентимиз таъкидлаганидек, аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, профилактика тадбирларини амалга ошириш ва тиббий маданиятни юксалтиришдир.

 Соғлиқни сақлаш ходимлари билан бўлган учрашувларда Президентимиз қуйидаги фикрларни қатъий таъкидлади:

 “Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”.

Ушбу ўринли талаб соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар бир бўғинига, шунингдек, тез тиббий ёрдам тизимига ҳам тааллуқли. Халқимиз ушбу хизматга қай даражада ишонади? Тез тиббий ёрдам, ҳақиқатан ҳам, амалда тезкорлиги, сифати билан ишонч қозона олаяптими? Мазкур саволларга жавоб излар эканмиз, тизимни янги босқичга олиб чиқиш давр талаби эканини чуқур англаб етдик. Бунда биз уни илғор тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда замонавий мобиль тиббий ускуна ва алоқа воситалари мавжуд бўлган тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳамда дори воситалари билан зарур миқдорда таъминлашга асосий эътиборни қаратмоқдамиз.

Давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида тўхталар экан, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тайёрлаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ҳамда мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам ўринли талабларни қўйди.

Билдирилган барча таҳлилий ва танқидий фикрлар эртанги кун учун, янги марраларни эгаллашимиз учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Бугун бизнинг асосий вазифамиз «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш йўлида ҳар биримиз ишимизни янгича асосда ташкил этиб, масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда фаолият олиб боришимиз лозим. Шундагина халқимиз биздан рози бўлади, Президентимиз таъбири билан айтганда, бизга ишонади.

 

Алишер ШОДМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: