Соғлом авлод – келажак асоси

Она ва бола саломатлиги мамлакат ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги даражасининг энг муҳим кўрсаткичидир. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда фаол ҳаётий позицияга эга соғлом, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни янада яхшилаш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида давлат тузилмалари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил 23 апрелдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси улар орасида муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда жамғарма аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга улкан ҳисса қўшмоқда. Жамғарма мамлакатимизда давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш билан бирга, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган олижаноб ғоя замиридаги эзгу мақсад ва вазифаларга мос келадиган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда.

Мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни амалга оширишда жамғарма фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида 2014 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатнинг Соғлом бола йилида қабул қилинганида ҳам рамзий маъно мужассам.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси Светлана ИНОМОВА билан жамғарманинг келгуси фаолияти хусусида суҳбатлашди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинишининг асослари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиб, фуқароларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга шароит яратиш, шунингдек, жамиятда манфаатлар мутаносиблигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Жамоат ташкилоти бўлган бизнинг жамғармамиз ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Ўқувчиларим умидим

Жамғарма ўз мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш учун давлатимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган тиббиёт, инсонпарварлик, тарбиявий ва инвестиция дустурларини самарали амалга оширмоқда. Бу борада жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 14 минтақавий филиали ҳамда 100 дан ортиқ таянч пункти фаолият юритмоқда.

Жамғарма томонидан аҳолига тиббий ёрдам, эзгулик ва меҳр-шафқат кўрсатиш, халқаро ҳамкорлик, маданият ва маърифат, соғломлаштириш ҳамда спорт йўналишларида амалга оширилаётган олижаноб ишлар асосий ва ягона мақсад – ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда хайрия фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб интернатлари тарбияланувчилари, ногирон болалар, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

Жамғарманинг кенг кўламли лойиҳалари самаралари, энг асосийси, ходимларнинг самимият ва меҳр-шафқатга йўғрилган фаолияти амалга оширилаётган ишларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, сўнгги беш йилда бевосита жамғарма кўмагида оғир туғма нуқсонли 118 бола Германия ва Жанубий Кореядаги етакчи клиникаларда даволанди, турли нуқсон билан туғилган 2 минг 200 дан ортиқ бола эса мамлакатимиздаги шифохоналарда муолажа олди.

“Friedensdorf International” (Германия) халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ногирон болалар ва кам таъминланган оилаларнинг бемор фарзандларини соғломлаштириш бўйича лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

2013 йилда юз-жағида туғма нуқсони бор 237 бола мамлакатимизда муваффақиятли операция қилинди. Шунингдек, ўтган йили “Чиройли оёқчалар” лойиҳаси доирасида туғма ортопедик нуқсонли 227 нафар болага жарроҳлик амалиёти қўлланилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 22 февралдаги қарорига мувофиқ, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан ўзига хос тиббий-ижтимоий патронаж тизими яратилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган кўчма бригадалар мутахассислари бу борадаги ишларни амалга ошириб келмоқда. Улар оилалар саломатлиги, руҳий муҳити ва ижтимоий-иқтисодий даражасини ўрганади. Сўнгги 16 йилда 3,2 миллиондан зиёд киши, асосан мамлакатимизнинг олис ва чекка туманларида истиқомат қилаётган аёллар ва болалар замонавий ташхис ва даволаш усуллари ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда соғломлаштирилди. Тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари бир вақтнинг ўзида аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқда. Бу борада мутахассислар билан суҳбатлар, маҳалла ва таълим муассасаларида маърифий тадбирлар ташкил этилаётир.

Яна ўқинг:  Муолажаси меҳрига пайванд

Бу шунчаки рақамлар эмас, балки ҳар бирининг замирида инсон ҳаёти ва тақдири, шунингдек, жамғарма ходимларининг хайрли ва эзгу ишларни амалга оширишга бўлган чексиз интилиши мужассамдир.

Ушбу янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат ва у “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси фаолиятида қандай аҳамиятга эга?

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жамғарманинг моддий-техник базасини мустаҳкамлайдиган ва тартибга соладиган асосий ҳужжатга айланди. Бу мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир. Мазкур қарор она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом авлодни тарбиялаш каби муҳим ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни бажаришдаги ваколатларимизни янада кенгайтирди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қарор билан “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди тўғрисидаги Низомнинг янги таҳрири қабул қилинди. Мазкур низомга биноан жамғарма бошқарувининг олий органи – иштирокчилар конференцияси тугатилди ва ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шу чоққача конференцияда жамғарма бошқаруви, бошқарув раиси, тафтиш комиссияси сайланиб, ижрочи директор тасдиқланар эди. Энди ушбу вазифалар жамғарма бошқарувининг бош органи – Васийлик кенгаши зиммасига юклатилди. Васийлик кенгаши таркибига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, молия институтлари, йирик компаниялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари киритилди. Унинг ваколати сезиларли даражада кенгайтирилди.

Масалан, Васийлик кенгашига жамғарма фаолияти, унинг амалдаги қонунчилик, жамғарма низоми ва Васийлик кенгаши қарорларига мувофиқлигини назорат қилиш, жамғарма низомига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни тасдиқлаш, Бошқарув ва тафтиш комиссиясини ташкил этиш, ташкилот пул маблағлари ва бошқа мулкларидан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш, бюджетни тасдиқлаш ва бошқа бир қатор ваколатлар берилган.

Янги қарорга мувофиқ, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вазифалари доираси кенгайтирилди. Жамғарма кўп болали оилалар, аёллар, ногиронлар, ногирон болалар, гўдаклар уйлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, “Саховат” ва “Мурувват” уй-интернатлари, махсус таълим муассасаларида истиқомат қилаётганларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатади. Перинатал, реабилитация ва скрининг марказлари, педиатрия даволаш-профилактика ва бошқа муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларни ривожлантиришга кўмаклашади. Жамғарма аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш, реабилитация, ногиронликнинг олдини олиш, шунингдек, онкология, силга қарши кураш муассасалари ва бошқа хизматларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий аҳамиятли касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича профилактика ишларининг самарали тизимини яратишга ёрдам беради.

Яна ўқинг:  XX аср ўзбек адабиётида Бобур сиймоси

“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди тўғрисидаги Низомнинг янги таҳририга мувофиқ, жамғарма бундан кейин ҳам хайрия фаолиятини давом эттиради. Фонд маблағлари келиб тушиш манбаларидан қатъи назар, низомда белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиш йўлида сарфланиши шарт. Шундан келиб чиқиб, фонд фуқаролар билан ҳуқуқий битимлар тузиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хайрия маблағларини, чет эл фуқаролари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг пул маблағлари, адабиёт ва санъат асарлари, илмий ва лойиҳавий ишланмалари, машиналари, ускуна ва жиҳозлари, иншоотлар ва бошқа моддий воситаларини жалб этиши мумкин. Бундан ташқари, давлат ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўз лойиҳалари ҳамда дастурларини амалга ошириш, кредит олиш, низомда белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида ташкилотлар ташкил этиш ва бошқа кўплаб ҳуқуқларга эга.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг ҳуқуқий мақомини ошириб, мақсад ва вазифаларини кенгайтирди. Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган Соғлом бола йилида дастурларимиз давом эттирилади. Аёллар, болалар ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни янада кўпроқ ташкил этишни режалаштирмоқдамиз.

ЎзА мухбири Меҳрибон МАМЕТОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: